Юнусобод энг обод гўшалардан бирига айланади

90

Юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларини бирдек обод ­масканга айлантириш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига кўмаклашиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган Жамоатчилик комиссиясининг Юнусобод туманида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувида «Обод», «Посира», «Боғи бўстон», «Бўзсув», «Боғишамол», «Боғиэрам», «Йўлариқ», «Кулолқўрғон», «Янги ҳаёт», «Беғубор», «Меҳнатобод», «Оқтепа», «Қадрдон», «Уста Ширин», «Янгиариқ», «Қашқар», «Ифтихор», «Жомий» ва «Турк­қўрғон» маҳаллалари фаоллари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Жамоатчилик комиссияси раҳбари Қудратилла Рафиков тумандаги ҳолатни таҳлил қилар экан, амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида сўз юритди. Шундан сўнг маҳалла раислари ҳамда фаоллар ўзлари яшаётган ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни баён қилишди.
Дастлаб «Обод» маҳалласи фаоллари ҳудудда мактаб, мактабгача таълим муассасаси ҳамда поликлиника қуриш, ички йўлларни таъмирлаш зарурлигини таъкидлашди.
– Поликлиника масаласи муаммо бўлиб турибди, – дейди «Посира» маҳалласи раиси Абдураҳмон Тўраев. – Шу масала ижобий ҳал этилса, қолган камчиликларни баҳамжиҳатликда бартараф қиламиз.
«Йўлариқ» маҳалласи ҳудудида ҳам айрим муаммолар борлиги тилга олинди. Хусусан, Йўлариқ кўчаси ва Фароғат 3-тор кўчаси кесишган жойдаги 110 та хонадонга мўлжалланган трансформатор ҳозирда 410 та хонадонга хизмат кўрсатмоқда. Натижада электр энергияси ўчиш ҳоллари тез-тез юз бериб, хонадонлардаги маиший техникаларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, бир қатор кўчаларда ичимлик суви қувурлари таъмирталаб, куз-қиш мавсумида кўп маротаба авария ҳолатлари кузатилди.
«Оқтепа» маҳалласидаги Оқтепа кўчаси, Оқтепа 4- ва 7-тор кўчалари, Ўқитувчилар кўчаси, Чинобод кўчаси, Чинобод 3-берк ва 1-берк кўчаларини асфальт қилишга эҳтиёж бор. Оқтепа 1-, 4-, 5-тор кўчалар, Соҳибкор, Бобур, Ўқитувчилар, шунинг­дек, Чинобод шоҳ кўчасининг масжиддан пастки қисмида канализация тизими мавжуд эмас. Оқтепа 7- ва 1-тор кўчаларида кабель тортилган, лекин ҳанузгача тунги ёритгичлар қўйилмаган. Маҳалла ҳудудида «боғча» йўқ.
Чинобод шоҳ кўчасида яшов­­чи ногиронлиги бор Б.Азимов коммунал тўловлардан қарзини узишга қийналаётгани, нафақаси дори-дармондан ортмаётганини билдириб, ёрдам беришларини сўради.
«Қадрдон» маҳалласи фаоллари ҳам ўзларини қийнаётган масалаларни баён қилишди.
– Маҳалла ҳудудида жойлашган мактаб, боғча олдига тунги ёритгичлар ўрнатиш керак, – деди маҳалла фаоли Саъдулла Пўлатов. – Бу йўл кеча-ю кундуз серқатнов. Тунги ёритгичлар ўрнатилса, аҳоли учун анча қулайлик бўларди.
– Турмуш ўртоғим оғир касал, – деди шу маҳаллада яшовчи Нодира Имомназарова. – Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Ҳозирда коммунал тўловлардан қарзларимизни тўлашда қийналяпман.
– Маҳалламизда яшовчи Д.Назарова 2-гуруҳ ногирони, – деди маҳалла фаоли Насиба Исмоилова. – Даволаниши учун касалхонага ётқизиш ҳамда дори-дармонига кўмак­лашиш керак.
«Уста Ширин» маҳалласида авария ҳолатидаги уйларда яшаб келаётган аҳолини кўчириш ҳудуд фаоллари томонидан айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Корхожа ота 1-тор кўчасида жойлашган собиқ 143-мактаб биноси Кураш федерациясига 2013 йилда берилган, лекин шу кунгача фаолият олиб борилмаяпти. Маҳалла аҳли мактабни қайта тиклаш ёки хусусий мактаб ташкил этишни таклиф қилди.
– Ҳудудда жойлашган 1956-1958 йилларда ёғочдан қурилган икки қаватли 16- ва 18-уйлар авария ҳолатида, – дейди «Бўзсув» маҳалласи раиси Машраб Сайдуллаев. – Аҳоли қийин шароитда кун кечиради. Ушбу турар жойларни тезроқ бузиб, ўрнига замонавий кўп қаватли уйлар қурилса, яхши бўларди.
Бундан ташқари, 105-мактабнинг том қисмини бутунлай таъмирлаш керак. Томнинг умумий майдони 1625 кв.м.ни ташкил қилади. Шу билан бирга, мактабдаги ромларни алмаштириш ва мактаб ҳудудини асфальт қилиш керак.
«Бўзсув» маҳалласи фаоллари эса Лайлакобод, Боғишамол ва Боғи­эрам кўчаларида умуман тунги ёритгичлар йўқлигидан шикоят қилишди. Уларнинг айтишича, Лайлакобод кўчасига устунлар ҳам ўрнатилмаган. 2-Мингўрик кўчасида ёғоч устунлар бор, аммо «Тошшаҳарнур» ходимлари ёғоч устунларга ёритиш тизими ўрнатиш мумкин эмаслигини айтишган ва муаммо ҳалигача ҳал этилмаган.
Шу каби ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бошқа маҳаллаларда ҳам мавжуд экани мулоқот давомида ўз аксини топди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож, дори-дармон ва даволанишга имконияти етмаётган, шунингдек, уй-жой масаласида мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам мурожаатлари ­эътиборга олинди.
Жамоатчилик комиссияси томонидан ҳар бир айтиб ўтилган масала ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиб чиқиш, уларни тезкорлик билан ижобий ҳал этиш бўйича туман ҳокимлиги ва масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар