АЁЛЛАРГА ГАП ЙЎҚ

100

Самарқанд шаҳридаги Спорт ўйин турлари ва енгил атлетика ихтисослаштирилган болалар ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Сиёб тиббиёт коллежи спорт мажмуаларида  “Аънанавий вилоят аёллар спартакиадаси” бўлиб ўтди. Унда турли соҳада меҳнат қилаётган 224 нафар хотин-қиз спортнинг етти тури бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Спартакиаданинг
тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари
бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов ва вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят
хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова соғлом ҳаёт тарзи асоси бўлмиш
спортнинг, кундалик, оилавий ҳаётдаги ўрни хусусида сўз юритдилар.

Қуръадан
сўнг, ҳудудлардан ташриф буюрган жамоалар қизғин баҳсга киришдилар. Сиёб
тиббиёт коллежи спорт мажмуасида валейбол бўйича бўлиб ўтган беллашувлар кескин
ва муросасиз кечди. Баҳслар мобайнида хотин-қизлар бўш вақтларини спортга бағишлаётганликлари
яққол сезилиб турди. Рақибларни бирма-бир таслим қилган Пайариқ туман 88-мактаб
валейболчилари мусобақанинг энг юқори пағонасини забт этди.

Стритбол мусобақасида
Каттақўрғон шаҳридаги 8-12-мактаблар жамоалари барчадан устун келишди. Шахматда
Тойлоқ туманидаги 34-мактаб ўқитувчиси Фарида Хурсанова барча рақибларини доғда
қолдирди. Шашка бўйича энг юқори маррани Булунғур туманидаги 54-мактаб ўқитувчиси
Гуласал Мусаева эгаллади. Дартс тури бўйича энг кўп очко жамғарган Нарпай туман
БЎСМ ходими Муҳаббат Худойбердиева ғолиб бўлди. Яна бир нарпайлик, 2-мактаб ўқитувчиси
Мавжуда Халилова узунликка сакрашда мутлақ ғолибга айланди.

– Бизнинг
туманимизда спортнинг оммавийлигига бўлган эътибор йилдан йилга яхшиланиб бормоқда,
– дейди пайариқлик ўқитувчи Гули Аминова. – Ҳозирги кунда нафақат меҳнат
жамоалари ёхуд мактаб, балки маҳаллаларда ҳам спортнинг бир қатор турлари билан
шуғулланувчилар кўпайди. Аксарият қишлоқларда яшовчи уй бекалари ҳам эрталабки
югуриш машқларида иштирок этмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган
мусобақада туманимиз вакиллари муносиб иштирок этишгани бунинг яққол тасдиғидир.

Аёллар
спартакиадасининг энг фаол иштирокчилари таълим тизимида меҳнат қилаётган
аёллар эканлигини эътироф этиш даркор. Барча совринли ўринларнинг улар
томонидан эгалланганлиги ҳам соҳада спортга бўлган эътибордан далолат. Бу барча
тизимларга ибрат бўлиши керак, деб ўйлаймиз.

Ғолиб ва пешқадамлар
касаба уюшмалари томонидан тақдирланди.

Нурилла ШАМСИЕВ,

                                                 “Ishonch” мухбири       

Бошқа хабарлар