БЕШТА ТАШАББУС БЎЙИЧА ДАСТУРЛАР ЁШЛАР ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

128

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Аввал хабар қилинганидек, 19 март куни бу борада видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бирламчи вазифалар белгилаб берилган эди. Уларга мувофиқ ҳар бир ташаббус бўйича чора-тадбирлар дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Йиғилишда мазкур дастурларга киритилган таклифлар, уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.
Хусусан, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшни маданият ва санъат соҳасига жалб этиш бўйича ҳудудий «йўл харита»ларини тасдиқлаш кўзда тутилган. Шунинг­дек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳавас­корлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланган. Янгидан қуриладиган, реконс­трукция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати ҳам шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари дастур лойи­ҳасида тадбирларни амалга ошириш механизмлари етарли эмаслиги, ҳар бир шаҳар ва туманга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилган соҳа намояндаларининг амалий вазифалари аниқ белгиланмаганини қайд этди. Ҳудудий «йўл харита»лари ижросини тизимли ташкил этиш, тўгарак ва синфларга қамраб олинган болаларни рағбатлантириш, жумладан, турли танловлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Белгиланган қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари, шунингдек, маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини зарур чолғу асбоблари билан таъминлаш учун тегиш­ли маблағ ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дас­тур лойиҳасида яқин 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш белгиланган.
Президентимиз мавжуд ва янги қуриладиган спорт иншоотларига аҳоли ва ёшларни кенг жалб этиш, оммавий спорт тадбирларини ўтказишни янада кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
Учинчи ташаббусга мувофиқ аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилган.
Йиғилишда аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.
Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда ушбу корхоналарни пухта ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бозорини, яъни аниқ харидорини топиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилиб, дастурлар лойиҳаларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

ЎзА

Бошқа хабарлар