КЕЧИККАН АҚЛ

76


Анвар ака дераза ойнасига урилаётган ёмғирнинг  шитир-шитиридан уйғониб кетди. Ёмон туш кўрибди. «Оллоҳим, қизимни паноҳингда асра, ишқилиб кўзим очиқлигида уни омон-эсон эгасига топширайин-да…».

Тушида қизи йиртиқ кўйлакда юрганмиш. «Нега у бунчалик зорланиб мени чақирди. Пули тугадимикан ё касалмикан?! Ахир туғилган кунида онаси совғага қўшиб анчагина пул ташлаб келганди-ку».

Шундай хаёллар билан ёнидаги телефонга қўл чўзди. Аксига олиб, телефони ўчиб қолибди. Юраги баттар хижил бўлиб ўрнидан турди. Шивирлаб ёққан ёмғир унинг хавотирини оширар, юраги нимадандир сиқилиб кетаётганди. Молхонадан хотинининг овози келганини эшитиб, ўша томонга юрди. Беозор хотинининг ҳам нимадандир  безовталигини сезиб, гап қотди: «Тушинг­да молларни кўриб чиқдингми, тонг саҳарлаб». Сигир соғаётган хотини эса нимагадир тинмай бузоқни қар­ғарди. Унинг авзойи бузуқлигини кўриб  кайфияти баттар бузилди: «Қизи Меҳринисога нимадир бўлган»…

Меҳринисо еттинчи фарзанди. Олти ўғилдан кейин отаси тилаб олган арзанда қиз. Шунинг учунми ота-онасининг эркатойи…

Меҳринисо ўрта бўйли, қош-кўзлари қоп-қора, этагини ўпадиган   сунбул соч­лари билан  йигитларни ўзига маҳлиё этадиган қиз бўлиб улғайди. Мағрур ва шу билан бирга, озгина соддалиги ҳам бор эди. Институтга контрактга ўқишга киргач, ­уйидан совчиларнинг қадами узилмай қолди. Аммо Анвар ака бундан дили алланечук ўртаниб кетар, қизини ҳеч кимга раво кўрмасди…

Онаси қизига таниш-билиш, қўни-қўшнилар оғиз солаётганини айтганида, Меҳринисо бурнини жийириб, «Ҳозир ўқишим керак, ҳали турмушга чиқмоқчи эмасман», деб қатъий жавоб қайтарди. Онаси шундан сўнг бу ҳақда қайтиб оғиз очмади. Совчиларга ҳам шундай жавоб берилди.

Шаҳар шароити Меҳринисога жуда  ёқиб қолди. Бу ерда биров билан бировнинг иши йўқ, одамлариям ғийбат қилишмайди, кўнглингга келган ишни қилишинг мумкин, деб ўйларди ўзича.  Анвар ака унинг туғилган кунида  қимматбаҳо қўл телефони совға қилди. Ўзига қизининг эски телефони қолди. Ҳамма бало шу ўлгур матоҳдан бошланди.

Энг сўнгги русумдаги  қўл телефони  Меҳринисога жуда қимматга тушди.  Дугоналари ишлатишни ўргатган «телеграм»дан дўстлар орт­тирди. Бир ҳафта деганда юзлаб сайтдош ўртоқлар билан танишди. Шу орада у Отабек исмли бир йигитга илакишди. Ўша нотаниш йигит билан эрта-кеч телеграмда бемалол дардлашар, туну кун қўлидан телефон тушмас, олган стипендиясини интернет учун сарфлар, ўқиши ҳам ҳаминқадар бўлиб қолганди…

Оқибат шу бўлдики, Меҳринисо қуёш ботди дегунча, кўчага  чиқиб кетадиган одат чиқарди. Бирга ижарада турадиган қизлар қанча танбеҳ бермасин, қулоғига кирмасди. Кунлар, ойлар ўтиб Меҳринисонинг Отабек билан муносабатлари жиддий тус ола бошлади… Баъзан кечалари уйга келмай ҳам қўйди.

— Алло, Отабек ака, илтимос, мени эшитинг, телефонни қўйманг, — дея йиғламсираб ялинди Меҳринисо кунлардан бир куни.

— Ҳа, нима дейсан? — деди йигит қўрслик билан.

— Биласизми? Мен ҳомила…

Вазиятни тушунган йигит ўшқира кетди:

— Агар жуда-а-а-а ақлли қиз бўлганингда, танимаган-билмаган йигит билан телеграмда  дўстлашармидинг? Отабек ака эмиш, қанақа Отабек, менинг асл исмимни ҳам билмайсан-ку,  ҳатто уйланганим ҳам сени қизиқтирмагач… Хуллас, нима қилган бўлсанг, ўзинг қилдинг. Айб ўзингда! Бошқа қайтиб мени безовта қилма, охири ёмон бўлади…

Меҳринисо бу гапларни эшитиб ҳайратда тош каби қотиб қолди. Титроқ босган қўлидаги телефон ерга тушиб, экрани чил-чил бўлди…

Мана неча кундирки, туз тотмай, ҳеч ким билан гаплашмайди. Ўқишга ҳам бормайди. Уввос солиб йиғлагани йиғлаган…

Ахийри, дугоналари Меҳринисонинг ота-онасига  қўнғироқ қилишди. Анвар ака ва хотини Рисолат ая қизидан хавотир олиб, кеч тушиб қолган  бўлса-да қўшниси  билан келишиб, машинада йўлга чиқишди.

Анвар ака қизининг аҳволи оғирлигини айтиб, машина тезлигини оширишни сўраб ҳайдовчини ҳам безор қилиб юборди. «Кечаси соат 12 дан ошибди, яна бир соатларча йўл бор», дея яна нималарнидир чамалади ўзича. Шу пайт бехос рўпарадан чиқиб қолган Камаз автомашинасининг тормози ишламай қолдими, ёки тезлик билан келаётган ҳайдовчи рулни бошқаролмай қолдими, икки машина бир-бири билан тўқнашиб кетди. Автоҳалокат натижасида Анвар ака ва Рисолат ая ўша заҳотиёқ жон таслим қилишди.

Орадан йиллар ўтди. Меҳринисо қишлоққа қайтмади. Балки қилиб қўйган ишидан пушаймондир у, ким билсин яна… Аммо олти акадан биттаси ҳам, негадир, уни йўқламай қўйди…

 Дилафрўз ЎРОЗОВА

Бошқа хабарлар