“Ишонч” газетасининг 2019 йил 14 мартдаги 34-сонида Ўрол Содиқнинг “Халқ таълими вазирига очиқ хат”ига жавоб

212

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Президент мактабларини очишни эълон қилиб, мазкур таълим муассасалари ҳақиқий ватанпарвар ва юксак маънавиятли битирувчиларни етиштириб чиқариши кераклигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Президент мактабларида иқтидорли ўғил-қизларга таълим беришда дунёнинг энг яхши методикаларидан фойдаланиб, дарслар инглиз тилида ўтилиши зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Бу каби олий мақсадларни кўзлаб, инглиз тилини ўрганишга чорлаш ўз она тилига беэътибор бўлиш ёки ватанпарварликка қарши бориш деб баҳоланиши нотўғри. Барчамизга маълумки, мамлакатимизда дунёга машҳур кўплаб алломалар яшаб ўтган. Президент мактаблари ҳам келгусида шундай алломаларни етиштириб чиқарадиган масканга айланиши кўзда тутилган.

Дунёда фан-технология соҳасидаги янгиликлар ҳам, энг аввало, инглиз тилида чоп этилади. Бу янгиликлар дастлаб рус, сўнгра ўзбек тилига таржима қилинади. Натижада мазкур янгиликлар ўзбек тилидаги дарслик ва илмий адабиётларда чоп этилиши учун бир неча ой, ҳатто йиллар талаб этилади. Мана шундай шиддат билан ривожланаётган замонда инглиз тилини билмаслик илмий-техник соҳада анча орқада қолиб кетилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорнинг 3-бандига кўра, мазкур мактабларда дарс жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастур бўйича инглиз тилида олиб борилади.

Президент мактабларида фарзандларини ўқишини истовчи ота-оналар ҳозирдан ўғил-қизларининг инглиз тили бўйича билимини оширишга ҳаракат қилишлари керак. Ушбу йўналишда бепул ахборот ресурсларидан фойдаланиш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан маслаҳатлар берилади. Буларнинг бари нафақат Президент мактабларида ўқишни хоҳловчилар учун, балки инглиз тилига қизиқувчи бошқа ўқувчиларнинг муваффақиятга эришишига қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Эътиборлиси, Президент мактабларига кириш учун инглиз тилини билишга юқори талаб қўйилмайди. Асосий мақсад иқтидорли ўқувчиларни саралаш бўлгани учун имтиҳонларда ўғил-қизларнинг фикрлаш қобилиятига эътибор қаратилади. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун Буюк Британиянинг Кембриж университети имтиҳон кенгаши билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ўқувчилар қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг уларга инглиз тили мукаммал ўргатилади. Ёшлар STEAM – таълим йўналишида инглиз тилида ўқиса, она тили ва адабиёт, тарих каби фанлардан давлат тилида сабоқ берилади.

Нима учун Президент мактабларида таълим асосан инглиз тилида олиб борилади? Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 90 фоиздан ортиқ маълумот инглиз тилида берилади. Инглиз тили дунё бўйлаб кенг тарқалган ва тобора тарқалиб бораётган тил ҳисобланади. Жаҳондаги халқаро илмий анжуманлар ҳам инглиз тилида олиб борилади. Барча ривожланган давлатлар мактаби, лицейи, коллежи ҳамда олий таълим даргоҳида инглиз тили ўқитилади.

Президент мактабларида ўқувчиларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиялашга ҳамда ҳақиқий ватанпарвар бўлиб камол топиши учун катта эътибор қаратилади.

Шу билан бирга, Президент мактаби ўқувчиларига давлат таълим дастурига киритилган рус тили фани ҳам ўргатилади. Шунда мақола муаллифи ёзгандек, фарзандларимиз БМТнинг камида иккита расмий тилида мулоқот қила олиш имкониятига эга бўлади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Бошқа хабарлар