Шифокорлар яшил майдонда

74

Тошкентда футбол бўйича «Doctors community cup – Tashkent – 2019» халқаро турнири доирасидаги ўйин­лар бошланди. Қуръа натижаларига кўра, I гуруҳдан Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекис­тон, II гуруҳдан эса Қозоғистон, Беларусь, Украи­на Республикалари жамоалари жой олди.

Биринчи турнинг дастлабки ўйинида А гуруҳида Қирғизистон – Тожикис­тон ўртасидаги муросасиз баҳс 1:1 ҳисобида якун топди. Б гуруҳидаги Қозоғистон – Беларусь жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилди. Украина ҳамда Қозоғистон жамоаларининг шиддат билан кечган ўйини голларга бой бўлди, яъни 0:7. Шу тариқа қозоғистонлик футболчи-шифокорлар йирик ҳисобда зафар қучдилар.
Ўзбекистон – Қирғизистон жамоалари ўртасида кечган ўйин 3:0 ҳисобида ҳамюртларимизнинг ғалабаси билан якунланди. Қирғизис­тон терма жамоаси аъзолари ўз жарима майдони ичида ўйин қоидасини бузишди ва ҳакам 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Шавкат Юсупов зарбани аниқ йўллаб, ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда вакилларимизнинг ўйини янада жонланди ва рақиб жамоа дарвозаси яна икки бор ишғол қилинди. Сардор Муҳаммадиев ҳамда Фарҳод Умаров томонидан киритилган голлар ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилди.
Ҳамюртларимиз гуруҳдаги иккинчи учрашувини бугун – 28 март куни Тожикис­тон терма жамоасига қарши ўтказади.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар

Бошқа хабарлар