МИЛЛАТ ҚАҲРАМОНЛАРИ ЭККАН ДАРАХТЛАРНИ БИЛАМИЗМИ?

68


Миллатимиз  қаҳрамонлари  эккан  дарахтларни биламизми? Орадан  йигирма, ўттиз, қирқ   йил   ўтиб  ҳам  таний   оламизмикин?

Аслида, униб-ўсаётган  авлод  ўз Ватани  улуғлаган фарзандлар ҳақида   кўпроқ маълумот  олгиси   келади.  “Юлдузлар”нинг  қайси  рангни  ёқтириб,  нонуштада  нима   тановул   қилгани   эсда   қолаяптими,   марҳамат,  ватан  қаҳрамонларининг   юксак   фазилат, яхши   анъана   бўлган  дарахт  экиш   билан   боғлиқ   хотираларини,  маълумотларни   ҳам улашайлик.

 Сирдарёдаги  мактаб   боғида   Эркин   Воҳидов   ўтқазган  шумтол  ва   Шароф  Рашидов  эккан   арча  дарахтлари тарихи   ва   бугуни “Sirdaryo haqiqati” газетасида ёритилди.

Мақолани   тўлиқ   қуйида   ўқинг.

ШАРОФ ОТА ЭККАН АРЧА, ЭРКИН ВОҲИДОВ ЎТҚАЗГАН ШУМТОЛ

 бизнинг маънавий бойлигимиздир

Агар миллат тарихи ва маданиятига оид бўлса, Гуржистонда  отнинг тақасини ҳам бахмалга ўраб сақлаб қўяракан. Бу далил миллатнинг  кучлилигидан дарак беради, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатимиз тарихига оид барча осори атиқаларни кўз қорачиғидек сақлаш ҳақида бир неча фармон ва қарорларга имзо чекдилар. Хорижда сақланаётган қўлёзмалар, маданий меросимизга оид ашёларни аниқлаш ва мамлакатимизга қайтариш бўйича талай ташаббусларни олға сурдилар. Ахир, биз пахтамиз билан эмас, мана шундай дунё ҳамжамияти тан оладиган буюк меросимиз билан фахрланмоғимиз керак эмасми? (Узоқ йиллар пахта —ўзбек халқининг миллий ғурури, деган сохта шиор ҳукмронлик қилиб келди. Пахта—қуёшли юртимизда ўсадиган ўсимлик. Саноатимизнинг хомашёси, холос).

 Бизнинг дунёга кўз-кўз қиладиган бойликларимиз бисёр. Соҳибқирон Амир Темур битган “Темур тузиклари” асари ва у қурдирган маҳобатли бинолар (“Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг”), кўркам боғлар, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг сеҳрли қаламидан тўкилган беш хазина (панж ганж) — “Хамса”, Бобур Мирзонинг дунё аҳлини ҳайрат бармоғини тишлашга мажбур этган “Бобурнома”си, Самарқанд, Бухоро, Хивада қад ростлаб турган ҳайратангиз бинолар, “Шашмақом”… Бу саноқни узоқ давом эттириш мумкин.

Айниқса, халқимизда яхши бир урф-одат бор. Борган жойини боғи бўстонга айлантиришга ҳаракат қилади. Оилада ўғил фарзанд туғилгудек бўлса, яхши ният билан томорқасининг сув шилдираб оқиб турадиган ариқ бўйига қатор қилиб мирзатерак қаламчаларини қадайди. Терак ниҳоллари ўғлон билан бирга ўсиб вояга етади. Ўғлоннинг эр етиб, катта ҳаётга тайёр бўлганида, ўша тераклар унга атаб қурилган иморатга болор ва васса бўлади.

Буюк бобомиз Соҳибқирон Амир Темур яратган боғлар номининг ўзи бир достон: “Боғи  Беҳишт”, “Боғи Баланд”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Майдон”, “Боғи Нав”, “Боғи Шамол”, “Боғи Зоғон”, “Боғи Чинор”, “Боғи Нақши Жаҳон” ва бошқа боғлар. “Темур тузуклари”даги мана бу сўзлар соҳибқирон бобомизнинг яратувчилик салоҳиятидан мужда беради: “Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас-бир кун мевасини татирсен…” Айни дамда Самарқанд вилоятида бу боғларнинг айримларини тиклаш бўйича ҳаракатлар бошланиб кетган. Бу туризмни ривожлантириш, экологияни яхшилашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

 Бизнинг бу мулоҳазани ёзишимизга  ўзимиз гувоҳи бўлган бир воқеа туртки бўлди. Яқинда Сайхунобод туманидаги 11-умумтаълим мактабига бир тадбир баҳонасида ташриф буюрдик. Мактаб ҳовлисида Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўтқазган  шумтол (ясень) кўкка бўй чўзиб савлат тўкиб турибди. Бундан 6-7 йил муқаддам мактабга борганимизда улуғ шоиримиз ўтқазган дарахтни тавоф қилиб, дунё топган дарвешдек хурсанд бўлиб кетган эдик. Афсуски, ҳалигача мактаб ҳовлисидаги бу дарахтни ким экканлиги ҳақида лавҳа илинмабди. Мактаб директори Мухтор Султоновдан дарахт билан боғлиқ тарихни сўрадик. У киши таълим муассасасига яқинда раҳбар этиб тайинланганлигини: “Варақлаб кўринг, балки мана бу альбомда маълумот бордир!” дея қўлимизга мактаб тарихи дарж этилган қалингина альбомни тутқазди. Альбомнинг ўрталарида сарғайиб кетган расмдаги кўчат экаётган Эркин Воҳидов сиймосини дарров танидик. Расмнинг аввалида қисқа маълумот битилган экан. Абдураим Ўлжабоев директор бўлган кезларда, аниқроғи, 1981 йилда бу тарихий воқеа рўй берганлиги тўрт сатрда акс этган.

Биз мазкур воқедан батафсилроқ хабардор домлалар борми, деб сўрадик. Фахрий ўқитувчи Холидахон Ўринбоева ўзи гувоҳ бўлган воқеани оқизмай-томизмай бир бошидан гапириб берди.

—1981 йилнинг Наврўз айёми эди. Районимиз партия қўмитаси котиби билан мактабимизга бир гуруҳ ижодкорлар ташриф буюришди. Улар орасида севимли шоиримиз Эркин Воҳидов, вилоятимиз фахри Тўра Сулаймон ва бошқалар бор эди. Мана шу ўрис дарахтни Эркин ака мактабимиз ҳовлисига экиб қўйдилар. Сўнгра катта шеърхонлик бўлди. Уйдаги альбомимда мана шу воқеалар акс этган ноёб суратлар сақланади. Уларни кўз қорачиғидек асраб юрибман.

38 йил орасида Эркин Воҳидов ўтқазган ниҳол улкан дарахтга айланибди.

—Қандай бахтли мактабда ишлаётганликларингизни биласизларми? Эркин ака эккан дарахтнинг атрофини чиройли қилиб ўраб, “Бу дарахтни Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов эккан”, деган лавҳани осиб, унинг соясида шеърхонликлар ўтказсаларинг бўлмайдими? — деган таклифни айтдик. Мактаб жамоаси бизнинг фикрларимизни қўллаб-қувватлади.

Вилоятимизда бу каби улуғ инсонлар эккан дарахтлар анчагина. Бизнинг айбгинамиз уларни аниқлаб, чиройли қадамжоларга айлантирмаганимизда. Ваҳоланки, бу дарахтларни бемалол маънавий мулк объектлари рўйхатига киритса бўлади. Айни чоқда мамлакатимизда дов-дарахт, она табиатни асраб-авайлашга мутасадди қатор ташкилотлар фаолият юритмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вилоят бўлими ҳамда ўрмон хўжалиги бошқармаси, Экоҳаракат  айнан шундай тузилмалар сирасига киради. Яқинда булар қаторига Экопартия ҳам келиб қўшилди. Мана шу ташкилотлар вилоятимиз ҳудудида улуғ инсонларимиз томонидан ўтқазилган дарахтларни рўйхатдан ўтказиб, зиёратгоҳ жойларга айлантирсалар, савоб ишга қўл урган бўлар эдилар.

 Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирамиз. Бурноғи йили Ховос туманига борганимизда бир мажлисда қатнашишимизга тўғри келди. Ўшанда мамлакатимизда буюк давлат арбоби, шоир ва адиб Шароф ота Рашидовнинг 100 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган эди. Анжуман ана шу санага бағишланган экан. Минбарга меҳнат фахрийси Андоқул ҳожи Тўхлиев кўтарилиб, Шароф отанинг ажойиб инсоний хислатлари, у билан учрашув чоғида олган таассуротлари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Суханининг сўнггида бир нохуш воқеани таассуф билан очиқлади. Шароф ота “Фарҳод” хўжалигига келганида бир туп арча эккан экан. Ниҳол ўсиб, катта дарахтга айланибди. Бироқ бугунги кунда ушбу дарахт қаровсиз ётганлигини афсус-надомат  билан гапириб берди. Ўшанда бу ҳақда газетамизда ихчамгина бир мулоҳаза ёзган эдик. Мақола Ховос туман ҳокимлигига маълумот учун жўнатилган эди. Бироқ ҳеч қандай акс-садо  бўлмади.

Яқинда туманга йўлимиз тушиб Шароф ота ўтқазган арча дарахти ёнидан ўтдик. “Ховос тумани” деб ёзиб қўйилган лавҳа олдидан ўтиб, темир йўл устига қурилган осма кўприкдан қуйига энгач, “Фарҳод-5” қўрғонига бурилганингиз заҳоти йўл бўйида уч туп арча кўкка бўй чўзиб турибди. Шу дарахтлардан бирини Шароф ота ўтқазган. (Қайси бири Шароф отанинг дарахти маълум эмас. Андоқул ҳожи Тўхлиевга ўхшаган воқеа гувоҳларидан сўраб-суриштириб аниқлик киритса бўлади). Қани энди туман раҳбарлари бош бўлиб бу табаррук дарахтнинг атрофини ўраб, чиройли лавҳа ўрнатсалар, буюк жамоат арбоби ва адибимизнинг руҳлари шод бўларди. Ахир, марҳумлар эккан дарахтлар боқий дунёга равона бўлганларнинг руҳига тасбеҳ ўгириб турармиш. Унинг соясида жон сақлаган қурту қумурсқа, қушу жонзот,  одамлар марҳумнинг руҳига дуода бўлармиш. Шунинг учун ҳам муборак Ҳадисларда эртага қиёмат бўлишини билсанг ҳам, қўлингда дарахт кўчати бўлса экиб қўй, дея панд-насиҳат берилади.

Мазкур воқеани  таҳририятимизга ташриф буюрган фахрийларга сўзлаб берганимизда: “Э, Шароф отанинг Мирзачўлга эккан дарахтларини бир жойга тўпласа, катта бир боғ бўлади”, деб қолдилар. Яна бир давлат арбоби, вилоятимизда ишлаган Усмон ота Юсупов яратган боғлар ҳалигача Сирдарёга кўрк-чирой бағишлаб турибди. Бас, шундай экан Шароф ота, Усмон ота, Эркин Воҳидов, Тўра Сулаймон каби юртимиз улуғлари ўтқазган дарахтларни аниқлаб, зиёратгоҳ жойларга айлантириш биз, авлодларнинг муқаддас бурчимиз саналади.

Шу ўринда матбуотда ўқиганим бир ибратли воқеани сўзлаб берай. Қадимий Хивадан беш-олти чақирим наридаги Қиёт қишлоғида улуғ ўзбек шоири Муҳаммадризо Огаҳий умргузаронлик қилган. Ул зотнинг боғ-музейига кираверишдаги улкан тут дарахтини шоир ўз илки билан ўтқазган экан. Мана шу тутнинг сақланиб қолишига ўша пайтда вилоят газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган таниқли шоир ва драматург Эркин Самандар сабабчи бўлган экан. Огаҳийнинг кекса тути ёнига фарзандлик бурчи сифатда Эркин Самандар бир неча туп тут ниҳоллари ўтқазибди.

Мана, кўрдингизми, миллатимизнинг буюклигини кўрсатиш учун ҳар бир нарсага эътибор беришимиз керак. Хорижда буюк инсонларга тегишли бўлса, арзимаган буюмларни ҳам ўраб-чирмаб кўз қорачиғидай сақлашади.. Биз ҳам улуғларимизни улуғласак, улар амалга оширган савоб ишларни давом эттирсак, жаҳон айвонида обрўйимиз ошиб бораверади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатимизни, мамлакатимизни бутун дунёга танитиш бўйича улкан ишларни олиб бормоқда. Бу буюк ислоҳотларни амалга оширишда биз ҳам иштирок этишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Муҳаммадали АҲМАД

2019 йил 13 март, 19-сон

“Sirdaryo haqiqati” газетаси 

Бошқа хабарлар