ЖАМОА ШАРТНОМАСИ НЕФТЧИЛАРГА МАЪҚУЛМИ?

102

Қарши шаҳрида «Ўзбурғунефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2018 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши юзасидан конференция бўлиб ўтди.

Дастлаб АЖ бошқаруви томонидан амалга оширилган
ишлар хусусидаги ҳисоботни «Ўзбурғанефтгаз» АЖ қудуқларни синаш-ўзлаштириш ва
капитал таъмирлаш бўйича менежери Завқи Сафаров ўқиб эшиттирди.

Қайд этилдики, 
ҳисобот йилида ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
мақсадида 6267 нафар ходим ўз билим ва маҳоратини оширган.

Ўта зарарли ва оғир меҳнат шароитларидаги ишлар учун
132 нафар ходимга бир кундан 6 кунгача қўшимча таътил берилган.

Икки ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган 80
нафар аёлга 235 миллион 974 минг 480 сўм миқдорида нафақа пули тўланган.

Шунингдек, ходимнинг «тўлов-шартнома» асосида ўқийдиган
фарзандларининг шартнома тўловларини иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан тўлаб
бериш, бола тарбияси муносабати билан таътилга чиқаётган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси,
бемор бўлган ходимларнинг мураккаб жарроҳлик амалиёти ва стационар даволаниши
учун, жамоат транспортида ишга келиб-кетиш харажатларини қисман қоплаш мақсадларида
ҳам моддий ёрдамлар ажратилгани таъкидланди.

Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Жумақул Қурбонов
жамоа шартномаси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Қайд этилдики, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий
ҳимоясини таъминлаш, меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси
масалалари бўйича касаба уюшма фаолларининг малакасини ошириш, ўқув-семинарлари
ва курсларини ташкил қилиш юзасидан  656
та йиғилиш ўтказилди, 6421 нафар ходим ўқитилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги
санаторийларга ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 132 дона, шундан тўрттаси
имтиёзли бепул, касаба уюшма бюджетидан 224 дона, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси
1 фоиз ҳисобидан 211 дона йўлланма ажратилди ва ходимлар соғломлаштирилди.
Бундан ташқари, нефт-газ тизимидаги санаторий-профилакторий ҳисобланган
«Геолог» сиҳатгоҳида 774 нафар, «Ўзбекгеофизика» АЖга қарашли клиник шифохонада
эса 417 нафар ходим саломатлигини тиклади.

Йил давомида Шаҳрисабздаги Беруний ва Сурхондарё
вилоятида жойлашган «Нефтчи» болалар оромгоҳида 3425 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилди.
Бунда хўжалик органлари томонидан ҳар бир боланинг бир кунлик овқатланиши учун
3 минг 580 сўмдан қўшимча маблағ ажратилиб, жами 18 минг 914 сўмга етказилди.
Шу ўринда, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг сметасида
боланинг бир кунлик овқатланиши сметаси миқдори 15 минг 334 сўм қилиб
белгиланганини эслатиб ўтиш жоиз.    

Бундан ташқари, тўрт нафар ёлғиз-кексанинг уйи
таъмирланиб, ўн икки нафарига дори-дармон олиб берилган.

Ишчи-ходимларнинг фарзандлари чет тилларини
ўрганишлари учун моддий кўмаклашиш мақсадида ҳам маблағлар ажратилди. 1056
нафар ходим фарзандларига ўқув қуроллари олиб берилди.

Музокаралар жараёнида сўзга чиққан Беруний номидаги
оромгоҳ директори Лутфулло Каримов 2018 йилги ёз мавсумида болаларнинг мароқли
дам олишлари учун «Ўзбурғунефтгаз» бошқаруви ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси
томонидан барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлади. Шу боисдан, режадаги
2700 нафар бола ўрнига 2870 нафар ўғил-қиз дам олдирилишига эришилди.

Қолаверса, оромгоҳда малака оширган бурғулаш усталари
учун эса турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, ходимлар вақтининг
сермазмун ўтиши таъминланган.

Ўз навбатида, «Қашқадарё пармалаш ишлари» АЖ касаба
уюшма қўмитаси раиси Султон Раҳмонов 847 нафар ходим ишлайдиган меҳнат
жамоасида жамоа шартномасига кўра амалга татбиқ этилаётган ишларга тўхталди.
Жумладан, меҳнат муҳофазаси тадбирлари, махсус кийим ва пойабзал ҳамда бошқа
шахсий ҳимоя воситалари, сут ва унга тенг­лаштирилган озиқ-овқат воситалари
билан таъминлаш яхши йўлга қўйилгани, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш
ишларида ўсиш кўзга ташланаётганига эътиборни қаратди.

«Ўзбурғунефтгаз» АЖ кадрлар билан ишлаш хизмати бошлиғи
Суннатилло Бўриев эса жамиятда ишлайдиган ҳар бир ходимнинг касбий малакасини
ошириш йўлида тизимли ва тартибли ишлар йўлга қўйилганини айтиб ўтди.

Конференция
ишида Нефт, газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг
раис ўринбосари Ғофуржон Ҳамидов иштирок этди ва делегатларга жамоа
шартномасининг таъсирчанлигини ошириш йўлида тегишли тавсиялар берди.

 Акмал АБДИЕВ,

                                            «Ishonch»

Бошқа хабарлар