Яхши билан ёмон

138

Ассалому алайкум, азиз меҳмонжонлар,
онахонлар, отахонлар,
қўзичоғим – неваражонлар.
Бобоғананг бошлайди,
қизлар жипак лошлайди,
Энди бобонгиз аввал ўзидан бошлайди.

Қора-қора қошларим,
саксонга жетаяпди ёшларим.
Оқариб қолди соқол билан сочларим,
тўкилиб кетди
мармардай бўлган тишларим,
Эсизгина йигирма бешдаги ёшларим.

Баланддан пастга энгандир,
ўрдаклар кўлга қўнгандир.
Қўлимдаги дўмбирамди
уста Шапоат оғажоним жўнганди.

Қўлимга олайин созимни,
Эгамберди бобо дейди ўзимди.
Энди эшитингизлар
менинг айтган сўзимди.

Ойтсам ода бўлмайди
менинг энди достоним.
Ўғил, қизларим,
ҳам жўлбарсим, арслоним.
Сизларга насаҳат бўлсин-да
менинг айтган достоним.
Худойжоним обод қилсин зомонди,
сизларга ойтиб берай
яхши билан жомонди.

Ой қиблага ботади,
умр деган бир майдонда ўтади.
Яхши хотин рўзғорини
покиза қип тутади.
Қадирингга жетади.
Жомон хотин
топганингди жутади,
индамасанг
чашкайгача ухлаб жотади.
Жомон хотин олсанг,
умргинанг хароб билан ўтади.

Қор жовади қаҳардан,
сув келади наҳордан.
Гул очилар баҳордан,
яхши хотин тўркайди-да саҳардан.
Яхши бўлса ёрлари,
ёмон бўлса эрлари,
Қисади-да яхши ёрнинг шўрлари.
Жомон эрга тегманглар,
тирилай боққа куйманглар.
Ойтганни жомон кўрманглар,
жомонга кўнгил берманглар.

Жомонга хотин тегмайди,
яхши хотинни ҳеч ким
қўлдан қўймайди.
Яхши хотинни пиширган
таомига одам жеб тўймайди.

Яхши хотин рўзғорингни тузатади,
Меҳмонингни кузатади.
Жомон хотин меҳмон борса
оёғини узатади,
Кўзини уйиради,
бурнини жийиради.
Ўзи ўтириб,
эрини ишга буюради.

Жомонларни олманглар,
яхшилардан қолманглар.
Отанг жомон бўлса
армонинг кетар.
Фарзандинг жомон бўлса
дармонинг кетар.
Тилинг жомон бўлса
иймонинг кетар.
Хотининг жомон бўлса
меҳмонинг кетар.
Эринг жомон бўлса
аҳволинг хароб бўп ўтар.
Икки жомон бир бўлса,
бир-биридан бетар.
Икки яхши бир бўлса,
ниятига жетар.

Дуо билан эл кўкарар,
ҳаво билан жер кўкарар.
Ҳаво жовиб ҳўл бўлсин,
салқин жойлар кўл бўлсин.
Арпа, буғдой мўл бўлсин,
халқимиз ўйнаб кулсин.
Халқимизнинг дастурхони
нонларга тўлсин.
Ҳаммамизнинг фарзандларимиз
қобил бўлсин.
Ҳаммамизнинг тилаган
муродимизни
Худойжоним берсин.

(Эгамберди бахши (1923 – 2002) Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Болалигида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманига кўчиб келган. Ёшлигида чўпон, мироҳир (отбоқар) бўлган. Отаси Холли полвон Товошаровдан дўмбира чалиш сирлари ва бадиҳагўйликни ўрганган. Қадимий чолғулардан бўлган шувиллак ва най каби мусиқий асбобларни ўзи ясаган бахши уларни моҳирона ижро этган).

Тўпловчи:
Ўктам ҲАКИМОВ

Бошқа хабарлар