КЎЗЛАРИМГА ИЛОҲИЙ БИР НАЗАР КЕЛДИ…

224


Яна юртимизга қуёшли кунларни бошлаб баҳор келди. Яна боғларимиз, далаларимиз яшилликка тўлиб, ҳаволаримиздан майса-гиёҳларнинг хуш ислари тарала бошлади. Беихтиёр кўклам таърифини келтирган шеърлар тилимиздан учади:

Кўзларимга илоҳий бир назар келди,

Қулоғимга жаранглаб хушхабар келди.

Юрагимга зафар келди, сафар келди,

Ўзбекистон тупроғига баҳор келди…

Баҳорга эргашиб мана шу илиқ кунлар қанотида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами ҳам кириб келади. Уч фасл бир даста гул кўтаришга хижолат бўлган эркаклар ҳам бугун анвои гулдасталарни кўзлардан паналамай уйига – бекаси, онаси, опа-синглиси, устозлари ҳузурига ошиқади. Телефон симлари тўлқинларида ошиқлик мактублари  кезинади. Ҳаммаси ёқимли, ҳаммаси дилга хуш келади. «Байрамлар бор бўлсин», деймиз. Айни пайтда байрамлар салмоғига салмоқ  қўшаётган  воқеалар ҳақида ўйлай бошлаймиз. Ахир хаёлларга эрк берсак, ўтган йили эмас, кечагина хотин-қизлар байрамини нишонлагандекмиз. Кечагина азим пойтахтнинг шинам бир гўшасини гулзорга айлантириб, Юртбошимиз опа-сингилларимизга куй-қўшиқли, тортиқли байрам қилиб бергандек. Ва кечагина бир гуруҳ истеъдодли қизларимиз кўксига  азиз устоз – Зулфияхоним сиймоси туширилган нишон тақилгандек… Ҳолбуки, ўша тантанадан буён яна бир йил ўтибди. Бу бир йил оралиғида  Президентимизнинг байрам арафаси, 2018 йил  2 февралда эълон қилган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилинган фармони бир неча ўн йилларнинг хизматини бажарди ва бажармоқда. Келинг, байрам баҳона айрим рақамларни эсга оламиз: Республика хотин-қизлар қўмитаси  ва бошқа ҳамкор ташкилот вакиллари томонидан уйма-уй юриб турган манзил, рўйхат бўйича 47 минг нафарга яқин турмуш шароитини яхшилашга эҳтиёжи бор хотин-қизларни аниқланди. Фармонга биноан ташкил этилган жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1 минг 464 нафар аёлларга арзон уй-жойлар учун 54, 6 миллиард сўмлик бошланғич бадал тўлаб берилди. Балки бу йилги 8 мартнинг шукуҳи ўзгачалиги шундандир? Ахир байрамлар инсон  кўнглидан бошланади. Йиллар давомида биров бормисан, йўқмисан, ҳолинг қалай, демаган ногирон ё боқувчисини йўқотган ёки кекса, қаровчиси йўқ аёллар, онахонларнинг барча шароитлари муҳайё бошпана, уйга эга бўлганининг шодлиги байрамларимизга  жаранг-у ранг  бераётгандек гўё…

Ёки бўлмаса 245 минг нафар аёлнинг иш билан таъминлангани, доимий даромадга эга бўлгани 8 мартнинг аёл моҳиятига яқинлашиб қолганимизни билдираётгандек эмасми? Ахир бу баҳорий кун азал яралишида фақат ўйин-кулги учун, ош-овқат учун яралмаган-ку. У оналар, опа-сингилларнинг  саломатлиги, оиласи, маънавий дунёсини ҳимоя қилиш учун таъсис этилган-ку. 2017-2018 йилларда тижорат банклари томонидан аёллар  тадбиркорлигини ривожлантириш учун 6,1 триллион сўм миқдорда маблағ ажратилди, деган маълумотнинг ўзиёқ «ҳимоя», «муҳофаза» тушунчаларининг салмоғини оширади.

Ҳа, байрамдан байрамга элтувчи кунларнинг баҳосини ўлчаш учун академик шоримиз Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, «Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз»…

Яна қалблари яшаш иштиёқига тўла опа-сингилларимиз билан биргалашиб байрам қиляпмиз. Яна бир неча босқичлардан танланиб, сараланиб сўнгги республика босқичгача етиб келган иқтидорли қизлар кўксига сўзи, ўзида катта ибрат билан яшаган Зулфияхоним сиймоси туширилган нишонлар тақиляпти. Аслида, байрамлар моҳияти мана шу онларда: чемпион қизларимизнинг  Ватан мадҳияси янграганда шоҳсупага кўтарилган чоғда киприкларида ярқираган қувонч ёшларида… Деҳқон аёлларнинг ипакдек юмшоқ, майин тупроқ бағрига қадаётган ризқ-у рўз уруғида… Муаллималарнинг болалар қалбига чўғ солган, эртасига ишонч уйғотган: «Сен келажак эгасисан!» деган ишонч овозларида. Агар биров эътибор бермаса, севиб-сийламаса тақвимдаги кунларга баҳорлик, байрамлик ато бўлармиди?

Севиб, сийлаганимиз учун Уларнинг қадри баланд, шаҳди баланд. Лаҳзалари, кунлари байрамларга айланаётган, айланиб, оналарни қувонтираётган онлар учун шукрона айтамиз: Шукронамиз яна олис-яқинларга шеър бўлиб таралади:

Қоракўзлар, баҳор бизнинг баҳор бўлсин,

Тошни ёрган майса эркдан чопар бўлсин.

Гўзал дамлар дилни излаб топар бўлсин,

Ўзбекистон тупроғига баҳор келди…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Бошқа хабарлар