ШАШМАҚОМ ОЛИМЛАР НИГОҲИДА

484


Кўп асрлик маданиятимиз, хусусан, миллий мусиқамизда мақомнинг ўрни беқиёс. Ушбу улкан меросни илмий асосда чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш, ёш авлодни шу санъатга ошно этиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги саналади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрда кучга кирган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган “Бухоро шашмақоми: тарихий-назарий ва амалий масалалар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани шу ҳақда бўлди.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан уюштирилган мазкур тадбирда юртимиздаги бир қанча олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, мусиқашунослар, соҳа мутахассислари, ёш мақомчилар, талабалар қатнашди.

Анжуманда миллий мусиқамизнинг кўзга кўринган тадқиқотчилари ўз маърузалари орқали Бухоро шашмақомининг кўпчиликка номаълум қирралари хусусида ўртоқлашдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Отаназар Матякубов кўҳна санъатимизнинг ушбу бой хазинаси тарихи, Нажмиддин Кавкабий, Дарвеш Али Чангий, Абдурауф Фитрат каби олимларнинг бу борадаги илмий изланишларига тўхталди. Ўз навбатида, фарғоналик мусиқашунос, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, санъатшунослик фанлари доктори Тўхтасин Ғафурбеков буюк бастакор Мутал Бурхонов ўз ижодида шашмақом оҳангларидан қай даражада фойдаланганига эътиборни қаратди.

Шунингдек, Урганч давлат университети ўқитувчилари Ботир Раҳимов ва Рустам Болтаев ўз чиқишларида Бухоро шашмақоми ҳамда Хоразм олти ярим мақомини қиёсий таҳлил этишди.

Рустам ИБРАГИМОВ,

Ishonch” мухбири

Бошқа хабарлар