КАТТАҚЎРҒОНЛИК ЎША “МАШҲУР” АЁЛ ёхуд “тинмасанг тинарсан”

246




Халқимизда бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, дейишади. Мамлакатимиз бўйлаб катта шов-шувларга сабабчи бўлган аёл қилмиши кўпчиликка сабоқ бўлар деган мақсадда Каттақўрғон туманида нашр этиладиган “Каттақўрғон ҳақиқати” да чоп этилган мақолани эътиборингизга ҳавола этишни жоиз топдик.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ТАҚДИРНИНГ АЧЧИҚ ҚИСМАТИ

ёхуд кўрсатилган ғамхўрликка нописандлиқ оқибати

Бундан бир йил аввал Каттақўрғон шаҳри ИИБ собиқ катта тезкор вакили С.Умаров томонидан таҳқирланиб, шаҳар ИИБ биносида ечинтирилган, сўнгра Оқдарё туманида содир этган ўғриликлари учун ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган, Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т. яқинда яна жиноят устида қўлга тушди.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, Н.Т. 2019 йил 10 февраль куни эрталаб 06:00 ларда шериги О.С. билан Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган “Ғаллаорол деҳқон бозори”да киссавурлик йўли билан ўғирлик қилиш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, бозорга келишади ва унинг ҳудудида жойлашган чойхонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда соат тахминан 08:00 ларда тирбанд жойда картошка-сабзи харид қилаётган фуқаро Л.Аҳмедованинг ҳамёнидаги 165.000 сўм пулларини ва “Samsung” русумли уяли телефон аппаратини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олишади.

Бундан ташқари, шу куни соат тахминан 08:30 ларда Н.Т. ва О.С. ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Ғаллаорол деҳқон бозори”га кириш дарвозасининг олдида одамлар тирбанд жойда фуқаро С.Якубова пайпоқ сотиб олаётганлигидан фойдаланиб, унинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини такроран киссавурлик йўли билан ўғирлаб олган чоғда ушланиб, жиноий қилмишлари фош этилган.

Н.Т. ва О.С.дан Л.Аҳмедовага тегишли бўлган “Samsung” русумли уяли телефон аппарати ҳамда С.Якубовага тегишли бўлган ҳамён билан 75.000 сўм пуллар ҳужжатлаштириб олинган.

2019 йил 12 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан Н.Т. ва О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Н.Т. ва О.С. фуқаро С.Якубованинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олганликларига бевосита гувоҳ бўлган бозорда савдо қилувчи фуқароларнинг берган кўрсатмалари ҳамда “Ғаллаорол деҳқон бозори”га ўрнатилган, ўғирлик ҳолати туширилган видеокамерадан олинган видеотасвир билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

2019 йил 12 февраль куни Н.Т. гумонланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

14 февраль куни ЖИБ Ғаллаорол туман судининг ажримига кўра Н.Т.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Н.Т.нинг 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани хабари жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарганди. Ушбу воқеадан сўнг Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева Н.Т.нинг Каттақўрғон туманидаги хонадонида бўлиб, шахсан ундан хабар олган эди.

Ҳа, халқимизда “тинмасанг тинарсан” деган нақл бежизга айтилмаган. Шунча кўрсатилган ғамхўрлик ва эътиборга бундай ҳозиржавобликка қандай баҳо бериш мумкин.

Жаҳонгир САФАРОВ

     2019 йил 9 март, 7-сон

  “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси

Бошқа хабарлар