Халқ таълими вазирига очиқ хат

1,207

Ҳурматли вазир жаноблари!
Ушбу хатни ёзишимга Сизнинг «Fасеbook»даги саҳифангизда Президент мактаблари ҳақидаги чиқишингиз ва унга билдирилган фикрлар сабаб бўлди.
Президент мактаблари ғоя­­си таълим тизимимизда кескин бурилиш ясаши аниқ. Ахир, фарзандларимиз Сиз айтгандай, БМТнинг 6 та расмий тилидан камида иккитасини ўрганса, бу бизнинг муваффақиятимиз. Тил ўрганиш ҳеч замонда зарар келтирмаган, бу ҳам ҳақиқат. Лекин биз тилнинг маданият ташувчи восита эканлигини ҳисобга олсак, масала жўн эмаслиги кўринади. Ҳар бир миллат ва элат маданияти, туриш-турмуши унинг тили орқали шаклланади. Айнан шунинг учун ҳам Сизнинг даъватингиз мени ўйга толдирди.

Биринчидан, «Фарзандингизни Президент мактабларида ўқишини истасангиз, инглиз тилини ўргатишни бошланг!..» деган чорлов ҳаммага ҳам маъқул келмагани шубҳасиз. Сиз буни ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлардан ҳам пайқаган бўлсангиз керак.
Иккинчидан, тил ўрганишни давлат қўллагани, рағбатлантиргани яхши, лекин у имтиёз йўлида шарт, гаров қилиб қўйилмаслиги лозим. Биз она тилимиз, миллий-диний қадрият­ларимиз, урф-одатларимиз оёқости қилинган, хўрлик-ситамларни бошидан ўтказган халқмиз. Мус­тақиллигимизга 28 йил, «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилганимизга 30 йилга яқин вақт бўлаётган эса-да, тилимиз ҳали-ҳамон биз истаган даражада ўз нуфузига эга бўлганича йўқ.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур». Ёки яна бир улуғ маърифатпарвар аждодимиз Алихонтўра Соғуний айтган мана бу фикрларга эътибор беринг: «Араб­­ча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади». Бу ҳаётда ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир. Шу боис, миллий манфаатлари тўкис таъминланган, деб айтилувчи АҚШда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, йирик сиёсатшунос Патрик Бюкенен Америка инқирози ҳақида гапириб, бир ўринда шундай дейди: «…Мамлакат мактабларида фақат инг­лиз тилида дарс­лар боришини талаб қилишимиз шарт. Чунки икки тиллилик, маълум маънода бир давлат ҳудудида икки маданият, ҳатто икки мамлакат борлигини англатади….».
Биз дунё тилларини билиш, ўрганиш яхши фазилат эканини такрор қайд этган ҳолда, она тили ҳар бир миллат учун улуғ ва мўътабар эканини таъкидламоқчимиз. Демак, ҳар бир инсон унинг софлигини асраш ва янада бойитиш учун курашмоғи лозим.
Сизнинг «Fасеbook»даги саҳифангизда мурожаатнома сифатида чиқишингиз менда мавзу юзасидан айрим таклиф, мулоҳазаларни уйғотди.
Аввало, Президент мактаб­лари миллий мактаб мақомида ташкил этилмоғи лозим. Мазкур мактабларга фарзандларимиз 7 ёшдан қабул қилиниб, инглиз тили бирламчи шарт сифатида қўлланилмаса, чунки ўзга бир тилни, жумладан, инглиз тилини билиш истеъдод ва қобилиятни аниқлашнинг асосий барометри саналмайди. (Илло, буни сиз ҳам англасангиз керак.)
Ушбу мактаблар учун махсус миллий таълим дастури ва методикаси ишлаб чиқилса мақсадга мувофиқ. Унга кўра, таълим ­дастурининг ўзагини она тили ва адабиёт, тарих (миллий ва дунё тарихи) эгалласа. Ва, албатта, чет тиллар ҳамда аниқ фанлар ҳам бундан мустас­­но эмас. (Тил ва аниқ фанларни ўрганиш тажрибаси эса бизда илгари ҳам лицейлар, махсус мактаблар кўринишида бўлган. Айтмоқчи бўлганим, бу янгилик эмас).
Бу нима учун керак? Аввало, шунинг учунки, бизга қарийб 100 йилдан ортиқ давр давомида тарихимиз нотўғри ўргатиб келинди. Унинг кўплаб саҳифалари биздан бекитилди. Тилимиз ва адабиётимиз ҳам мустабид мафкура хоҳишига мос равишда ўқитилди.
Муддаомиз, мактабда давлатчилигимиз ва халқимизнинг шонли тарихи, халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий қаҳрамонларимиз ҳаёти чуқур ўргатилса…
Ва ниҳоят, энг муҳим масала, мазкур мактабнинг бош ғояси янги авлодни ­шакллантиришга йўналтирилиб, бутун эътибор миллий руҳи бутун, МИЛЛАТимизни ва ВАТАНимизни севувчи, ватанпарвар ва миллатпарвар фарзандлар тайёрлашга қаратилса…
Дунёни ғоялар бошқаради ва тутиб туради, дейди донишмандлар. Дарҳақиқат, ҳар қандай ­қудратли империялар ҳам, фаровон жамиятлар ҳам ғоялар устига барпо этилади. Шу маънода, Она Ўзбекистонимиз ҳам миллий ғоямиз билан равнақ топажак. Сиз тилга олган Президент мактаб­лари ўқувчилари ҳам, аввало, ўзбек бўлиб, сўнгра дунёни ўзбек бўлиб идрок этиб, миллий руҳда камол топиши ҳаммамиз учун шарафли. Мактабни битирган ёшлар Президентимиз шакллантираётган ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНнинг таянч устунлари бўлишади.
Қолаверса, маданиятлар қоришиб бораётган бугунги глобаллашув даврида бир халқ, бир миллат ўлароқ ўзлигимизни сақлаб қолсак, бу бизнинг чин маънодаги ғалабамиз бўлади.

Ўрол СОДИҚ

Бошқа хабарлар