ҚИЁМАТ ҚАРЗ

145

Уруш
йиллари
. Фронтга йўл олаётган йигит кетиш олдидан дўстига ўз
оиласи ва унинг бола-чақаси таъминоти учун буғдой қолдириб кетади. Жаҳаннамга
айланган талотумдан ярим жон бўлиб қишлоғига қайтиб келган аскар дўсти
омонатига хиёнат қилмаганига гувоҳ бўлади… Журналист Сайфулла Икромовнинг иймон,
инсоф ва ҳалоллик хақидаги мақоласи ўқувчини чуқур мулоҳазага чорлайди.

Мақолани қуйида тўлиқ ўқинг.

 

ОМОНАТГА… ХИЁНАТ

…Уч фарзанд, саккиз етим жиянининг
бошини силаётган Ҳодихўжа урушга кетадиган бўлди. Шунинг учун оиласи учун
егулик захирасини ғамлашга аҳд қилди. Урушдан қайтадими-йўқми – ёлғиз худога
аён.

Ҳодихўжа сира тиним билмасди.
Хўжаликнинг қаровсиз ётган, сув чиқмайдиган адирларига буғдой экиб, яхшигина
хирмон кўтара бошлаганди. Ўша йиллари одамларни очликдан сақлаш учун ҳукумат
лалмикор майдонларга ғалла экиб олишга рухсат берганди. Ҳосилдан бир қисмини
давлатга топширсангиз бўлди, қолгани ўзингизники. Ҳамма ҳам бу ишни эплай
олмас, ҳали ер ағдаришга от, ҳали сепишга уруғ тополмай сарсон эди. Ҳодихўжа
иқтисодни яхши билади, хонадонидаги ҳар бир кишини тежамкорликка ўргатган. Шу
боис одамлар бир пиёла ун сўраб юрган кезларда ҳам унинг омбори ғаллага тўла
бўларди. Каттагина майдонга мош, нўхат экиб қўйибди. Ҳосилини хотини билан
болалари амаллаб йиғиштириб олишади. Аммо эккан буғдойини йиғиб-териб, ишончли
жойга яшириб кетмаса, ўғрилар талон-торож қилиши аниқ. Қаҳатчилик замонида
тактак териб юрганлар қанча. Кўпчилик тактакдан бўлган қотирмага ҳам
етолмаяпти.

Бу йил баҳор жуда серёғин келди. Осмондан
Аллоҳнинг баракаси ёғилди. Ғалланинг ҳосили роса мўл бўлди. Буям болаларининг
ризқи. У экин далаларини куну тун ўғри ва қушлардан қўрий бошлади. Буғдой
бошоқлари шу қадар бўлиқки, қўлинг тегиши билан тўкиламан дей­ди. Урушга яроқли
эркакларнинг бари фронтда. Қишлоқда чоллар ва аёлларгина қолган. Дўсти Матюсуф
отдан йиқилиб, бели майиб бўлди. Шунча даво қилса ҳам, ўзига келолмади. Охири
тақдирга тан бериб, молнинг орқасидан юрибди. Ҳодихўжа кўп йиллик қадрдонига
қаттиқ ишонади: бироз шошқалоқ бўлса-да, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаган.

Ҳодихўжа тузган режасини амалга ошириш
учун Матюсуфнинг олдига борди.

– Фронтга кетаётган эмишсан, – деди
ҳорғин жўраси. – Мениям олиб кетсанг, немисларни бир адабини бериб қўярдим-да.

– Сен учун ҳам ўзим жанг қиламан, – деди
Ҳодихўжа унга тасалли берганча. – Фашистларни келган жойигача қувиб бормасам,
юрган эканман. Сен эса менга бу ерда кераксан. Эшикни ёпайин, маслаҳатли иш
чиқиб қолди.

Матюсуф дўстига синчков қаради.

– Мен қачон қайтаман, худо билади.
Шунинг учун иккаламизнинг рўзғоримиз учун ғалла жамғариб қўйсак.

– Буғдойинг шунчалик кўпми?

– Ҳар ҳолда, икковимизнинг оиламизга
етади. Лалми майдонлардан анчагинасига ғалла экканман. Ҳосили роса мўл бўлди.
Шуни йиғиштириб ўрага жойласак, агар тежаб ишлатилса, бемалол икки йилга
боради.

– Марқа момонинг бўйрасидан тўшасак,
сира-сира нам ўтмайди, – унинг гапини маъқуллади Матюсуф.

– Сен бўйрани суриштирасан. Тайёри йўқ
бўлса, тўртта яхши бўйра тўқисин. Хизмат ҳақига бир халта буғдой берамиз. Иложи
бўлса бултурги қамишдан тайёрласа, жуда пишиқ бўлади. Бу йилги қамишлар ҳали
яхши қотгани йўқ.

– Ўрани қаердан қазамиз. Ўғрилар билиб
қолса, олдириб қўяман. Олдингидай кучим йўқ, оғайни…

– Ҳеч кимга чурқ этмайсан. Кечаси
ишлаймиз. Катта уйингнинг тагини ковлаб, бор буғдойни ўша ерга тўкамиз. Буни
хотининг ҳам билмасин. Аёлларнинг оғзи бўш, бир жойда лаққиллаб қўйса, худо
урди деявер. Токи буғдой тамом бўлгунча, қаердан олаётганингни айтмайсан. Акс
ҳолда, ўғрилар бир кечада сени ўлдириб, буғдойни талаб кетишади.

Матюсуф ўзи учун алоҳида меҳмонхона
қурган, чавандоз дўстлари келганда шу ерда қўноқ бўлишарди. Икки оғайни туни
билан меҳмонхонадан ўра ковлашди. Марқа момо бир халта буғдойнинг дарагини
эшитгач, айтилган ўлчамларга қараб, эски қамишдан саккизта пишиқ бўйра тўқиб
берди. Ғалланинг тагига икки қават тўшалса, нам мутлақо ўтмайди, дон кўкариб
кетмайди.

Ҳодихўжанинг таклифига кўра иккита катта ўра қазишди. Жой тайёр бўлгач, жиянлару болаларини олдига солиб, буғдойзорга жўнади. Эски чопонни кийиб олиб, туну кун ғалла ўрди. Даланинг ўзида эшаклар билан янчиб, донини совуриб, қопларга жойладилар. Ҳодихўжа ғаллани хўжаликка топшириш кераклигини айтиб, жиянларига жавоб бериб юборди. Ярим тунда икки оғайни қопларни эшакларга ортиб, Матюсуфникига олиб келишди. Ғалла челак билан иккига бўлиниб, ўраларга жойлаштирилди. Матюсуф баландликда яшашни яхши кўради. Шу боис қишлоқнинг ёнидаги тепаликдан ўзига уй солганди. Тепаликда қазилган ўрада ғалла кўп йил ўз ҳолича туради. Доннинг тагидан ҳам, устидан ҳам бўйра тўшаб қўйсангиз бўлди. Кейин озгина тупроқ ёйилиб, суваб қўйилса, олам гулистон. Лойсувоқ қуриб, Матюсуф уйга кириб олгач, Ҳодихўжанинг кўнг­ли таскин топди. Икки дўст тонг отгунча суҳбат қуришди, ёшликларини эслашди. Шунча йил дўст бўлиб, бирор марта ҳам бир-бирини алдамаган экан. Ана шуниси дилларга ором беради. Ҳаётда кимдир сенга ишонса, сен ҳам дўстингга содиқ бўлсанг, умринг дафтарига садоқат ва вафо, дўстлик ва меҳру оқибатдан битилажак сатрлар қалбингга қувонч бағиш­лайди.

Эртаси куни Ҳодихўжа нон халтасини
елкага осиб, урушга жўнайдиган бўлди. Кетар чоғида дўстининг олдига келиб,
қайта-қайта тайинлади.

– Менинг давлатим – сенинг давлатинг.
Биз бир умр содиқ дўст бўлишга қасамёд қилганмиз. Шундай экан, мен сенга ёрдам
беришга ҳақлиман. Битта ўрадаги ғалла сеники. Худо хоҳласа, икки йилгача етади.
Иккинчи ўрадаги донни менинг оилам­га оз-оздан бериб турасан. Ўзингга эҳтиёт
бўл, бу сир иккимизнинг ўртамизда қолсин.

– Айтганингдай қиламан. Токи мен тирик
эканман, болаларинг оч қолмайди. Сенга хиёнат қилиш менга ўлим билан баробар.

– Илтимос, болаларим, сағирларим – бу
дунёдаги энг яқин кишиларим. Уларсиз менга дунёнинг кераги йўқ. Ўлмай қайтсам,
бир умр хизматингда бўламан. Бола-чақамни сенга, сени худога топширдим.
Омонатни эҳтиёт қил!

Матюсуф молини, оиласини унга омонат
ташлаб кетаётган дўстини бағрига босар экан, кўз ёшларини тия олмади.

– Тангри ёр бўлсин! Бевақт ўлимдан
Тангрининг ўзи асрасин!

…Ҳодихўжа жаҳаннамга айланган талотумдан
ярим жон бўлиб қишлоғига қайтиб келганида ҳамқиш­лоқларининг деярли ҳаммасидан
“қора хат” келганини эшитди. Кимдир ҳалок бўлган, яна кимдир бедарак йўқолган.

Хотинининг айтишича, нўхат-мош кунларига
ора кирибди. Энди тактак териб амаллаб кун кўришаётган экан. Нозима белини
бойлаб, болалари билан сағирларни далага бош­лаб чиқибди. Меҳнат ҳақига
колхоздан озроқ ғалла олишибди.

– Матюсуф жўрам соғ-омонми? – сўради
ҳовлиқиб Ҳодихўжа. – У сизларга ҳеч нарса бермадими?

– Қандай берсин, бечоранинг болалари очликдан
қийналиб кун кўряпти-ку. Улоқчи отиниям сотиб юборган эмиш. Ҳозир аҳволи яхши
эмас. Анчадан буён касал ётибди. Бир кўриб келинг, анча далда бўлади. Ахир,
қиёматли дўстингиз.

 Ҳодихўжа янтоқзор оралаб тез-тез
юриб кетди. Наҳот Матюсуфни ўғри урган бўлса. Айтувдим-а, оғзинг­га маҳкам бўл,
деб. Қарисаям одам бўлмади бу нодон.

Матюсуфнинг хотини зўрға эшикдан чиқиб
келди. Кўзларида ёш билан Ҳодихўжани қарши олди. Мат­юсуф ётган хонани
кўрсатаркан, индамайгина ортига бурилди.

Бир пайтлар қишлоқ кўчаларини тўлдириб,
гуриллаб юрган чавандоз Матюсуф ранглари оқариб, қуруқ суякка айланиб қолибди.
Ошнаси эшикдан пайдо бўлиши билан тилга кирди:

– Ўзингга шукр, Парвардигор, мени юз
қаролиғдан асрадинг, армон билан ўлмадим.

– Матюсуф, сенга нима бўлди? Нега бундай
аҳволга тушиб қолдинг, ахир…

– Ҳодивой, бормисан, оғайни! Сени қайта
кўраман деб ўйламовдим. Эсон-омон келдингми? Йўлларингга қанчалик термулганимни
билсанг эди. Шунчаям куттирасанми? Сенга омонатингни топширмасдан кўзим
юмолмаслигини наҳот билмасанг.

– Нималар деяпсан, Матюсуф. Қандай
омонат? Тушунтириб гапирсанг-чи мундоқ?

– Мана, менинг тагимда ўша омонат. Сен
қайтиб келмагунингча, омонатингга қўл ура олмадим. Дўстимнинг молига хиёнат
қилгандан кўра очликдан ўлганим яхши дедим.

– Ахир мен сенга нима дегандим. Нега
бундай қилдинг? Эсингни еб қўйибсан, жўра.

 Аввалига ишонмади, ғаллани ўғрилар талаб кетгандир деб ҳам ўйлади. Кейин беморни кўрпа-тўшаги билан даст кўтариб, бир чеккага қўйди-да, телбаларча уйнинг тагини ковлай бошлади. У ҳеч нарсани сезмас, қонталаш қўллари билан тупроқ ва бўйра парчаларини ҳар томонга итқитарди. Кўп ўтмай, дўстига ишониб ташлаб кетган ғалла кўринди. Қарангки, шунча вақт ўтган бўлса-да, хирмондагидай турибди.

Шунча йил минг азобда яшаб, фронтда
ҳалок бўлган дўстларини ўз қўли билан тупроққа қўйиб кўзига ёш келмаган
Ҳодихўжа бу гал ўзини тутолмади. Қўл ҳам теккизилмаган ғаллани чангаллаганча
ўкириб юборди.

Матюсуф қанча қаршилик қилмасин,
ғалланинг тенг ярмини унга қолдириб, қолганини уйига ташиб кетди. Ҳодихўжа
дўстини даволатиш учун бормаган жойи қолмади. Тоғлардан гиёҳлар териб келиб,
димламалар қилиб ичирди, белангига фойда берадиган дори-дармонларни топиб
келди. Матюсуф отга минолмаса-да, оёққа туриб кетди. Болаларига бош бўлиб, кўп
йил яшади.

Эвоҳ, бола-чақаси очликдан азоб
чекаётган, ўзи оғир хасталикдан қийналаётган бўлса-да, Матюсуф ака дўстининг
омонатига хиёнат қилишни гуноҳи азим деб билган экан…

Раҳматли отам айтиб берган бу ҳикояни
ҳар гал эслар эканман, қалбимни жавобсиз бир савол тирнаб ўтади. Биз иймонли,
инсофли ва ҳалол инсонларнинг авлодларимиз. Бир кун паймонамиз тўлгач,
аждодларимиз ҳузурига ана шундай ёруғ юз билан қайта оламизми?

Сайфулла
ИКРОМОВ

2019 йил, 28 февраль 8-сон,

“ХXI АСР” газетаси

Бошқа хабарлар