ҚАЛАНДАР

208

Ўзбекистон халқ бахшиси
Бахшиқул Тоғаев

Бахшиқул бахши 1960 йили Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. У дўмбира чалишни отасидан ўрганган. Сўнгра Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевга шогирд тушган. Унинг ижодий бисотида «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Соҳибжамол ва Соқибқирон», «Ойсулув», «Гўрўғли», «Ойчинор», «Бобо Равшан» каби достонлар, «Қаландар», «Меҳр-оқибат», «Армонинг», «Она», «Ўзбегим», ­«Наврўз», «Ўкинч» каби термалар ва «Чўпон чалиш», «Сарвиноз», «Гулойим» каби бир қанча дўмбира куйлари бор.

Қаторда тиркаб норидан,
Нор устида-я заридан.
Кечдим дунёнинг бовуридан,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Бугунлар юракпораман,
Юракни кимга-я жораман?
Дунё толоғини бераман,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Кўп экан дунёнинг армони,
Қолмади тенамнинг дармони.
Бозорда ўриса армони,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Жомон тун, найлай ишимни?
Кўздан оқиздинг ёшимни.
Қайларга урай бошимни?
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Мажнундек саҳролар кезмадим,
Вомиқдек дарёға чўкмадим.
Фарҳоддек товди-я қазмадим,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Юздаги қора холиға,
Лабдаги асал-болиға,
Ўзим осмадим-ай толиға,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Тентираб элда журарман,
Дунёнгни нима қиларман?
Очиқ гўрларга кирарман,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Йиғлайин энди зор-у зор,
Қўлимдан кетган-а ихтиёр.
Масканим бўлсин-а чор девор,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

Оллоҳдан фармон бўлгунча,
Келиб жонимни олгунча.
Исрофил сурини чалгунча,
Қаландар бўлғаним-бўлған.

ёзиб олувчи:
Ўктам ҲАКИМОВ

Бошқа хабарлар