ШАРМАНДАГА ШАҲАР КЕНГ ЭМАС

389


Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига “ҳомийси ҳар қандай кишини “ўтирғизиб қўйишга қодир”лиги билан” таҳдид қилган сохта тадбиркорнинг ўзи ўн беш сутка “ўтиришга” мажбур бўлди

Гап шундаки, “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган янгича тизим асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳокимият вакиллари иштирокида Бектемир тумани Нурафшон маҳалласидаги (“Қўйлиқ” деҳқон бозори атрофида) ҳолатлар ўрганилаётганда турли спиртли ичимликлар ва психотроп моддалар билан савдо қилиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар бўйича ўзларини “тадбиркор” деб билган шахсларга тегишли тушунчалар берилаётган вақтда ўзини Т.Ш. деб таништирган шахс сектор раҳбарларидан ҳам “ҳурмати баландлиги”ни рўкач эта бошлади.

Мазкур шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотларида “ҳомийлари” борлигини, керак бўлса, “сизларни ўтирғизиб қўйишим мумкин” дея ишчи гуруҳга таҳдид қилиб, кескин қаршилик кўрсатди ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади.

Ҳолат юзасидан Т.Ш.га нисбатан тўпланган далил ва ҳужжатлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари Бектемир тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 198-моддасининг 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, давлат фойдасига ундирилди.

Бугун тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимизга рахна солаётган, нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кишиларнинг борлиги ҳам, афсуски, ҳақиқат. Энг ачинарлиси, улар буни тан олишни истамайди. “Шармандага шаҳар кенг” нақлини ўзига шиор қилиб олгани билан уларнинг кимлиги элга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига кундай равшан.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2018 йилнинг 27 июлида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича – “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган янгича тизим ташкил этилди. Шу асосда масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганмоқда, муҳокамалар қилмоқда, бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўрмоқда.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар