ҚОСИМ ШАЙХ ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИНИ БИЛАСИЗМИ?

300


Туризм бугунги кунда энг сердаромад соҳалардан бири бўлиб, БМТ маълумотига кўра, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилмоқда.     Сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга мамлакатимизда ҳам ушбу соҳа жадаллик билан ривожланиб бормоқда.  Жонажон Ўзбекистонимизда жами 7,4 минг маданий мерос обьектлари мавжуд. Улардан бири Кармана туманидаги Қосим шайх ёдгорлик мажмуасидир. Хўш, ушбу мажмуа қачон Кармананинг “ташриф қоғози”га айланади? Навоий вилояти ҳокимлигининг “Дўстлик байроғи” газетасида чоп этилган мақолада шу ҳақда сўз боради.

КАРМАНАНИНГ “ТАШРИФ ҚОҒОЗИ”

ёхуд Қосим шайх ёдгорлик

мажмуасига қачон турист келади?

      Ривожланган ёки ривожланиб бораётган давлатлар иқтисодиётининг асосий ва етакчи тармоғи, шубҳасиз, туризмдир. Маълумотларга кўра, Туркия ҳар йили туризмдан 25-30 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўради. Ёки 2018 йилда Таиландга 38,27 миллион нафар ҳорижий сайёҳ борган. Ушбу давлат жорий йилда туризмдан қарийб 70 миллиард доллар даромад олишни кўзлаяпти.

    Туризм бугунги кунда энг сердаромад соҳалардан бири бўлиб, БМТ маълумотига кўра, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилмоқда.

      Сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга мамлакатимизда ҳам ушбу соҳа жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Президентимизнинг жорий йил 5 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2019- 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш  Концепциясида келтирилишича, турзм хизматлари экспорти ҳажми 2017 йилда 546, 9 миллион, 2018 йилда эса 1 041 миллион долларни ташкил этган. 2018 йил якунлари бўйича республикамизга 5,3 миллион хорижий туристлар ташриф буюрган. Бу рақамларнинг ўсиш динамикаси, албатта, қувонарли ҳол.

      Жонажон Ўзбекистонимизда жами 7,4 минг маданий мерос обьектлари мавжуд. Улардан бири Кармана туманидаги Қосим шайх ёдгорлик мажмуасидир. Хўш, ушбу мажмуа қачон Кармананинг “ташриф қоғози”га айланади?

НИГОҲЛАРДАН ЯШИРИЛГАН МУҲТАШАМ ТАРИХ

2018 йилда вилоят ва туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан мажмуада катта ишлар амалга оширилди. Яқин вақтгача ҳатто маҳаллий аҳоли Кармананинг Навоий шаҳрига туташ қисмида жойлашган ушбу мажмуанинг “чеҳраси”дан баҳраманд эмасди: йўл ёқасидаги дарахтлар муҳташам тарихни нигоҳлардан яшириб қўйганди. Ҳозир-чи? Кундузими, тундами, қай маҳал ўтманг кўз олдингизда гавдаланади, унинг гумбази атрофга нур таратиб турибди. Тажрибали усталар меҳнати эвазига бино пойдевори мустаҳкамланди, хонақоҳ гумбази, эшиклари қайта таъмирланди, ёдгорликнинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини узоқлаштириш мақсадида ҳовуз барпо этилди. Зиёратчилар ва намозхонлар учун барча шароитлар яратилди. Қанчадан қанча яхши одамларнинг ҳиссаси қўшилди бу ишларга. Албатта, буларнинг бари шу юрт фарзандларига ғурур бағишлайди. Мажмуада мангу қўним топган Қосим шайх Азизоннинг ҳаёти ва амаллари эса маънавий ҳаётимизга дахлдордир.

ТУРИСТ “СТРЕЛКА”ГА ҚАРАБ ЮРМАЙДИ

    Юқорида таъкидлаганимиздек, 2018 йилда юртимизга 5,3 миллион хорижий туристлар ташриф буюрган. Уларнинг, ҳеч йўқса, тенг ярми азим Бухорони кўриш учун Кармана марказидан ўтганлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Хўш, улар нега Қосим шайх мажмуасини кириб кўришмаган? Ахир, мажмуа улар ўтадиган йўлдан нари борса 2 километр масофани ташкил қилади-ку! Бу фикримизга “Улар туристик харита асосида юришади, харитага киритилган манзилларгагина боришади” дегувчилар ҳам топилар балки. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. “Биз шу жойни бориб кўрамиз” дейишса, уларга ҳеч ким қаршилик қилмайди.

       Аслида ҳамма гап тарғибот ва рекламада. Афсуски, йўл белгиси каби ўрнатиб қўйилган ва жой номи ҳамда “стрелка”дан иборат бўлган “кўргазма”ни сайёҳларга ўз номи билан кўргазмай қўяқолган яхши. Улар “стрелка”га қараб юришмайди.

“YOTUB”НИ ЁТИБ КЎРГАНЧА…

  Интернетдан фойдаланиш маданиятимиз ҳали “ўтиш босқичида” шекилли. Кўчада жанжалми, автоҳалокатми ёки бошқа нохуш ҳолатнинг гувоҳи бўлсак, уни дарҳол уяли телефонимизга видеога олиб, интернетга “ташлаб” юборамиз. Шунақа “ташландиқлар” билан тўлиб бораяпти бу интернет деганлари ҳам. “Yotub”ни ётиб томоша қиламиз.

     Аслида, интернет орқали туризмни ривожлантиришга чўнтагида уяли телефони бўлган ҳар бир фуқаро ҳисса қўшиши мумкин-ку!

     Масалан, вилоятимизда туризмни ривожлантиришга масъул мутасаддилар ёш ҳаваскорлар ўртасида “сайёҳларни жалб қилувчи энг яхши видеоролик” мавзусида танлов ўтказиши мумкин. Топширилган ишларнинг энг сараларини танлаб олиб, уни турли чет тилларда интернетга жойлаштириш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш учун наҳотки алоҳида чора-тадбир ёки ортиқча маблағ талаб этилса?! Ҳозирги тезкор замонда реклама ва маркетингнинг яна кўплаб арзон ҳамда қулай турларини ўйлаб топса бўлади, аслида. 

    Президентимизнинг юқоридаги фармонида таъкидланганидек, сайёҳларни мавжуд туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлашни ташкил этиш даражасининг пастлиги, ички туризмни, мамлакат ҳудудларидаги маданий мерос объектларининг ва зиёратнинг ўзига хосликларини тарғиб қилиш бўйича маркетинг компанияларининг самарасизлиги туризмни жадал ривожлантиришга салбий таъсир қилмоқда. Айтиш мумкинки, Қосим шайх мажмуасига туристлар оқимининг келмаслигига ҳам айнан шу омил сабаб бўлаяпти.

БАРЧАСИ НИЯТГА БОҒЛИҚ

   Ҳар қандай тахмини ортида ҳам маълум маънода ҳақиқат мавжуд бўлади. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, барчаси ниятга боғлиқ.

    Келинг, шу ўринда тахминга асосланган оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик: юртимизга ташриф буюрган 5 миллион 300 минг нафар сайёҳнинг ярми, яъни 2 миллион 650 минг нафари Бухоро ва  Хивага бориш учун йўл транспорти орқали Кармана ҳудудидан ўтса, Қосим шайх ва Мавлоно Ориф Деггароний мажмуалари, Работи Малик карвонсаройи ҳамда унинг ёнидаги Сардобада тўхтаб, ушбу обидаларни томоша қилса бу бизга қанча фойда келтириши мумкин? Уларга хизмат кўрсатиш орқали қанча маблағ ишлаб топса бўлади? Агар уларнинг ҳар бири 10 долларни Кармана ҳудудида сарфлаб кетса, бу 26, 5 миллион доллар бўлар экан.

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ҚАЧОН ЯХШИЛАНАДИ?

Хизмат кўрсатиш сифати ёндош инфратузилма ҳам туристлар эътиборидаги масала. Афсуски, Қосим шайх мажмуаси бу борада мақтангулик эмас. Сабаби, унинг атрофида умумий овқатланиш объектлари кўнгил очар масканлар индустрияси, маданий ва спорт муассасалари , туристик намойиш объектлари мавжуд эмас. Бу маблағ талаб этиладиган масала. Бироқ М-37 йўлидан то мажмуагача кириб келинадиган ички йўлнинг икки томонидаги савдо масканларию бошқа объектлар, уларнинг олдидаги  ободонлаштириш ишлари эса, афсуски, сайёҳларга “кўз-кўз” қилгулик эмас.

      Албатта, бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.

    Бир сўз билан айтганда, туризмни ривожлантириш, сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш бўйича вилоятимизда ишлаб чиқилаётган дастурлар қоғозларда қолиб кетмаслиги зарур. Шундагина бу соҳада ўйлаган мақсадимизга етамиз.

Руслан САБУРОВ,

“Кармана” овози газетаси муҳаррири

2019 йил 22 февраль, 16-сон

“Дўстлик байроғи” газетаси

Бошқа хабарлар