Алдагани газетхон яхши (ми?)

243

Матбуот жамият кўзгусидир. У нафақат янгилик жарчиси, балки маънавий оламимизнинг бойишига ҳам хизмат қилади. Бошқаларни билмадим-у, аммо мен бўш вақтимни газета ўқишга бағишлайман. Ўтган йили обуначи ташкилотдан «тилим куйган»и учун бу йил танловни бошқачароқ қилдим.

Ўзимга севимли бўлиб қолган нашр – «Ishonch» – «Ishonch – доверие» газеталарига «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг Самарқанд филиали орқали обуна бўлдим. «Яхши-ку!» дейишга шошилманг. Чунки бу йил ҳам алданиб қолганга ўхшайман. Биз билган, ишонган почта хизмати аввалгиларга сира ўхшамайди.
Нега дейсизми? хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, почтачилар ўтган икки ой мобайнида атига бир дона «Ishonch», бир дона «Ishonch – Доверие» газетасини келтириб беришди. Ташкилот мутасаддилари даставвал «газета кечикиб келаётир», қабилидаги жавоб билан мени юпатишди. «Қасди-басти»га олаверганимдан сўнг «барини тўплаб олиб бориб берамиз», дейишганига ҳам бир ҳафта бўлди. Бироқ ваъда бажарилмади.
Мени эса бир савол қийнамоқда: Обунадан тушадиган маблағдан «жон сақлаш» учун фойдаланиб келаётган почтада қачон тартиб ўрнатилади?

Баҳриддин ЮСУПОВ,
«Самарқандкимё» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар