ҚОВОҚВОЙНИНГ КУНДАЛИГИ

252


Фақат биз қовоқларгина автобусда ёши катталарга жой бермаймиз!

***

Ҳамма нарсанинг нархи сезиларли даражада ошди. Фақат қовоқларнинг эмас. Чунки улар ўзларининг нархи (одамлар тилида айтганда ҚАДРИ) ошишини эмас, кўпроқ бошқа нарсаларнинг нархи тушишини истайди.

***

Эътибор қилганмисиз, катта-катта мажлисларда вақтидан олдин кетаётган қовоқлар энкайиб чиқиб кетади. Худди шундай қилса, ҳеч ким кўрмайдигандек…

***

Қуйма фикрлар учун қуйма ақл керак. Так что, хавотир олманглар…

***

– Қовоқвой ака, сизни маҳалладаги ғийбатчи хотинлар кўпхотинлиликда айблашяпти.

– Шу ғийбатчи хотинларнинг гапига ишондингми? Қара, улар ҳатто кўпхотинлик билан қўшхотинликнинг фарқига бормайди…

***

– Овозим жуда паст қандай, баланд қилсам бўлади?

– Машинанг борми?

– Ҳа.

– Унда таксичилик қилиб, вилоятга қатна. Бир ойда Олмазордан туриб бақирсанг, Чилонзорга эшитиладиган бўлади.

***

Бирови фейсбукда маслаҳат сўраяпти:

– 20 000 доллар пулим бор. Қандай бизнес қилсам бўлади?

Менда зўр ғоя бор. Қандай қилиб 20 000$ топиш мумкинлигини ўргатсангиз айтаман?!

***

Кўйлагининг тугмаларини аранг ўтказгани кўриниб турган мансабдор сабр ва тежамкорлик ҳақида ойликхўрга насиҳат ўқиди…

***

– Вақт бу – пул, дўстим!

– Бир ой вақтинг қанча туради, Қовоқвой?

– 600 минг!

– Нега 600 минг?

– Ойлигим шунақа!

***

Қовоқвой Эмпириокрититсизм фалсафасини ўрганмоқчи. Биринчи босқич – Эмпириокрититсизм сўзини тўғри талаффуз қилиш!

***

Қовоқлар иккита одамни ёмон кўради:

1. Порахўр одам.

2. Пора олмайдиган одам.

***

«Завқи йўқ одам лутфни англамайди. Бир дўстимиз бўларди. Латифа айтсалар кулмас, «йўғ-ей, бунақа бўлиши мумкин эмас», деб турарди…»

(Эркин Воҳидов, «Сўз  латофати»дан)

Қовоқлар доим бўлган! Шунчаки, ҳозир кўпайган, холос

***

Шаҳарга келган қовоқ уч яшар рус болакайни кузатиб туриб айтибди.

– Русларнинг болаларига маза-да…

– Нимага?

– Чунки рус тилини билишади-да!

 Абдул МАЛИК

Қовоқвойнинг теша тегмаган фикрлари унинг кундалигида бисёр. Улардан баҳраманд бўлиб борай десангиз албатта “Ishonch.uz” cайтини кузатишда давом этинг!

Бошқа хабарлар