Билмас

152

Қора бахши Умиров
Ўзбекистон халқ бахшиси

Қора бахши 1934 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Отаси Умир бахши Сафаров Шеробод достончилик мактаби асосчиси Шерназар бахшининг шогирди бўлган.

Бахшичилик санъати сирларини отасидан ўрганган Қора бахши айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида истиқомат қилади. Унинг репертуаридан «Авазхон», «Малла савдогар», «Алпомиш», «Нурали ва Семурғ», «Жаҳонгир», «Самангул ва Сувонгул», «Гўрўғлининг туғилиши», «Олтин қабоқ», Жузумкўзнинг олиб келиниши», «Туркистон» каби достон ва термалар ўрин олган.
У 1985-87 йилларда Хива ва Тошкентда ўтказилган Бутун­иттифоқ халқ ижодиёти фестиваллари лауреати бўлган. 1999 йили «Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё республикалари бахши шоир ва оқинларининг халқаро кўрик фестивалида иккинчи ўринга сазовор бўлган.
Ўзбекистон халқ бахшиси Қора бахши Умиров бахшичилик санъати давомийлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиш баробарида кўплаб шогирдларни тарбиялаб келмоқда.

Зар қадрини заргар билмас,
Қайнаб-қайнаб тошмагунча.
Боғ қадрини боғбон билмас,
Ўз таврига пишмагунча.
Мард қадрини номард билмас,
Бир муҳим иш тушмагунча.
Ёр қадрини олган билмас,
Бир ёмонга қўшмагунча.
От қадрини минган билмас,
Пой-пиёда бўлмагунча.
Эл қадрини шоҳлар билмас,
Юртдан юртга ошмагунча.
Ака қадрини ука билмас,
Якка қолиб шошмагунча.
Ер қадрини деҳқон билмас,
Яхши ҳосил олмагунча.
Устоз қадрини шогирд билмас,
Бир гандираб олмагунча.
Ота қадрини ўғил билмас,
Ота бир кун ўлмагунча.
Кўл қадрини ўрдак билмас,
Суви қуриб қолмагунча.
Чўл қадрини чорва билмас,
Ўт-ўлансиз бўлмагунча.
Қуллик қадрин олган билмас,
Юк кўтариб толмагунча.
Соз қадрини чертган билмас,
Сози синиб қолмагунча.

Ёзиб олувчи:
Ўктам ҲАКИМОВ

Бошқа хабарлар