Яхши сув учун яхши кўза…

134

Халқ оғзаки ижоди, хусусан, бахшичилик cанъати кишини қаҳрамонлик, фидойилик, баланд инсоний туйғулар, бурч, яхшилик илиниш, ёмонликдан қочиш каби хислатлар устувор юксак оламга олиб киради, руҳини озиқлантиради, уни ҳам шу «дардлар» билан «касаллантиради».

«Akademnashr» томонидан чоп этилган «Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам» китоби шу жиҳатдан бадиий сўз ихлосмандлари учун туҳфа бўлди. Китоб босма ва аудио шаклда бўлиб, достон ва термаларни «Alpomish media» раҳбари Ўктам Ҳакимов тўплаб, қоғозга туширган.
Ўзбекистон халқ бахшилари Абдуназар бахши Поёнов, Шоберди бахши Болтаев, Хушбоқ бахши Мардонақулов, Чори бахши Умиров, Бобораим бахши Маматмуродовлар, таниқли бахшилар Абдурашид Боймуродов, Йўлдош Сувонов, Қодир Раҳимов ва бошқаларнинг ижод намуналари жамланган тўп­лам нафақат мазмун, балки шакли билан киши эътиборини тортади. Муқова учун танланган ранг, саҳифалардаги суратлар, ҳошиялардаги нақшлар кўзга ором беради, асарнинг нафақат ақлан, балки визуал қабул қилинишини ҳам ёқимли машғулотга айлантиради. Умуман, нашриётларимиз «ёмон кўзада яхши сув» ақидасидан тобора воз кечиб, «яхши сув учун яхши кўза» тамойили билан иш юритмоқда. Тўп­ламга киритилган достон ва термалар ёзилган аудиоёзувлар диски ҳам ичидаги хазинага мос тарзда дизайн қилинган. Саҳифадан саҳифага ўтган сари китобхон кенг далаларга чиқиб кетади, кўм-кўк осмон остида хаёл суриб ётади, кўз қорачиқларига дунёни жойлаб олгудек юксалиб боради.
Муаллиф жуда салмоқли ва жиддий иш қилган – кенг оммага тақдим этилмаган, нашр қилинмаган термалар ва достонларни йиғиб, аудио ва босма шаклда чиқарган. Китобхон халқ оғзаки ижодининг янги, шу пайтга қадар нотаниш бўлган манбалари билан танишади, гўзалликларидан баҳра олади.
Тўпламдан ўрин олган айтимларда ўзбекнинг юксак мақомдаги ички маданияти акс этиб туради.
Терма ва достонлар билан танишиб бораркансиз, Сурхондарёнинг қайноқ ҳовури, Қашқадарёнинг алп полвонлари, Хоразмнинг чучуктил гўзаллари, қорақалпоқнинг эрка, шўх-шан қизлари даврасига тушгандай бўласиз.
Халқ оғзаки ижоди билан шуғулланмоқчи ёки уни тадқиқ қилмоқчи бўлганлар учун ўзига хос услубий қўлланма бўла оладиган «Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам» тўп­лами нафақат бадиий, балки маънавий ҳодисадир. У миллий ўзликни англаш, тарихдан ибратланиш, келажакка ҳам шу гўзал сифатларни олиб ўтиш йўлидаги дадил қадам бўлди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар