БУ ЖОЙДА БУЮК БАХШИ ЯШАГАН

99

Эргаш Жуманбулбул мақбараси
ва уй-музейи обод масканга айланмоқда

      Ўзбек
фольклор санъатида етти авлоди бахши ўтган Эргаш Жуманбулбулнинг алоҳида ўрни
бор. Ўзига хос оҳанг, сеҳрли овоз соҳиби, қувва-ю ҳофизасида кўплаб достон ва
термаларни сақлаб, уларни кейинги авлодларга етказиш баробарида ўзи ҳам
баракали ижод қилган бахши шоирнинг алоҳида жиҳати шундаки, ўзи яратган
асарларида мантиқга  алоҳида эътибор қаратган.

    Эргаш шоир
Машраб сингари юрт кезган, борган манзилларини сеҳрли сози ва овози билан
нурафшон айлаган. Имкон қадар ўзи билган ва эшитган ибратли ҳодисаларни сўзлаб
бериш орқали битикларда қолдиришга интилган. Шоир ижоди, фаолияти ҳақида кўплаб
асарлар, илмий рисолалар мавжуд. Буларни такрорлашдан тийилган ҳолда  унинг номини абадийлаштириш ва кейинги ҳолат
хусусида фикр юритишни лозим топдик.

    Маълумки,
шоир таваллудининг 100 йиллиги (1972 йилда) катта тантаналар билан нишонланган,
туғилиб ўсган Қўрғон қишлоғида Эргаш Жуманбулбул мақбараси ва уй музейи ташкил
этилган эди. Бу табаррук манзилни ободонлаштиришга устоз-мураббий Ойдин
Синдоров узоқ йиллар раҳнамолик қилиб келди. У бу ерни ободонлаштириш, музейни
бахши-шоирга дахлдор ашёлар билан тўлдиришга бош-қош бўлди. Кўп йиллар бу
манзил қопқоларини очиб, шоир мухлисларига холис хизмат кўрсатди.

   Вақт югирик,
ҳаёт эса шафқат билмайди. Бора-бора бу гўшадан бироз файз кўтарилгандек бўлди.
Уй-музей таъмирталаб бўлиб қолди. Бу гўшага олиб келувчи йўлдан, транспортда
юришга юрак ҳовучлайдиган пайтлари ҳам кўп бўлган. Қисқа қилиб айтганда,
“Фольклоршунослик Навоийси” мақомини олган буюк бобомиз қадамжолари бироз
назардан четда қолгандек туюларди.

— Муайян бир фурсат бу табаррук манзилгоҳ раҳбарлар
назаридан четда бўлди, — дейди  Таълим,
фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қўшработ тумани кенгаши раиси Абдуҳамид
Тўхтаров. – Давлатимизнинг бахши шоирларга қаратган эътибори, “Обод қишлоқ”
доирасидаги бунёдкорлик ишларидан бахши бобомиз мангу қўним топган манзил ҳам
бебаҳра қолмади. Бу ерда ҳашар уюштирилди. Атрофдаги боғ тартибга келтирилди.
Янги новдалар экилди. Мавжуд дарахтларга шакл берилди. Уй-музейни таъмирлаш,
зиёрагоҳ масканга айлантиришга қаттиқ киришилган.

  Эргаш
Жуманбулбул ўз асарларида кўп бора тилга олган Жўш даҳаси бугун улкан
бунёдкорлик оғушида. Дастлабки иш “Буюк 
ипак йўли” нинг муҳим бир бўғини бўлиб хизмат қилган, икки вилоят, икки
туман аҳолисига асрлар оша хизмат кўрсатиб келаётган машҳур Жўш бозори
реконструкция қилинмоқда. Бахши шоир диёридаги йўллар, кўчалар, маҳалла ва қишлоқларда
қурилиш, бунёд этиш ишлари авж пардада олиб борилмоқда.

       — Қишлоғимизнинг
тарихий илдизлари узоқ йилларга бориб тақалади, — дейди Жўш маҳалласида яшовчи
Анвар Пардаев. – Айнан мана шу қишлоқ кўчаларида Эргаш Жуманбулбул каби
элимизнинг суюкли фарзандларининг изи бор. Бу бизга ғурур бағишлайди. Юртимизни
обод қилишга имкон даражасида кўмаклашишга ҳаракат қилаяпмиз.

   Дарҳақиқат,
давлатимиз ташабуси билан сўз, маъно ва ижро султони номини олган, ўзбек
фольклорида муҳим бир халқа саналган бахши шоир қадди ва қадри янада баланд
кўтарилмоқда. Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган тарихимиздаги илк бахшичилик фестивали
ҳам ҳеч ким ҳеч қачон четда қолмаслигини кўрсатмоқда.

                                                          Нурилла ШАМСИЕВ,

                                                          ishonch

Бошқа хабарлар