«Ўзтемирйўлназорат» жамоаси ғолиб!

224

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан «Локомотив» марказий жисмоний спорт клубида тармоқ тасарруфидаги корхона аёллари ўртасида спартакиада ўтказилди.

100 нафарга яқин иштирокчи спортнинг стол тенниси, 100 метрга югуриш, шашка, баскетбол тўпини саватга тушириш ҳамда арқон тортиш турлари бўйича ўзаро беллашдилар. Ходимлар ўртасида соғломлаштириш, оммавий спортни кенг тарғиб этиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган турнир қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлди.
Якуний натижаларга кўра, стол теннисида 1-ўринни «Тошкент механика заводи» АЖ ходими С.Федина эгаллаган бўлса, 100 метрга югуриш баҳсларида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходими Н.Беренгер маррага биринчи бўлиб етиб келди. Баскетбол тўпини саватга туширишда «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖ ходими Д.Эрматова энг яхши натижани қайд этди. Шашкада Марказий темир йўл касалхонаси ходими Ў. Дрозд энг кўп очко жамғарди.
Энг қизиқарли беллашув жамоавий арқон тортиш бўйича кечди десак, асло муболаға бўлмайди. Спартакиадага пухта ҳозирлик кўрган Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси жамоаси вакиллари чапдастликлари билан йиғилганлар олқишига сазовор бўлишди. Чаққон ва зийрак қизлардан ташкил топган жамоа бешта учрашувнинг барчасида рақибларини мағлуб этиб, ғолиб­ликни қўлга киритди.
– Мусобақадан катта завқ олдим, – дейди «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси жамоаси аъзоси Юля Семёнова. – Энг аввало, танишлар орттирдим, ҳамкасбларимни кўрдим. ­Инспекциямизда касаба уюшмаси ташаббуси билан ташкил этиладиган спортнинг сузиш, стол тенниси, шашка каби турлари бўйича мусобақаларда қатнашиб тураман. Тўплаган малакамиз бугун иш бериб, арқон тортиш баҳсларида ғолибликни қўлга киритдик. Бундан жуда мамнунмиз.
Якунда барча иштирокчилар муносиб тақдирландилар.

Фирдавс ХАЙРИДДИНОВ,
«Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси Ахборот хизмати бошлиғи

Бошқа хабарлар