ТРАНСПОРТ-ЛОГИСТИКА ТАРМОҒИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВРИ КЕЛМАДИМИ?

67


“Миллий тикланиш” демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида йиғилиш ўтказилди. Унда Миллий авиакомпания (МАК) ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан янги логистика йўналишларини очиш, йўл харажатлари таннархини қисқартириш ва бошқа масалалар юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган Раҳим Шерқуловнинг мақоласида йиғилиш тафсилотлари ҳақида сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

МУАММОЛАР ҚАЧОН ЕЧИМИНИ ТОПАДИ?

Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш энг долзарб масалалардан бири. Бу борада мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солдик, улардан самарали фойдаланяпмиз, деб айтолмаймиз.

Сабаби аниқ: Миллий авиакомпания (МАК) ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан янги логистика йўналишларини очиш, йўл харажатлари таннархини қисқартириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда рақобатни ривожлантиришга етарлича эътибор берилмаяпти. Экспортни амалга ошириш учун кўп вақт (ўртача 11 кун) ва кўп ҳужжатлар (тахминан 10 та) талаб қилинмоқда.

Қолаверса, бошқарувга менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш ишлари суст. Бу эса тармоқ корхоналарининг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлашга ғов бўляпти. Денгизга чиқиш имкониятимиз ҳам чекланган. Шу боис маҳсулотлар экспортида қийинчиликлар юзага келмоқда.

Санаб ўтилган ушбу муаммолар “Миллий тикланиш” демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда кўтарилди.

Унда Миллий авиакомпания ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутасаддиларининг юртимиз экспорт салоҳиятини оширишда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш масалалари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган йили МАК орқали 1 850 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 731 тоннага кўпайган. Шу даврда Ўзбекистон темир йўлларида юк ташиш ҳажми қарийб 95 млн. тоннани ташкил этди. Бу эса олдинги йиллардагига қараганда анча юқори кўрсаткичдир.

Депутатлар иқтисодиётимизнинг қон томири бўлган икки йирик ташувчи компания мутасаддиларини транспорт-логистика тармоғини тубдан такомиллаштириш чораларини кўришга чақирди.

Мавжуд муаммоларни кечиктирмай бартараф қилиш, ривожланган давлатларнинг логистика марказлари фаолиятини ўрганиш орқали соҳага самарали бошқарув механизмларини татбиқ этиш, экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш, умуман, замонавий транспорт-логистика марказларини барпо қилиш масалаларига эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Логистика тизимини замон талаблари даражасида ривожлантириш учун эса, аввало, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишлари зарур.

Тадбирда иқтисодиётни ривожлантиришда замонавий логистика йўналишларини янада кенгайтириш борасида мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишлар белгилаб олинди.

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

2019 йил 13 март, 49-сон

“Халқ сўзи” газетаси

Бошқа хабарлар