«Илик узилди»да – кони фойда

205

Табиат уйғонди. Баҳор шифобахш кўкатларини инъом этмоқда. Улардан тайёрланган таомлар дастурхонларимизни безамоқда. Кўк сомса, кўк чучвара, кўк ош, ҳалим, гўжа, сумалак…
Қишдан сўнг организмимиз витаминлар, минерал моддалар, оқсил ва углеводларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезиши тайин. Бу танқисликни кўклам кўкатлари ва гиёҳлари билан тўлдириш эса айни муддао. Хуллас, «илик узилди» пайтида гиёҳларнинг фойдали хусусиятларини билиб оламиз.

Ялпиз – бош оғриҒига малҳам

Баҳор даракчиларидан бири бўлган ялпиз нафақат кўклам таомлари учун ошкўк ва зиравор, балки доривор малҳам эканлиги билан ҳам ажралиб туради.
Халқ табобатида ялпизнинг қўлланилишига доир бир қанча тавсиялар мавжуд. Жумладан, ялпиздан тайёрланган қайнатма тиш ва томоқ оғриғи, милк яллиғланишларини бартараф этувчи хусусиятга эга. Меъда-­ичак фаолияти, қабзият кузатилганида, аёлларда ҳайз циклининг ўзгариши, тош касалликларида ҳам ялпизли қайнатма тавсия этилади.
Бош оғриганда чойга ялпиз қўшиб дамлаш ҳам фойдалидир. Хона шароитида гултувакда ялпиз ўстириш шамоллашнинг олдини олади.

Жағ-жағ – иштаҳа очади

Халқ табобатида жағ-жағ қон тўхтатиш хусусияти билан яхши маълум. Меъда, ўпка ёхуд бурун қонаши каби ҳолатларда ушбу гиёҳдан тайёрланган дамлама асқотади. Ўсимлик дамламаси ичдан қон оқишини тўхтатади. Жигарни тозалашда ҳам ушбу гиёҳ қўшилган сомса ва чучвара тановул қилинади.
Баҳорда халқимиз жағ-жағнинг ёш баргларини ялпиз, исмалоқ ва бошқа ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар баргларига қўшиб, улардан кўк сомса ва чучвара пиширади. Жағ-жағ иштаҳа очади, меъда шираси ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш хусусиятига эга.
Жағ-жағ уруғи хантал (горчица) ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Нонуштага — исмалоқ

Исмалоқ баргида оқсил, ёғ, темир, магний, калий ҳамда витаминлар бор. Парҳезшунослар ҳисоб-китобига кўра, 500 грамм исмалоқда уч дона тухум кучига эга калория бор. Шу боис исмалоқдан тайёрланган нонушта тўйимли ва фойдали саналади.
Абу Али ибн Сино унинг ични юмшатиш, кўкрак ва ўпкаларга фойдаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Исмалоқнинг камқонликни даволаш ва иммунитетни яхшилаш хусусияти бор. Қолаверса, томирларни мустаҳкамлайди, ошқозоности бези фаолиятига ёрдам беради. Ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради.
Исмалоқ баргининг қайнатмаси асаб тизими фаолияти бузилганда фойда беради.
Ушбу ўсимликни кўп сақлаб бўлмайди, акс ҳолда, таркибида организм учун зарарли тузлар кўпайиб кетади.

Кўкпиёз — кўклам туҳфаси

Қадимда денгизчилар очиқ денгизга чиқишдан аввал ўзлари билан қуритилган кўкпиёз олиб кетар экан. У кемада тарқалиши мумкин бўлган инфекцион касалликлардан ҳимоялаган. Ҳатто, қуритилган кўкпиёз таркибида ҳам қон-томирлар деворини мустаҳкамлайдиган С дармондориси сақланиб қоларкан.
Кўкпиёз таркибидаги фитонцидлар бактерия ва инфекцияларга карши курашади, табиий керотин моддаси сочнинг тезроқ ўсишига ва мустаҳкам бўлишига ёрдам беради.
Ошқозон-ичак ва жигар хасталикларининг оғир кўринишларидан азият чекувчи кишиларга бу кўкатни эҳтиёткорлик билан тановул қилиш тавсия этилади.

Райҳон — ифоридан давоси кўп

Ҳиндистонда мазкур ўсимликни илоҳий деб ҳисоблашади. Уни инсонлар нафақат муаттар ифори сабаб, балки зиравор сифатида ҳам севиб истеъмол қилишади.
Чунки унинг таркибида барча витаминлар, макро ва микроэлементлар бор. Райҳоннинг баргларида 1,5 фоизгача эфир мойи бўлиб, улар юракнинг бир маромда уришини таъминлашга кўмаклашади, нафас олиш тизимига ижобий таъсир ўтказади.
Барглари дамламасидан ангина ва стоматитда ғарғара қилиб, оғизни чайишда фойдаланиш мумкин. Бу табиий шифобахш восита киши оғиз бўшлиғида мавжуд бўлган микробларнинг 99 фоизини йўқ қилиш хусусиятига эга.
Райҳонда мавжуд бўлган шифобахш моддалар организм учун зарарли ҳисобланган холестерин моддасини йўқотади. Шу сабабли мазкур ўсимликни юрак хасталиги бор кишилар учун овқат таркибига қўшиш тавсия этилади.

Шивит (укроп) шифодан «шивирлайди»

Ушбу ўсимлик кўп миқдорда оқсил, олеин ва линоль кислотасига бой бўлиб, кўплаб хасталикларга дармон бўлади.
Масалан, ундаги эфир мойи юрак ва томирлар фаолиятини яхшилайди. Атенин мия қон-томирларини кенгайтириб, юрак мушагини мустаҳкамлайди. Бу эса овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради. Қолаверса, ундан она сутини кўпайтириш (лактация) жараёнини яхшилашда фойдаланилади. Организмнинг нафас олиш аъзолари, қон босимининг кўтарилиши, кўришнинг пасайиши ҳолатларида ҳам шивит шифобахш ўсимлик ҳисобланади. Асосийси, бу ўсимликни гипертония (қон босимининг кўтарилиши)да ҳам қўллаш мумкин.
Унинг уруғидан тайёрланган тиндирма иштаҳани очиш, ҳазм қилиш, уйқусизлик ва буйракнинг яллиғланиши каби касалликларни даволашда самарали ёрдам беради. Бундан ташқари, бавосил касалига қарши восита бўлиб, сиртқи яраларни тузатишда ҳам кенг қўлланилади.

Озода РЎЗИҚУЛОВА тайёрлади.


Бошқа хабарлар