ЗУЛФИЯ МУКОФОТИ: ЖАРАЁН АДОЛАТЛИ ЎТДИ, АММО НАТИЖАЛАР…

281


Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳаққоний ўтмаслиги ҳақидаги миш-мишларни эшитиб, менда ҳам шундай таассурот сингиб қолганди. Миш-миш номи билан миш-миш-да. Ўзинг кўриб билмагунингча аниқ хулоса айтиш қийин. Биласиз, ўтган йилда мукофот низомида ўзгаришлар бўлди. Жумладан, энди ёш қизчалардан ташқари, 30 ёшгача бўлган аёллар ҳам мукофотга хужжат топшириш имкониятига эга бўлди.

Ўттиз ёшимда адабиётда эришган озми-кўпми ютуқларимга назар солиб, эҳтимолки, арзирман, деб ўйлаган ва энди адолатли бўлади, деган ишончда хужжат топширдим. Тошкент шаҳридан адабиёт йўналиши бўйича иштирок этдим. Тан оламан, жараён адолатли ўтди!

Шаҳардаги беллашувда ҳеч қандай таниш-билишчилик бўлмагани, ҳамма қизлар тўғри баҳоланганини кўриб, ишончим янада ошди. Республика босқичида ҳам ижодимни юқори баҳолашди. Хуллас, адолатсизлик кўрмадим. Бир ой жавобларни кутдик. Мана, мукофотланганлар рўйхати ҳам эълон қилинди. Лекин натижа нега баҳолаш тизимига мос келмади? Агарки, йўналишга қараб эмас, ҳудуд бўйича саралашар экан, нега мен Тошкентдан топширган бошқа йўналишдаги қизлар билан беллашмадим? Шунда жараён очиқ ўтган бўларди.

Тошкентдан мукофот олган қизлар фаолияти билан ҳам таниш эмасман. Сабаби шу: биз ҳудуд бўйича йиғилиб ҳакамлар олдида биргаликда баҳоланмадик. Менга қолса, республика босқичида ҳакамлар ОАВ иштирокида қизларни шартлар бўйича синаб ўша заҳоти балини эълон қилсин ва юқори ўринлар ғолиб деб топилсин.  Номзод қизларнинг аксариятини танийман. Сурхондан илғор адиба Алия Темурийзода, Фарғонанинг олди шоираси Шоҳсанам Нишонова, Наманганлик олима ва ижодкор қиз Манзура Абдуллаевалар мукофотланишига ишочим комил эди, лекин бирортасига ҳам насиб қилмади.  Ёш ижодкорларнинг деярли ҳаммасини ўқиб кузатиб бораман, ачинарлиси, адабиётдан ғолиб бўлган қизларнинг исмини бирор марта эшитмаганман. Ўзи номзодларнинг ёзган шеър ва ҳикоялари ўқиб кўриладими? Савияга қараладими, бошқалар билан солиштириладими? Ёки фақат диплом, фахрий ёрлиқ, сертификатлар рўйхати узун бўлса етарлими? Ғолиб бўлганлар фаолияти билан таништирув бўйича мақола ёзилса айни муддао бўларди.

Мукофотланганларнинг 28 тасидан 24 таси мактаб, коллеж, лицей, интернат ўқувчилари ва олийгоҳ талабаларидан иборат. Олийгоҳни тамомлаб, кўп йиллардан буён ишлаб меҳнат қилаётган, оилали, бир неча фарзандли 30 ёшгача бўлган аёлларнинг кўпчилиги эътибордан яна четда қолди. Фақат биттагина 30 ёшли ўқитувчига берилибди. Тошкент шаҳридан бу йил ҳам адабиёт йўналишига мукофот берилмади. Нафақат бу йил, балки кўп йиллардан бери берилмаяпти. Нега? Зулфияхонимнинг адабиётга алоқаси йўқми? Кўп ҳолларда ижодкорлар спортчию хонанда, кулолу созандаларнинг соясида қолиб кетади. Тепадагилар буни шундай изоҳлаши мумкин: чунки уларнинг ютуқлари кўп. Албатта, кўп бўлади-да… Спортчилар турли чемпионатларда ҳар йили иштирок этишади, чет элларга бориб медаллар олишади, уларда бу борада имкониятлар кўп. Ижод аҳлида-чи? Бирор адибанинг чемпионатларда юрганини, медаллар олганини кўрганмисиз? Бизда адабий танловлар деярли йўқ. У фақат ижод қилади! Узоқ меҳнатлардан сўнг китоби чиқади. Фестиваллар, гастроллар, томошалар, кўргазмалар уюштирмайди. Керак бўлса, менга ўхшаб уйдан чиқмай китоб ёзади. Ўзбекистонда ижодкор қизлар учун фақат Зулфия мукофоти таъсис этилган. Санъаткорларга “Ниҳол” бор, спортчиларга Ўзбекистон, Осиё, Жаҳон чемпионатлари борки, шулар билан ҳам тан олинсалар бўлади. Нима демоқчиман, Зулфия мукофотида аввало, назм, наср, таржима йўналишида фаол қалам тебратаётган қиз-аёллар кўзда тутилса. Ахир Зулфияхоним дилбар шеърлари, пухта таржималари, насрда ҳам бадиалари билан ном қолдирган-ку… Масалан дейлик, Ирода Тўлаганова мукофоти таъсис этилсаю, унда биринчилардан бўлиб шоиралар ғолиб бўлса, Тамарахоним мукофотида носирлар беллашса, ғалати кўринмайдими?

Бу ёзганларим билан мукофот менга берилиши керак эди, деган иддаодан йироқман. Ўттиз ёшга тўлдим, бу биринчи ва охирги иштироким бўлди. Кўплар қатори азбаройи ўқишга кириш учун топширганим йўқ, мукофот пулига ҳам муҳтож эмасман, тадбирларда “Зулфиячи қиз” бўлиб тўрда ўтиришни эса умуман истамайман, шуҳратга ўч эмасман, уйда ижод қиламан, озми кўпми, мухлислар орттирдим, шунинг ўзи менга етарли. Фақат биздан кейинги қизларнинг ишончини ўлдирмайлик!

Насрдаги ёш сингил-шогирдларимнинг шу кунларда “агар сизга берилмаган бўлса, биз ҳам топширишдан умидимизни уздик”, деб кўнгилларида ишончсизлик уруғи сепилаётганидан афсусдаман. Ёшларнинг кўнгли шундайки, қаршисида ноҳақликлар учраса, синиб қолади. Зулфия мукофотига эришолмаган кўплаб қизлар ижоддан кетганини эшитганман. Лекин аксини қилиш керак: ижодни юксалтириб, мукофотланганлардан яхшироқ эканингизни исботланг! Тўғри, Зулфия мукофотини ҳақли олган ижодкорларни ҳам танийман, аммо улар жуда озчиликни ташкил этади.

Қизлар, айни ўқийдиган, илм оладиган, ижод қиладиган паллангизда мукофотлар ҳақидаги хаёллар билан чалғиманг. 14 ёшидан бери 6-7 йилдирки, вақтини зое қилиб мукофотга топширадиган қизларни кўриб, ачиндим. Уларнинг мақсади нима? Олийгоҳда гранд асосида ўқишми? Менга қолса, бу имтиёз олиб ташланса, топширувчилар сони тенг яримга қисқарарди. Ҳамма қатори шу сарфланган йилларни ҳужжат йиғиб кетказгандан кўра таълимга ажратсалар эди, аллақачон талаба бўлардилар. Куздан баҳоргача давом этадиган оворагарчиликлар, харажатлар, кутишлар, кўз ёшлар соф кўнглингизни оғритиб қўйиши мумкин. Сизга олий мукофот – халқ меҳри ва ишончи! Сўзим якунида, шу вақтгача мукофотланмаган, аммо иқтидорли ва истеъдодли қизларга қаламингизни қўйманг, Сўз билан кўнгилларни забт этишда давом этинг, деб қоламан.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА,

ижодкор, журналист.

Зулфия номидаги давлат мукофотига номзод бўлган муаллиф ҳақида

Нодирабегим Иброҳимова 1989 йил 18 июлда Фарғона вилоятида туғилган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. Наср, публицистика ва таржима йўналишида ижод қилади.

Қисқа ҳикоялари 2016 йилда инглиз тилида Ҳиндистоннинг “Еpisteme” ҳамда АҚШнинг “Сету” журналида эълон қилинган. Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилги “Истеъдод мактаби” VIII ёш ижодкорлар семинари қатнашчиси. Ижод фонди томонидан 2017 йилда “Ёнингдаги бахт” ҳикоялар тўплами 10 минг нусхада чоп этилган. Учта насрий ва учта таржима китоблари нашрдан чиққан. 

2017 йилда Швеция давлатида ўтказилган “Европа очиқ адабиёт фестивали ва китоб форуми”да Ўзбекистондан чиққан финалчилар қаторидан жой олган. 2017 йил сўнггида Ёшлар иттифоқи мукофотининг наср йўналиши бўйича “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори” йўналишида ғолиб бўлган.

2018 йилда “Амарантус” адабий агентлиги томонидан ўтказилган танловда “Энг яхши таржима” номинациясида 1-ўринни эгалллаган. 2010 йилдан ҳозирга қадар «Бекажон» газетасида мухбир лавозимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси қошида очилган “Умид” номли наср тўгарагини юритмоқда. Оилали, уч фарзанди бор.

Бошқа хабарлар