ҚЎҒИРЧОҚ — ОВУНЧОҚ… ЭМАС

301


Яқинда жияним Мадинанинг туғилган куни. Унга яхши кўрган ўйинчоғингни олиб бераман, деб ваъда берган эдим. Сўзимнинг устидан чиқиш учун бозорга йўл олдим. Ўйинчоқлар дўконини бирма-бир айландим.

Буни қарангки, глобаллашув «ўйинчоқлар»ни ҳам четлаб ўтмабди. Хорижда ишлаб чиқарилган, айниқса, ғарб менталитетига хос ўйинчоқларнинг кўплигини кўриб, гапнинг очиғи, ҳайратландим… «Барби», «Ўргимчак одам», «Шрек», «Соҳибжамол ва маҳлуқ»… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Дарвоқе, нархлари эса одамни лол қолдирадиган даражада. Беихтиёр ёқа ушлайсан…

Шу пайт кўзим чамаси 5 ёшлардаги қизалоғини етаклаб келаётган аёлга кўзим тушди.

— Қизингизга қўғирчоқ олиб бермоқчи кўринасиз? — саволга тутдим.

— Қайдам, кеча бозор-ўчардан кейин шу ердан ўтиб кетаётгандик, қизим қўймай «Барби» олиб берасиз, деб инжиқлик қилди. Ноилож уни харид қилдик. Уйга боргач, қайнонам унинг тузилиши боламнинг ёшига мутлақо тўғри келмаслигини айтиб, мени қаттиқ койиди.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида уларнинг овунчоқлари — ўйинчоқлар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зотан, кичик ёшдаги бола тили чиқиб улгурмасдан қўғирчоқлари, ўйинчоқлари билан қайсидир маънода «тиллашади».

Суҳбатимизга қўшилган Ойсифат ая Нурмонова шундай дейди:

— Қиз бола ёшлигидан қўғирчоқ ўйнашни бошлайди. Бу эса келгусида она бўлишга орзуманд эканлигидан далолат. Аммо замонлар ўзгариб, биз ўйнаган қўғирчоқлар бошқача тус олди. Уларнинг очиқ-сочиқ кийиниши, ажнабий тузилиши ҳали эсини таниб улгурмаган қизалоқнинг болалик хаёлларини ўғирламаслигининг иложи йўқ. Унга тақлид қилади ва ҳатто кияётган кўйлагини ҳам уники каби ўзгартиришни истайди. Ўйлаб кўринг, сиз ўзингиздаги тарбияни болангизга берасиз, у ўзининг боласига. Энди айтинг-чи, шу тариқа қизалоқларимизга  ғарбча менталитетга хос фазилатлар «юқиб» қолмасмикан!?

— Дўконлар пештахталарини тўлдириб турган «Барби», «Жек ва унинг дўстлари», «Бетмэн» деб номланган хориж ўйинчоқлари болалар тарбиясига қандай таъсир қилиши мени ҳамиша ўйлантириб келган, — дейди ўйинчоқ сотиб олаётган Болбуви опа. — Унутмайлик, қўғирчоқ — ўйинчоққина эмас, балки болалар, айниқса, қизалоқлар тарбиясида муҳим восита ҳамдир. Чет элнинг «Барби»сидан кўра ўзимизнинг қўлда ясалган, ҳамёнбоп, миллийлик уфуриб турган, сочлари майда қилиб ўрилган қизалоқлар, супачада заркўрпача, болишчалар… Фарзандларимиз ўзбекона урф-одатларни ўзида мужассам этган миллий қўғирчоқлар билан ўйнашганига нима етсин!

Дарвоқе, ўйинчоқлар нафақат ташқи кўриниши, балки кимё­вий таркиби билан ҳам фарзандларимизга зарар етказмаслиги керак. Шу боисдан ҳам болалар ўйинчоқларини олишда эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Маълумотларга кўра, ўйинчоқнинг ранги унинг хавф даражасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг ранг-баранг, жудаям тўқ ва ёрқин рангда бўлиши таркиби заҳарли кимёвий элементларга бой бўёқлар билан оро берилганини анг­латади. Ваҳоланки, бола, албатта унинг рангига қизиқиб, мазасини татиб кўргиси келади. Натижада, заҳарли моддалар жигар, ошқозон-ичак, буйрак йўлларига тушади ва унинг соғлигига зарар етказади.

— Эндигина шаклланаётган бола онги дунёни англаш, тасаввур этишида, жисмоний ва маънавий камолоти ҳамда асаб фаолиятининг шаклланишида қўғирчоқ ва ўйинчоқларнинг ўрни катта, — дейди  Навоий шаҳридаги 7-умумтаълим  мактаби психологи Муҳаббат Вафоева. — Шунинг учун ҳам ўйинчоқларнинг бежиримлилиги, тоза маҳсулотдан тайёрлангани, уларнинг кимёвий таркибига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мисол учун, ўйинчоқдан ўткир кимёвий ҳид тарқалмаслиги керак. Юмшоқ ўйинчоқлар эса асосан кимёвий-синтетик толалардан тайёрланади. Бу ҳам етмагандай, уларга қадаб қўйилган кўз тугмаларини бола узиб ютиб юбориши ҳам мумкин.

Мавзу доираси ниҳоятда кенг. Гапирган билан сўз тугамайди. Мақсадимиз битта: дўконларимизни ўзга маданиятни тарғиб қилувчи ўйинчоқлар ўрнига миллий қаҳрамонларимиз қиёфасидаги қўғирчоқлар эгалласа, нур устига нур бўлар эди.

Дилафрўз ЎРОЗОВА,

Ishonch мухбири

Бошқа хабарлар