Ёшларни бирлаштирган спорт байрами

241

Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг очилмаган қирраларини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш бўйи­­ча устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Фарғона давлат университетининг спорт-соғломлаштириш мажмуасида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар ўртасида оммавий спорт турлари бўйича мусобақа ташкил этди.

Мазкур мусобақада минг нафар­­га яқин талаба қизлар иштирок этиб, спортнинг сузиш, волейбол, эстафета, «Қувноқ стартлар», 100 ва 1000 метрга югуриш турлари бўйича беллашди.
– Бугун юртимизда ёшларни спортга жалб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дей­ди Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркин Нуралиев. – Ушбу ташаббус хотин-қизларга, ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтиришга ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ундамоқда.
– Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари ташкил этган спорт мусобақасида «Юлдузлар» жамоамиз «Қув­ноқ стартлар» беллашувида 2-ўрин, волейбол мусобақасида 3-ўринни қўлга киритди, — дейди Фарғона давлат университетининг «Хорижий тил ва адабиёти» йўналишида таҳсил олаётган Эътиборхон Абдураҳимова. – Ўзим 100 метрга югуриш бўйича 1-ўринни эгалладим.
– Жамоамиз билан волейбол мусобақасида 1-ўринни эгалладик, – дейди «Қиролича» жамоаси сардори Дилдора Абдуғаффорова. – Сов­рин сифатида қимматбаҳо совғалар билан бирга, китоблар ҳам берилди. Мана шундай ажойиб тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг якуний натижасига кўра, Тошкент ахборот технологиялари Фарғона филиали қизлари сузиш, Фарғона политехника институти қизлари эстафета ва волейбол, Фарғона давлат университети қизлари эса «Қув­ноқ стартлар» ва югуриш мусобақаларида ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб жамоалар ва мусобақанинг фаол иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар ва китоблар тўплами тақдим этилди.

Жамшид Эргашев
«Ishonch»

Бошқа хабарлар