Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

106

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатимизда чорва моллари ва паррандалар бош сонини барқарор оширишни таъминлаш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария сервис сифатини ошириш, ҳайвонларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, чорва молларининг наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ҳамда чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари кўпайтирилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.
Республикада наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасидаги эпизоотик осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари сифатида белгилансин:
ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ушбу соҳада давлат, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш;
ветеринария соҳаси ва чорвачиликнинг барча тармоқларини, шу жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларини мувофиқлаштириш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
эпизоотик осойишталикни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактика ишларининг самарадорлигини мониторинг қилиш;
чорвачилик ва наслчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмларини амалга ошириш, чорвачилик хўжаликларига озуқа етиштириш учун ажратилган ер майдонларида чорва озуқа экинларини жойлаштиришни ташкил этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишни мониторинг қилиш;
чорвачилик тармоқларида ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш ишларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштириш;
ветеринария ва наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ва муомаласи юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
ветеринария ва наслчилик-селекция соҳаларида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижалари ветеринария ва наслчилик-селекция амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш;
чорвачилик маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этиш, ветеринария ва чорвачилик соҳаларига хорижий инвестициялар ва грант маблағларини жалб қилиш;
соҳа кадрларини тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш, раҳбар ҳамда мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси таркибидаги, қуйидаги муассасалар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибига ўтказилишига розилик берилсин:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг қошидаги академик лицей;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказининг Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
3. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси эпизоотик осойишталикни таъминлаш, ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олиш, чорвачиликнинг барча тармоқларини ва наслчиликни ривожлантириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, унинг тизими ва ҳудудий ташкилотларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
5. Илмий-тадқиқот ишлари, қўмита тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, ходимларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбалари этиб:
Давлат чегараси ва транспортда давлат ветеринария назорати бошқармасининг ҳамда Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказининг хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи;
чорвачилик фермер хўжаликларига сотиладиган уруғлар, сунъий уруғлантириш хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик бошқармаси, Балиқчилик бошқармаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида фаолият кўрсатадиган “Ўзбекчорванасл” агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилсин.
7. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
чорвачилик тармоғини ривожлантириш, сунъий уруғлантиришни ташкил этиш, наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш;
чорвачиликда соф генофондни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган наслчилик-селекция дастурларини амалиётга татбиқ этиш ва мувофиқлаштириш;
чорвачиликда наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилаш мақсадида наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш;
озуқабоп экинларни етиштириш учун ажратилган ер участкаларида ушбу экинлар етиштирилишини мониторинг қилиш.
8. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
чорва моллари бош сони 100 шартли ва ундан ортиқ бўлган чорвачилик ҳамда паррандалар сони 100 минг бош ва ундан юқори бўлган паррандачиликка ихтисослашган хўжаликларда алоҳида штат асосида ветеринария врачи ва зоотехник мутахассисларнинг фаолият юритиши жорий этилади;
қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлар (бўрдоқичилик хўжаликлари бундан мустасно) ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар Агентлик томонидан ишлаб чиқилган селекция режасига асосан мазкур ҳудуд учун бириктирилган зотдаги наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;
туман ҳокимликлари ҳар йилнинг 1 декабрига қадар Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига фермер хўжаликлари кесимида келгуси йил учун озуқа экинларини жойлаштириш режасини тақдим этади;
шахсий ёрдамчи, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш учун фойдаланиладиган наслдор буқаларнинг музлатилган уруғи ҳамда кимё корхоналари томонидан етказиб бериладиган суюқ азот харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплашга рухсат этилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

           Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,2019 йил 28 март

Бошқа хабарлар