«СОҒЛОМ», «КАСАЛЛИК» ГЕНЛАРИ ДЕГАНДА НИМАЛАР ТУШУНИЛАДИ?

158
Portrait of a doctor with two of her co-workers talking with a patient in the background


Бугунги кунда  қариндошлик ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хўш, бундай никоҳлар нима учун хавфли?  Ногиронлик ҳолатларининг олдини олиш учун нималар қилиш керак? «Соғлом», «касаллик» генлари деганда нималар тушунилади?  Хоразм вилоятида чоп қилинадиган «Хorazm tibbiyoti-Медицина Хорезма» газетасида берилган «Ирсиятни асрайлик» мақоласида шу ҳақда сўз юритилади.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.


 ИРСИЯТНИ АСРАЙЛИК

  Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 1966 йили дунёнинг турли мамлакатларидаги 38 та илмий марказ маълумотларини умумлаштирди. Унда врачлар 20 миллиондан ортиқ янги туғилган чақалоқларни текширишган. Шундан 1 фоиз бола туғма мажруҳ бўлган, яъни ҳар бир юзинчи туғилган бола майиб-мажруҳ ёки ирсий касал демакдир. Айрим марказларнинг маълумотларида эса бу рақам 2-3 фоизни ташкил этган. Масалан, АҚШ да бу рақам 3 фоиздан ошиб кетганлиги қайд қилинган. Ҳозирги вақтда одамларда 2500 га яқин касалликнинг наслдан-наслга ўтиш қонуниятлари ўрганилган. Айниқса, кейинги йилларда одамдаги мавжуд белгиларгина эмас, балки анча мураккаб сифатлар: ҳид билиш, таъм сезиш, эшитиш, кўриш, ҳатто айрим касалликларга мойиллик, одам ҳулқининг хусусиятлари, истеъдод ва бошқаларнинг ҳам наслдан-наслга берилишида ирсиятнинг роли борлиги исботланди.

Ирсий касалликлар қариндошлар ўртасидаги никоҳдан бўлган чақалоқларда кўп учраши ҳеч кимга сир эмас.

Ирсий касалликларни даволаш борасида тиббиёт фани катта ютуқларга эришмоқда. Яқин қон-қариндошлардан ирсий нуқсонлар билан туғилган болаларга касалликнинг турига қараб дори-дармонлар, айниқса, махсус гормон препаратлари, ҳатто жарроҳлик даволаш усуллари ҳам қўлланилмоқда. Туғма ирсий касалликларни даволашдан кўра унинг олдини олиш осон. Шунинг учун қариндошга қиз бериш ёки қариндошдан қиз олишга йўл қўймаслик керак. Буни эса ҳар бир ота-она билиши шарт.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нима учун хавфли?

Қариндошлик никоҳи – бу иккала никоҳланувчи шахсларнинг аждодлари умумий, иккаласига ҳам таълуқли бўлишидир.

«Касаллик» ёки «соғлом» генлар қуйидаги кўринишларда учрайди:
Соғлом ота-оналарда фақат «тоза», «соғлом» генлар мавжуд.

Касаллик генини ташувчилари ўзлари касал бўлмайди, лекин касаллик генларини ўз фарзандларига беради. Уларнинг 50 фоиз уруғи «касаллик» генини, 50 фоизи «соғлом» генларни сақлайди.

Беморларда умуман «соғлом» генлар мавжуд эмас. Уларда фақат «касаллик» генлари мавжуд.

Қачонки ота-оналардаги «касаллик» генлари бир-бири билан учрашса, фарзандларнинг ирсий касаллик билан туғилиши кузатилади. Ҳар бир бола ўз генларининг ярмини онадан, иккинчи ярмини отасидан олади.

«Касаллик» ёки «соғлом» генларни берилиши 3 хил кўринишда бўлади.
1. Ҳомила иккита «соғлом» генлардан иборат уруғдан ривожланса, бола соғлом туғилади.

2. Ҳомила ота-оналарнинг бирини «соғлом» генини сақловчи, иккинчисининг «касаллик» генини сақловчи уруғидан ривожланади, натижада бола соғлом, лекин «касаллик» генининг ташувчиси бўлиб қолади.

3. Ҳомила ота-онанинг «касаллик» генини сақловчи уруғларидан ривожланади ва бола касаллик билан туғилади.

Табиийки, қариндошлар орасидаги никоҳда «касаллик» генларини учраши эҳтимоли юқори бўлади. Қариндошлик қанча яқин бўлса, «касаллик» пайдо бўлиши эҳтимоли шунча юқори бўлади.

Қариндош орасидаги никоҳларга алоҳида эътибор беришимиздан мақсад, уларнинг келгуси фарзандлар ва авлодлар ҳаётида оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ва унинг зарарини яна бир бор илмий асосда аҳолининг кенг қатламига етказишдан иборатдир.

Демак, соғлом, бақувват, бенуқсон фарзанд ва авлодлар ҳақида ўйлар эканмиз, аввало ҳар бир ўсиб келаётган ўғил-қизларимизга фойдали маслаҳатлар бериб туришимиз керак. Уларга оила қуриш инсон ҳаётидаги энг муҳим масала эканлигини, балоғат ёшидаги ўзига хос хусусиятлар, неча ёшда уйланиш, кимга уйланиш, қачон турмушга чиқиш, қайси ёшда фарзанд кўриш борасида холисона маслаҳатлар бериб бориш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Фарзандларингиз келажагини, соғ-саломат, баркамол бўлишини истасангиз, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлардан воз кечинг!

Элбек БОЛТАЕВ,
Хива туман тиббиёт бирлашмаси невролог шифокори

2019 йил март, 3-сон

«Хorazm tibbiyoti-Медицина Хорезма» газетаси

Бошқа хабарлар