ПОДАДАН ОЛДИН ЧАНГ ЧИҚМАСИН

432

ёхуд 202 730 сўм машмашаси


Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари янги талаблар асосида ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтмоқда. Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишнинг пуллик бўлиши кўпчиликни қизғин баҳс юритишга мажбур қилди. Бектош Исмоиловнинг мақоласида ушбу баҳсларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

202 730 СЎМ БИЗГА ОҒИРЛИК ҚИЛАДИМИ?

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов барча саволларга ойдинлик киритди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz. сайтига жойлаштирилганига ҳам икки ҳафтадан ошиб қолди.

Тан олиш керак, қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин ва кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишнинг пуллик бўлишини, яъни ўтган йили ва ундан олдинги йилларда мактабни битирган абитуриентлар энг кам  иш ҳақининг 1 баравари миқдорида, яъни 202 730 сўм пул тўлаши лозимлигини, қўшимча учта фандан иборат “мажбурий блок”нинг жорий этилишини эшитган юртдошларимиз орасида турли эътирозлар пайдо бўла бошлади.

Ёшлар, айниқса ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлган  саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида кенг жамоатчиликни қарор лойиҳасининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр ва таклифларга муносабат билдириш мақсадида матбуот анжумани ўтказди.

Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди. Ўтган йили мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари янги талаблар асосида адолатли, шаффоф ва очиқ тартибда ўтказилган эди. Бу усул ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. 2019-2020 йилда ҳам 2018 йилдаги тажрибани давом эттирган ҳолда тест синовларида ёшлар учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида қарор лойиҳасида бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.

Энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган ҳужжат топширишнинг пуллик бўлиши билан боғлиқ масалага Давлат тест маркази директори Мажид Каримов ойдинлик киритди. Унинг таъкидлашича, абитуриент ўзи яшаб турган тумандаги Давлат хизматлари марказлари орқали юртимиздаги исталган олий ўқув юртига ҳужжат топшириши ҳамда ўзи яшаётган вилоят марказида тест синовларида иштирок этиши мумкин. Бу ортиқча оворагарчиликлар ва харажатларни камайтиради.

Бир ҳисобдан тўғри: абитуриент тест синовига қадар пойтахтдаги ёки вилоят марказидаги олий ўқув юртига бир неча марта келиб кетиши лозим бўлади. Бу жараёнда унга ота-онаси ёки бирор яқини ҳамроҳлик ҳам қилади. Ўз-ўзидан йўлкира, тураржой ва озиқ-овқат билан боғлиқ харажатлар юзага келади ва бу харажатлар 202 730 сўмдан уч-тўрт баравар ошиб кетади. Масаланинг бу томонини ҳам эътиборга олиш керак.  

Шунингдек, матбуот анжуманида жорий йилда мактаб, коллеж ва лицейларнинг битирувчилари учун тест синовлари мутлақо бепул бўлиб, энг юқори баллнинг 30 фоизи ва  ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат берилиши ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиш учун имконият яратилиши кўзда тутилаётгани қайд этилди. Аввалги йилларда ўқишни тугатган абитуриентларга эса тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг бир баробари – 202 730 сўм миқдорида тўловни амалга ошириш тартиби таклиф қилинаётгани таъкидланди.

Абитуриент ўзи яшаб турган ҳудудда ҳужжат топшириши ва ўз вилояти марказида тест синовидан ўтишини ва 30 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентга уч йилгача бепул ҳужжат топшириш имконини тақдим этувчи сертификат берилишини инобатга олсак, бу айрим юртдошларимиз ваҳима қилаётган даражада хато қарор эмаслиги англашилади.

Абитуриентлардан тушган тўловлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган, деди мутасаддилар. Ушбу маблағлар биноларнинг ижара тўловига, катта қувватли кондиционерлар, шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи (глушитель), бармоқ изларини текширувчи металлодетекторлар ва бошқа зарурий анжомларни харид қилишга йўналтирилади. Шунингдек, тўрт мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадиган иш ҳақи,  тест материалларини сифатли тайёрлаш, ўз вақтида белгиланган жойларга етказиб бериш, олиб келиш, сақлаш харажатлари ҳам шу маблағлардан қопланади.

Тест синовларига тўловни жорий этиш таклифи амалда тайёргарликсиз келаётган, билимсиз ва ғаразли мақсад билан иштирок этаётган абитуриентлар сонининг ва тест синовлари жараёнида ўзгадан ёрдам олиш ёки ёрдам бериш ҳолатларининг камайишига олиб келади.

– Ушбу қарор лойиҳасида абитуриентларнинг яшаётган манзилидан рўйхатдан ўтиб, тест синовларини ҳам вилоят марказида топширишидан хурсанд бўлдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида истиқомат қилаётган ўқитувчи Қамара Қаллиқиличева. – Қарор лойиҳасининг бу банди ҳақиқатан ҳам ортиқча оворагарчиликлар, харажатларни камайтиради. Ўтган йили ўғлим уч йилдан бери ҳаракат қилиб киролмаётган Тошкент молия институтига ўқишга кирди. Тест синовлари адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилганлигини гапириб ўтирмайман. Бироқ Тошкентга  уч киши бўлиб имтиҳонга келиб кетиш харажатлари олис юртдагиларга жуда билинади-да. Чунки имтиҳон баҳона таксилар ҳам ўша пайти йўлкира ҳақини икки бараварга ошириб олишади. Бу йил ҳам коллежни битираётган қизимнинг ҳужжатларини Ўзбекистон жаҳон тиллари университетига топширишини мўлжаллаб, келиб-кетиш харажатларига 3 миллион сўмни чамалаб турган эдим. Қарор лойиҳасининг ушбу банди биз каби олис вилоятларда яшаётган ота-оналарга маъқул келиши аниқ. Фақат тест фанлари мажмуасининг икки бўлимга ажратиб барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фаннинг (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) киритилиши яна қўшимча харажатларни келтириб чиқармасмикан деган хавотирдаман. Ҳар бир фанга ойига 200-300 минг сўмдан репититорга пул беришга ҳамманинг ҳам шароити кўтармайди. Ўзи учта фанни зўрға ўзлаштираётган қизимга қараб қўшимча математика фанидан ҳам тайёрланишини ўйласам, раҳмим келиб кетяпти. Шундоғам қизим бечоранинг кўзлари киртайиб қолган. Бу янгиликни эшитиб қандайдир умидсизликка тушиб қолгандек бўлди бояқиш. Қарор лойиҳасининг мана шу бандини юқоридагилар яхшилаб ўйлаб кўришлари керак назаримда. 

– Фарзандининг билимига ишонган ота-она биринчи йилиёқ адолатли йўл тутилиши, шаффофликни таъминланиши учун ўша бандда келтирилган энг кам иш ҳақининг бир баробарини оғринмай тўлаши мумкин, – дейди Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида истиқомат қилаётган шифокор Чоршанби Тўхтамишев. – Лекин аввалги йилларда ўқишни битириб, имтиҳон топширмоқчи бўлган абитуриентларнинг ота-онасига икки ҳисса қийин бўлади. Биринчи йил ҳужжат топширган абитуриент бир йўла учта олий таълим муассасасига кириш учун танловда иштирок этиш имкониятига эга бўлиши, имтиҳоннинг эртасигаёқ жавобларнинг эълон қилиниши тўланаётган суммага арзирли иш бўлар, барибир бирданига икки нафар фарзандини ўқитмоқчи бўлган ота-онага бу оғирлик қилади. Давлат тест маркази директори ўринбосарининг берган маълумотига кўра, қарор лойиҳаси ҳали халқ муҳокамасида. Вазирликлар билан келишув ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили 814 минг абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улардан 82 минг нафари ўқишга қабул қилинган. Жорий йилда 744 минг нафар битирувчи ҳамда ўтган йили ўқишга кира олмаган 600 мингга яқин абитуриент ҳисобга олиниб, жорий йил тест жараёнларида умумий контенгентнинг 1 млн 300 мингдан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, тест синовларида иштирок этиш жорий йил битирувчилари учун бепул бўлса-да, қолган 600 мингга яқин абитуриентдан кўрсатилган миқдорни тўлаш талаб этилади. Бу рақамни энг кам иш ҳақининг бир бараварига кўпайтирсак, каттагина маблағ тўпланиши маълум бўлади. Тест синовларида иштирок этганлик учун маълум миқдордаги тўловлар Жанубий Корея, Япония, Туркия ва дунёнинг кўплаб давлатларида одатий ҳолга айланган. Мисол учун, Туркияда бу миқдор энг кам иш ҳақининг ўн фоиз миқдорида ҳисобланади ёки олий ўқув юртларининг салоҳиятидан келиб чиқиб белгиланади. Ўзбекистон шароитида эса 202 730 сўм этиб белгиланиши имтиҳон топширишнинг ўзи учун катта қиймат ҳисобланади. Юқорида таъкидланганидек, бу нарх ҳали қатъий тасдиқлангани йўқ. Эътирозлар ва муҳокамалар давом этмоқда. Муҳокамадаги фикрлар жамланиб, умумхалқ бир қарорга келгач, бу нарх имкониятларни ҳисобга олган ҳолида маълум миқдорда камайтирилиши ҳам мумкин.

Тест фанлари мажмуасининг икки бўлимга ажратилишига келсак, 1 бўлимга киритилган барча тест топширувчилар учун ўша учта фан (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) 2020-2021 ўқув йили қабулидан бошлаб амалга киритилиши, абитуриент даъвогарлик қилаётган таълим йўналишига мос икки фандан ташқари,  ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсадида ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовлар ташкил этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар олинмоқда.

Аслида, ҳукумат қарори лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилгани катта гап, катта қадам. Бу қарор айрим юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда куюниб, тутаб ёзаётганидек “халқнинг пулини шилиш”, “камбағалнинг боласига ўқиш имкониятини бермаслик”, “айрим баднафсларнинг навбатдаги ўйини” эмаслигига, бу қарор моҳиятида миллат келажаги бўлган ёшларнинг сифатли ва самарали таълим олишлари учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш, тест синовларини янада шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсади мужассам эканига ишонамиз.

Бектош ИСМОИЛОВ,

“Оила ва жамият” мухбири

2019 йил 27 февраль, 8-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар