СОЛИҚ СОҲАСИ: ЯНГИ АМАЛИЁТ НАФ БЕРЯПТИМИ?

27


Мамлакатимизда солиқ сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича янги амалиёт жорий этилди. У солиқ тўловчиларга нима берди, афзалликлари нималарда ўз ифодасини топди? Илгариги тизим билан бугунги солиқ амалиёти ўртасида қандай тафовутлар мавжуд? Аҳоли томонидан ушбу ўзгаришлар қандай қабул қилиняпти? Ушбу саволларга иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Садирдин Худойқуловнинг мақоласидан жавоб олиш мумкин.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

СОЛИҚ СОҲАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН КИМ ҚАНДАЙ НАФ КЎРАДИ?

Солиқ соҳасида олиб борилаётган мутлақо янгича ислоҳотлар аҳоли ўртасида қандай кутиб олиняпти? Таъкидлаш жоизки, бу борада амалиётга татбиқ қилинаётган ўзгаришлар одамлар, айниқса, тадбиркорлар ўртасида ҳар хил акс садо бераётгани бор гап. Бир томондан, бундай плюрализмнинг бўлгани яхши. Зеро, фикрлар хилма-хиллиги солиқ бўйича ўртага ташланган ғояларни янада такомиллаштириш, ташаббусларни эса мукаммал амалга ошириш учун замин яратади.

Аввалги тизим қатор муаммолар туғдирганди

Дарҳақиқат, солиқ тизими жамият тараққиёт тенденциясига мутаносиб ривожлантирилиши, вақти келганда, ўзгартирилиши табиий ҳол. Илғор мамлакатлар тажрибаси шундан далолат беради. Бироқ ўтган йилларда республикамиз солиқ тизими догматик ҳолатга тушиб, тараққиёт йўналишларига тўсқинлик қила бошлагани, кўплаб муаммолар тўпланиб қолганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Хўш, бу нималарда кўзга яққол ташланди?

Энг аввало, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юки даражасидаги фарқ кескин ошиб кетди. Бу бутун дунёда тан олинган солиқларнинг адолатлилик тамойилига зид бўлиб қолди. Қолаверса, қўшилган қиймат солиғини ундириш механизми иқтисодиётга салбий таъсир этиб келган бўлса, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига юқори солиқ ставкаларининг белгиланиши оқибатида солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини кўрсатишдан манфаатдорлиги йўқолиб, “яширин” иқтисодиётнинг авж олишини тезлаштирди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, солиқ тўловчиларга берилган солиқ имтиёзлари уларнинг ўзлари, Давлат бюджети ва иқтисодиёт учун иқтисодий манфаат келтирмай қўйди. Солиқ имтиёзига эга бўлган корхоналар банкротга учраши ҳолатлари ҳам рўй бера бошлади. Энг ачинарлиси, соғлом рақобат муҳитига жиддий путур етказилди. Шаклланган солиқ маъмурчилиги, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш механизмлари етарлича шакллантирилмади. Мавжуд солиқ назорати инсофли тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш, солиқ тўлашдан онгли равишда қочиб келган солиқ тўловчиларни адолатли жазолашни таъминлай олмади.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликларнинг молиявий ваколатлари ва уларнинг бу борадаги масъулиятини оширувчи механизмларнинг йўқлиги сабабли маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг йиғилувчанлик даражаси пасайиб кетди. Ўз навбатида, маҳаллий бюджетларда жуда катта маблағларнинг етишмаслиги юзага келди. Шу каби яна кўплаб омиллар туфайли тизимда солиқ солишнинг қўшимча манбаларини изламасдан солиқ ҳисоботи, асосан, прогноз кўрсаткичларини бажариш билан чекланиш кучайиб борди. Буларнинг барчаси соҳада бир маромда иқтисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, қисқаси, халқ манфаатларининг зарарига ишлаб келаётган эди.

Давлатимиз раҳбари ушбу оғриқли масалани ўз вақтида бартараф қилишни ўта долзарб вазифа сифатида белгилаб берганидан сўнг аниқ мақсадга қаратилган механизмлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг эвазига нималар ўзгарди?

Стратегия аниқ кўрсатилган

Ҳозирги солиқ сиёсатининг муҳим хусусияти шундаки, унда юқорида қайд этилган муаммолар ечимларини ўзида ифода қилган стратегия аниқ кўрсатиб ўтилди. Унга эришишнинг тактик йўналишларининг ифодаси сифатида илмий асосланган концепция ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётир. Бу борада қандай самараларга эришганимизни реал ҳолат ва маълумотлар асосида таҳлил қилиб кўрайлик.

Масалан, солиқ юкини олайлик. Аксарият иқтисодчиларнинг фикрича, солиқ юки ишлаб чиқариш соҳасидан давлатнинг марказлаштирилган пул фондлари (жумладан, Давлат бюджети)га қанча маблағ мажбурий тартибда жалб қилинганини ўзида ифодалайди ҳамда унинг миқдор ва сифат кўрсаткичлари билан изоҳланади. Миқдор кўрсаткичи қанча суммада маблағ, сифат кўрсаткичи эса ялпи ички маҳсулотнинг неча фоизи жалб қилинганини билдиради. Жаҳон хўжалиги ҳолатини таҳлил этиш, ундаги жараёнларни ифодаловчи иқтисодий индикаторларни тавсия қилиш билан шуғулланадиган йирик халқаро молия институтлари экспертларининг таъкидлашига қараганда, умумий солиқ юкининг 30 — 35 фоиздан ошмаслиги молиявий жиҳатдан нормал ҳолат, деб баҳоланади. Ўзбекистонда солиқ юкининг умумий кўрсаткичи (Давлат бюджетининг мақсадсиз фондларига нисбатан) 2017 йилда ўртача 19,5 фоизни ташкил этди. 2018 йилги дастлабки натижаларга асосан, ўртача 18,5 фоиз атрофида бўлди.

2019 йилда фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоиз, ягона солиқ тўлови 5 фоиздан 4 фоизга, мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизга туширилди. Дивидендлардан олинадиган солиқ 10 фоиздан 5 фоизга, ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Фуқароларнинг даромадларидан олинадиган 8 фоизлик суғурта бадаллари тўлови, давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бекор қилинди. Натижада солиқ тўловчилар бўлмиш корхоналар ва аҳоли ихтиёрида жами 14,5 трлн. сўмлик маблағлар қолдирилади.

Дунё тан оладиган брендлар қачон кўпаяди?

Янги концепциянинг муҳим устувор йўналиши, бу — солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш билан боғлиқ. Шу маънода, йиллик айланмаси 1 млрд. сўмдан ортиқ бўлган ва илгари соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаб келган хўжалик юритувчи кичик бизнес субъектлари умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтказила бошланди. Мазкур тартибнинг киритилиши қандай наф беради? Бундан ким ютади-ю, ким ютқазади?

Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда юртимиздаги корхоналарнинг қарийб 19 мингдан ортиғи ёки 15,8 фоизи 1 млрд. сўмдан зиёд айланмага эга, 101,8 мингтаси ёки 84,2 фоизи эса 1 млрд. сўмдан кам айланмага эга солиқ тўловчилар эканлиги маълум бўлди. Демак, 19 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектларининг умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтказилиши адолатли солиққа тортишнинг моҳиятини ифодалайди.

Чунки бундай субъектларга нисбатан узоқ йиллар давомида ҳаддан ташқари солиққа тортиш тизими қўлланилиши уларнинг йириклашуви, фаолияти трансформациялашуви, уларда капиталларнинг концентрациялашуви (йиғилиши)га тўсқинлик қилиб келгани рост. Бу нафақат кичик бизнес субъектлари, балки умумий иқтисодиёт учун ҳам самарасиз ҳисобланади.

Ваҳолонки, дунёга машҳур “Адидас”, “Найк”, “Индезит”, “Кнауф” каби брендлар ҳам ўз вақтида кичик оилавий корхона бўлган, давлат томонидан кўрсатилган юқоридаги каби рағбат туфайли йирик компанияларга айланган. Нега шу пайтгача юртимизда кичик бизнес субъектлари ичидан бу каби юқори брендга эга йирик корхоналар шаклланмади? Бу ҳам маълум маънода эски солиқ тизими билан боғлиқ.

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳам доимий диққат марказига чиқди. Масалан, охирги йигирма йил давомида Давлат бюджети прогноз кўрсаткичлари ўртача 3-3,5 трлн. сўмдан ортиқ бўлгани ҳолда, 2018 йилда Давлат бюджетига солиқ тушумлари прогноз кўрсаткичи қарийб 12,5 трлн. сўмдан зиёди билан бажарилди. Бу аввалги йилларга нисбатан ўртача 4 маротаба кўпдир. Эътиборлиси, ўтган йилда солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 трлн. сўм қўшимча маблағ қолдирилди. Бу вилоят, туман, шаҳарларни ривожлантириш, аҳолини қўллаб-қувватлаш, мактаблар, боғчалар, заводлар қуриш, тиббий хизмат сифатини ошириш каби эзгу ишлар учун 2017 йилдагига нисбатан 6 баробар, 2016 йилдагига қараганда 32 баробар кўп маблағ сарфланади, деганидир.

Яна шуни айтиш жоизки, янги Солиқ концепциясига қадар амал қилиб келинаётган солиқ маъмурчилигида кўплаб ноаниқликлар бор эди. Бу тадбиркор ва инвесторлар учун ҳақиқий бошоғриққа айлангани ҳеч кимга сир эмас. Солиқ ставкалари юқорилиги инсофли солиқ тўловчиларнинг иқтисодий манфаатларига қарши ишлар, уларнинг рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришига тўсқинлик қиларди. Буларнинг барчаси кўпгина солиқ тўловчиларда солиқларни тўламаслик кайфиятининг юзага келиши ва кучайиши, пировардида солиқ маданияти даражаси пасайишига олиб келди. Янги Солиқ концепцияси эса ана шу ўта зарарли иллатлардан воз кечиш имконини беради.

Тўловчи манфаатдор бўлса…

Бугунги кунда солиқ тизимидаги яна бир долзарб муаммолардан бири бу фуқаролар томонидан солиқларни ўз вақтида тўлашдан манфаатдорлик туйғусини ошириш, шу орқали солиқларни тўлашдан қочмасдан ўзларининг фаол фуқаролик позициясини чинакамига намоён этишига эришиш саналади.

Солиқ концепцияси қабул қилингунга қадар солиқ маданияти масаласига фақатгина маънавий қадрият сифатида қаралиб, унга эришишнинг иқтисодий воситаларига деярли эътибор берилмади. Солиқ тўловчиларга солиқ тўлаши лозимлигини уқтириш, солиқ тўламаганлик учун молиявий жазо чораларини кўриш билангина унинг даражасини ошириб бўлмаслигига гувоҳ бўлдик. Биз бу ерда бир нарсани унутдикки, ҳар қайси солиқ тўловчининг ўзига хос “мен”и бор. Яъни бу табиий-ижтимоий ва психологик ҳақиқат. Аммо ушбу “мен” жамият манфаатлари билан уйғунлашгандагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Ваҳолонки, солиқ маданиятини оширувчи асосий субъект бу жисмоний шахс сифатида солиқ тўловчиларнинг ўзлари ҳисобланади. Айнан юридик шахс сифатидаги солиқ тўловчиларнинг фаолиятини ҳам аҳолининг алоҳида гуруҳлари юритади. Демак, жисмоний шахсларнинг солиқ маданиятини оширишнинг иқтисодий дастакларини ишга солмас эканмиз, юридик шахс сифатидаги солиқ тўловчиларнинг маданиятини ошириш борасида сўз юритиш бир оз мушкул. 2019 йилдан бошлаб 12 фоизлик ягона даромад солиғи киритилиши ва 8 фоизлик суғурта бадали умуман бекор қилиниши, шубҳасиз, аҳолининг солиқ маданияти ошишига хизмат қилади. Чунки солиқлар улар даромадининг харид қобилиятини ошира бошлади, ортиқча мураккаб ҳисоб-китоблардан халос этди.

Бундан Давлат бюджети зарар кўряптими? Йўқ. Масалан, 2018 йилги Давлат бюджети даромадларида 30 фоизгача бўлган юқори даромад солиғи ставкаси қўлланилганда солиқ тушумлари 6 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилги Давлат бюджетига, гарчи солиқ ставкалари кескин камайтирилган бўлса-да, ушбу солиқ бўйича 11,5 трлн. сўм келиб тушиши кутилаётир.

Давлат томонидан оқилона солиқ сиёсатининг йўлга қўйилиши жамиятдаги манфаатларни тўла муштарак қилиб беради, деган хотиржамликни келтириб чиқармайди. Бунинг учун солиқ тўловчиларда юксак солиқ маданиятини шакллантиришга эътиборни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кучайтириш ўта долзарбдир. Улар берилаётган имтиёз ва преференциялардан ўринли фойдалансагина, бундай енгилликлар самара беради. Акс ҳолда бюджет манфаатларига путур етади.

Садирдин ХУДОЙҚУЛОВ,

иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.

(Тошкент давлат иқтисодиёт университети)

2019 йил 13 март, 49-сон

“Халқ сўзи” газетаси

Бошқа хабарлар