125

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фармойиши 

Ўзбек миллий мақом санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, унинг ноёб намуналарини кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада ошириш, шунингдек, навбатдаги Халқаро мақом санъати анжуманига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391-сонли қарори билан Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган Халқаро мақом санъати анжуманини (кейинги ўринларда Анжуман деб юритилади) иккинчи марта 2020 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3656-сонли қарори билан тасдиқланган Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага қуйидаги вазифалар юклансин:
Анжуманга тайёргарлик кўриш ишларини 2019 йилнинг апрель ойидан бошлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўтказилиши режалаштирилаётган Анжуманнинг аниқ саналарини2019 йилнинг декабрь ойига қадар белгилаш;
2019 йил 1 апрелдан бошлаб республика ва жаҳон миқёсида Анжуман тарғиботини ташкил этиш, унинг доирасида ўтказиладиган танлов шартлари ва илмий-амалий конференция мавзусини эълон қилиб бориш;
2020 йил 1 июнга қадар республикамиз ҳудудларида мақом ансамблларининг концерт дастурлари, “Ёш мақом ижрочилари”, бастакорлар ўртасида “Мақом йўлида яратилган энг яхши асар” каби номинациялар бўйича республика танловлари ҳамда таниқли мақомшунос олимлар, тажрибали мақом ижрочилари иштирокида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш ва ўтказиб бориш;
2020 йил 1 августга қадар Анжуман доирасида “Мақом санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференция дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, Анжуманда иштирок этадиган хорижий ҳамда маҳаллий мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш;
Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейини ушбу санъатга оид тарихий, илмий-ижодий манбалар, қадимий ва замонавий чолғу асбоблари ва бошқа янги экспонатлар билан бойитиш чораларини кўриш;
Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Ўзбек миллий мақом санъати маркази Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2020 йил 1 апрелга қадар Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқласин.
4. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:
икки ой муддатда Шаҳрисабз шаҳрида Анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотлари ва ижтимоий объектлар барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши;
2020 йилнинг 1 августига қадар Шаҳрисабз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши, Анжуман ўтказиладиган саҳна ва майдонларнинг талаб даражасида тайёрланиши;
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Шаҳрисабз шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг март ойига қадар замонавий сервис хизмати кўрсатиш имкониятларини ўзида жамлаган, барча қулайликларга эга замонавий бинолар, хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, меҳмонхоналар қурилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2020 йилнинг август ойига қадар Шаҳрисабз шаҳри телекоммуникация тармоқларини Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш талабларига мослаштириш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигиҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Шаҳрисабз шаҳри туризм инфратузилмаларини ривожлантириш мақсадида кредитлар ва инвестицияларни жалб этиш чораларини кўрсин, шунингдек, хорижий мамлакатлар ва компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйсин;
Қашқадарё вилояти ва мақом санъатининг туризм соҳасидаги реклама-ахборот тарғиботини амалга оширсин;
меҳмонхона сервис хизматчилари ва гидларнинг сифатли фаолиятини ташкил этсин.
7. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ўз тизими учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 2020 йил 1 апрелга қадар таниқли мақомшунос олимлар, мақом бастакорлари ҳамда ҳофиз ва созандаларининг ибратли илмий, ижодий фаолияти тўғрисида туркум ҳужжатли фильмлар яратсин ва уларнинг намойишини ташкил этсин.
8. Ўзбек миллий мақом санъати маркази Анжуманни бадиий ва ижодий жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш мақсадида ўзбек мақоми ва бошқа халқларнинг турдош мусиқа жанрларини қамраб олган хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотлари ҳамда марказлари билан мунтазам ижодий ҳамкорлик ўрнатсин.
9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри

,2019 йил 26 февраль

Бошқа хабарлар