ҲАЁТ – АЗИЗ

172


Қандай қиз эди-я! Момоларимиз бундай қизларни: –Ўн тўрт кунлик ойдай, – дея таърифлашар эди. «Сочи бир қиз, ўзи бир қиз» деган  тавсифлар ҳам шулар ҳақида айтилганга ўхшарди. Аммо… ҳозир чўпдек озиб кетган, кўзлари ҳам яхши илғамайди, шекилли, невараси дастурхонга қўйиб кетган тақсимчадаги узумни бармоқлари билан пайпаслади.  Мени олишга қистади.

– Қанд касали бўлиб қолганман. Кейинги пайтларда дардим тез-тез хуруж қиляпти. Сезиб турибман, мана шу ҳусайниларнинг ҳар бири чиндан ҳам  келинчакнинг бармоғидек келади. Шунақа егим келяптики, афсус, менга мумкин эмас, қанд миқдори баттар ортиб кетади, шунинг учун нафсимни тийишга  мажбурман, – дейди Лазокат. У ўзини шу кўйга солган, аммо бир  қарашда бор-йўғи турмушнинг икир-чикирлари бўлган  воқеаларда сўз очар экан, тўрт мучаси бут, соғлом пайтларининг қадрига етмаганлигидан пушаймон қилади.

– Ҳамиша можароларимизга қайнона-қайнотамиз дунёдан ўтиб, икки оила – овсинимиз бир ошхона, бир ваннахонадан фойдалана бошлаганимиз сабаб бўлди. Икковимиз худди келишиб олгандек, бир пайтда овқатга уннаймиз, бир вақтда кир ювгимиз келарди. Овсиним гоҳ ошим дам емасдан қозонимни газдан олиб ўзиникини қўяр, гоҳ мен унинг қуримаган кирларини дорнинг бир четига суриб ташлаб, ўзимникини осар эдим.

Овсиним:

– Мен каттаман, ошхона, ваннахона менга тегишли, кўч-кўронингни  кўтариб кет, – деса, мен: – Биз – кенжамиз, уй бизга тегиши керак, сизлар кетинглар, – дер эдим. Кунда, кунора жанжал бўлар, гоҳо кап-катта хотинлар юмдалашиб кетардик. Ноҳақлигимиз, уйдаги гап-сўзлар аллақачон маҳаллага  чиқиб кетган, авваллари уйга кириб бизни келиштиришга уринадиган фаоллар ҳам энди иши бўлмай қўйган:

– Бегона эмассизлар-ку, тил топишинглар-да, – деб арқонни узун ташлаган эдилар. Шу дилхираликлардан ниҳоятда асабийлашардим. Шифокорлар:

– Касаллигингиз илдизи асаб-да, – дейишади. – Қани эди, ўтган ҳаётимни орқага қайтаришнинг иложи бўлса, бутунлай бошқача яшаган бўлар эдим, – дейди Лазокат…

Дарҳақиқат, ахир кирни ҳам навбатма-навбат ювиш, овқатни ҳам бир-бирининг вақтига қараб пишириш мумкин эди. Бир-бирларини «сиз»лаб, ҳурматини жойига қўйиб яшаганларида ака-укалар, уларнинг  фарзандлари ҳам бугун бир-бирларидан олислаб кетишмас эди, кексайиб, кучдан қолганларида бир-бирларига елкадош, суянчиқ бўлишар эди.

– Атиги бир оғиз сўз, бир лаҳзалик қизиққонлик туфайли умримнинг  саккиз йилини панжара орқасида ўтказдим, – дейди исми Озод бўлса-да, ўзи саккиз баҳор, саккиз ёз, саккиз куз, саккиз қишнинг неъматлари, қувончларидан бебаҳра яшаган йигит. Айтишича, у қишлоғидаги қизга кўнгил қўйган, совчи жўнатмоқчи бўлганида, ўша қизнинг қўшниси бўлган тенгдош йигит:

–Бўйинг Дилоромникидан паст-ку, нима, унинг ёнида хотинларнинг баланд пошнали туфлисини кийиб юрмоқчимисан? – дейди. Ўйламай айтилган бу гап  Озоднинг нафсониятига тегади.

– Сен мени ўртоқларимнинг олдида ерга урдингми,  кўрасан, – деб қўяди ва кечаси кайф билан бориб, уни ташқарига чақиртириб, қоронғуда дўппослай кетади. Бундай муносабатни кутмаган йигит бехосдан бўлган ҳужумдан гангиб, ерга йиқилади. Озоднинг кетма-кет тепкиси унинг жигар, буйракларини  ёриб юборади.

– Бир йигитнинг умрини хазон қилдим. Ота-онаси мени ҳеч қачон кечирмайди. Бу учун тегишли жазомни олиб чиқдим,  лекин қишлоғимнинг ўша бурчакларига бора олмайман, оёғим қалтирайверади, – дейди Озод. Йигитнинг заволи, хотирасининг тоабад таъқиби  бир тараф, лекин ўзининг ҳам айни уйланадиган, фарзанд кўрадиган ёшлари маҳкумликда ўтди. Энди афсуслари ичига сиғмайди, у ҳам ҳаётнинг орқага қайтишини, бошқача бир умр бошланишини хоҳлайди.

– Агар шундай бўлганда, «Оғайни, бўйинг эмас, ақлинг паст бўлмасин»,  деб кетиб юборар эдим, – дейди. Аммо вақт орқага қайтмайди. Кунлари, ҳафталари эмас, ҳатто, бир дақиқасини ҳам  изига қайтариш мумкин эмас. Ҳаёт эса, қувонч, ташвишлари, гуллари, тиканлари билан ёнимиздан ўтаверади. Унинг дақиқаларини қадрлай олсак, гоҳ нафсимиз, гоҳ жаҳлимизни тия олсак, ўзимизни номимизга, аждод, авлодларимизга шараф келтирувчи эзгу ишларга чоғлай олсаккина, ҳаёт бизга туҳфалар ато этади.

Биз қаҳрамонларга, чемпионларга, тўкис яшаётган инсонларга ҳавас қиламиз.

– Омади бор-да, шуларнинг, – деймиз. Эҳтимол, омад ҳам сароб нарса эмасдир.  Инсонлар эришган юксакликларда унинг ҳам ўрни бордир.

Лекин ҳар ким ўз тақдирининг қаҳрамони – Ўзи эканлигини унутмаслигимиз керак.

Деворимиздаги, столимиздаги, билагимиздаги соат «чиқ-чиқ»лаб, мана бу қуёшли кунлар, мана бу мусаффо ҳаво, анҳорларда оқаётган сув биз учун абадий эмаслигини айтиб туради.

Бизни кетади ташлаб,

Азиз ҳазрати ҳаёт.

Бугунни гўзал яша,

Бугун эрта хотирот.

                                Давлат БАХТ  

Бошқа хабарлар