МУРОЖААТ – ЙЎҚ, ЖАВОБГАР ҲАМ – ЙЎҚ,

216


ТЕЛЕВИЗОР ЭСА КУЯВЕРСИН(МИ?)

Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳаво айниб шамол кўтарилса хонадонидаги маиший техниканинг бузилиб қолишидан хавфсирашади. Чунки маҳалла аҳолиси учун бу ҳолат одатий ҳолга айланиб бормоқда. Мутасадди ташкилотлар эса носозликни бартараф этишдан кўра баҳона қидириш, бу ҳам етмагандек, аҳолининг мурожаати йўқлигини важ қилишдан нарига ўтмайдилар. Янгам санчар, мен тортар, деганларидек электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳам Сурхондарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари худудий бирлашмаси раиси ўринбосари, ижрочи директори ҳам аҳолининг мурожаатини кутиб ўтиришибди. Бу ҳақда  Нигина Шоеванинг мақоласида танишасиз.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

ТЕЛЕВИЗОР ҲАҚИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?

Жорий йил 3 март куни Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида ҳаво очиқ эди. Бироқ тушликдан сўнг тўсатдан шамол турди. Бу эса туманнинг Охунбобоев номли маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига қимматга тушди — одамларнинг 100 га яқин телевизори, бошқа қатор электр ускуналари ишдан чиқди.

Ҳайратланманг, агар электр тармоқлари корхонаси ходимлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашса, камчиликларни бартараф этиш эмас, баҳона қидириш билан шуғулланса, бундан ташқари, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари ва кўрган зарари учун ҳеч ким жавобгар ҳисобланмаса, шундай бўлиши муқаррар экан. Бўлар иш бўлди. Энди гап бу каби ҳодисалар такрорланмаслиги учун нима қилиш, аҳоли кўрган зарарни ким қоплаб бериши устида қолди, холос.

Зарарни ким қоплайди?

— Жорий йилнинг ўзида бу ҳол иккинчи такрорланиши, — дейди йиғин масъул котиби Эркин Ғаффоров. — Оқибатда аҳоли жиддий зарар кўрди. Шу йилнинг 24 февраль кунги ортиқча кучланиш сабаб 20 нафардан зиёд фуқаронинг телевизор, телефон, совуткич ва музлаткичи ишдан чиқди. Ўшанда ҳеч кимга шикоят қилмадик. Ускуналарни ўзимиз таъмирладик. Бироқ орадан бироз вақт ўтиб, яна шундай ҳолат такрорланди.

Аммо бу гал аҳоли жим ўтирмоқчи эмас. 3 март куни содир бўлган ҳодиса туфайли азият чекканлар йиғинга ариза ёзиб, тегишли ташкилот томонидан зарар қопланишини талаб қилмоқда. Шу кунгача мурожаатчилар сони 103 нафарга етган.

— Кучланиш натижасида телевизор, оиламиз аъзоларига тегишли 3 та уяли телефон ишдан чиқди, — дейди шу маҳалладан О.Норматова. — Бир йилнинг ўзида 3 марта янги телевизор сотиб олишимизга тўғри келди. Очиғи, пичоқ бориб суякка қадалди. Энди мазкур ҳолатга ким айбдор бўлса, ўша ташкилот зараримизни тўлаб бериши лозим.

Тараққиёт кўчаси 28-уйда яшовчи Абдулла Шопўлатовнинг бирйўла иккита телевизори ишдан чиққан. Унинг айтишича, телевизорлар 74 минг сўмдан созлаттирилган. Қизиғи, электр ускуналарининг бари бир вақтда эмас, сутканинг турли соатларида ишдан чиққан. Демак, 3 март кунининг ўзида бир неча марта кучланишлар кузатилган.

Бешта ҳисоблагич алмаштириб берилди

Таҳририятимизга содир бўлган ҳодиса тўғрисида тушунтириш берган туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Алишер Йўлдошев кучланиш 3 март куни фақат бир марта — соат 16:00 да содир бўлганини таъкидламоқда. Бундан ташқари, у корхонага ҳолат юзасидан мурожаатлар бўлмаганини, шунга қарамай, фуқароларга ёрдам берилаётганини айтмоқда.

— Симлар бир марта қўшилган ва узилган, — дейди у. — Ўша куннинг ўзида ходимларимиз билан муаммони бартараф қилдик. Хонадонларга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашдик. Ўрганишлар натижасида 5 нафар фуқаронинг ишдан чиққан электр ҳисоблагичи қиймати қоплаб берилади. Телевизор, телефон қувватлагич ва лампочкалар фуқаролар томонидан таъмирланган.

Аҳолининг айтишича, кўнгилсизликка фақат шамол сабабчи эмас. Ўрнатилганига 35 йил бўлган, 400 хўжаликка хизмат кўрсатувчи трансформатор алмаштирилмас экан, телевизорлар куяверади. Уни алмаштириш тўғрисида мутасадди ташкилотларга бир неча марта мурожаатлар қилинди. 3 март кунги ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш бўйича электр таъминоти корхонасига мурожаат бўлмагани эса аввалги аризалар эътиборсиз қолгани билан боғлиқ. Суриштирувимиз давомида мутасаддилардан «аҳоли кўрган зарарни ким қоплайди» деган саволимизга тайинли жавоб ололмадик.

Ҳамдам ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари худудий бирлашмаси раиси ўринбосари, ижрочи директори:

— Аҳоли билан туман электр тармоқлари корхонасининг шартномасида фуқаролар сарфлаган электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида тўлаб бериш, электр тармоқлари корхонаси эса сифатли электр энергияси етказиб бериши кераклиги белгилаб қўйилган. Шунга кўра, ҳақиқатан ҳам, кучли токланиш натижасида аҳолининг маиший техникалари куйгани ўз исботини топса, электр тармоқлари корхонаси моддий зарарни қоплаши шарт. Бироқ бунинг учун махсус лицензияга эга устахоналар ва электр тармоғи корхонаси мутахассислари фуқароларнинг маиший техникалари кучли токланиш натижасида куйгани ҳақида хулоса бериши жоиз. Яна бир гап. Ангор тумани Охунбобоев номли  маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси бўлиб ўтган воқеа юзасидан бизга ҳам, тумандаги бирлашмамизга ҳам мурожаат қилгани йўқ. Агарда улар мурожаат қилишса, ходимларимиз вазиятни ўрганиб чиқиб, одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришамиз.

Нигина ШОЕВА,

«Mahalla»

2019 йил 14-21 март, 14-сон

«Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар