Термизда жаранглар бой тарихнинг янгроқ садоси

132

Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтаётган биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивали қизғин давом этмоқда

Бахшичилик санъати, асрлардан асрларга, тиллардан тилларга, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган халқимизнинг ноёб қадриятидир. Бу мураккаб санъат асари учун адабий матн, шеър, мусиқа, айтим йўли жуда муҳим. Шу туфайли дос­тон ижрочиси – бахши-шоир бир вақтда бадиҳагўй ҳикоячи, шоир, овозга эга бўлган хонанда, моҳир созанда ва маълум даражада актёрлик маҳоратидан хабардор бўлган санъаткор ҳисобланади.

Бугун шу бахшиларнинг пешонаси ярқираган кун бўлиб тарихга муҳрланажак. Давлатимиз раҳбари деярли эътибордан четда қолиб кетган бахшичилик санъати ривожи йўлида жуда муҳим қарорини имзолаб, аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди. Шу ғамхўрликнинг дебочаси сифатида Термиз шаҳрида йирик халқаро анжуман ўтаётир.
Термиз шаҳри марказидаги гўзал ва мафтункор «Алпомиш» майдони… Санъат саройи хиёбони чиройини, унинг бетакрор манзарасини тил билан таърифлаш қийин.
Бу ерга ташриф буюрган бахши, жиров, шоир-у оқинлар, дунёнинг 70дан ошиқ мамлакатидан келган санъат шайдолари бугун гўзаллик яратмоқдалар, ўзлари-да гўзалликдан баҳра олиб, ўлмас санъатимиз зиёсини дунё бўйлаб таратмоқдалар.
Байрам дастури репертуаридан ўрин олган мусиқий чиқиш­ларда дўмбира навоси чанқовуз садосига қоришиб кетган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур санъат байрами муносабати билан бойсунлик ҳунарманд Ғайрат Мусурмонов томонидан минг дона чанқовуз асбоби ясаб берилгани диққатга сазовор воқеликдир. Бизга маълум бўлишича, чанқовузларни уста ҳунарманд етмиш кун давомида ясаган экан.
– Тарихимиз бир, қадриятларимиз бир, – дейди туркиялик бахши Зеки Эрдали. – Туркияда ўтган тадбирлар давомида ўзбек қардош­ларимиз билан кўп учрашганман, бахшилар билан суҳбатда бўлганман. Мана энди юртингизда меҳмон бўлиш насиб этди. Ҳаммаси жуда гўзал, жуда чиройли. Ҳавас қилдим.
– Термиз шаҳрида ўтаётган халқаро бахшичилик санъати фес­тивали халқимиз томонидан узоқ кутилган беқиёс байрам, йирик анжумандир, – дейди Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – Очиғи, бир вақтлар, халқимизнинг бу миллий қадрияти ҳисоб­ланган бахшичилик, халқ оғзаки ижодидан турли тилдан-тилга кўчиб келаётган терма ва лапарлар айтиш қатъиян ман этилган даврларни ҳам кўргандик. Халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисоб­ланган бахшичилик бугун айнан Президентимиз ташаббуси билан Алпомишга Ватан бўлган Сурхон заминида қайта туғилди. Бу юксак эътибордан руҳланиб, Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам вилоят маданият бош­қармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшичилик мактабида вилоят «Бахши-шоирлар» кўрик-танловини ўтказди. Унда туманлар босқичида ғолиб бўлган Сурхон диёрида яшаб, ижод қилаётган 50 нафардан ортиқ бахши-шоир иштирок этди.
– Йирик санъат байрамига Сурхондарёда катта тайёргарлик кўрилган, – дейди Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раи­­си Эсон Ражабов. – Энг аввало, Термиз халқаро аэропортининг кенгайиб, янги қиёфага киргани, темир йўл вокзалининг қайта реконструкция қилингани, ўнлаб меҳмонхоналарнинг таъмирланиб, барча қулайликларга эга бўлгани, Сурхон воҳаси марказида амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан бениҳоя шод бўлдик. Халқаро фес­тивалнинг очилиш маросимини катта ҳаяжон остида кузатдик. Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёевнинг халқаро фестиваль иштирокчиларига табригини диққат билан эшитиб, бахшичилик ва достончилик санъати, халқ оғзаки ижодимизнинг қайтадан қадр топаётгани, нафақат юртимиз, балки жаҳон маданиятида янги саҳифа очилаётганини кўрдик.

Фестиваль доирасида бўлиб ўтган «Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.
Анжуманда дунё фольклоршунос олимлари, илмий тадқиқотчилар бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, халқ оғзаки ижоди дурдоналарининг жаҳон маданияти, санъатидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш каби долзарб масалаларни муҳокама этишди.
«Бахшиларнинг эстетик қарашлари», «Марказий Осиёда номоддий маданий мерос бўйича халқаро ҳамкорлик: минтақада ICHCAP билан муштарак ишлар мисолида», «Жангарчи – «Жангар» қалмиқ қаҳрамонлик достони айтувчиси, сақловчиси ва ­оммалаштирувчиси», «Туркий эпосда дос­тон айтиш санъатининг бадиий ва вақтга оид контексти», «Мўғул ва ўзбек тилларидаги эпосларнинг терминологик томонлари», «Номоддий маданий мерос муҳофазаси бўйича конвенция рўйхатлари эпик мероси: Ўзбекистон эпик мерос элементлари», «Қирғиз элининг айтишув санъати», «Подшоҳ ва Лала ёки Дахрил ва Зюфрем» гагауз достон эпоси тикланиши», «Тожикларнинг эпик ижоди: ҳозирги ҳолати, сақлаш ва ривожланиш муаммолари» каби мавзуларда маърузалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида хорижлик ва маҳаллий журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, ушбу нуфузли фестивалнинг айнан Сурхондарёда ўтказилаётганида ўзига хос маъно бор. Ушбу ҳудудда достончилик санъати юртимизнинг бошқа жойларига нисбатан кенг сақланиб қолган.
Тадбирда афғонистонлик мухбирнинг «Бахшичилик фестивали ўзбек халқига нима беради?» деган саволига жавобан маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев «Бу тадбир юртдаги тинчлик ва барқарорликнинг, санъатсеварлик ва ўлмас маданиятнинг белгисидир. Анжуман ўзбек халқига байрам кайфияти, қувонч улашиб, йўқолиб кетаёзган санъат турини қайта тараққий эттиради, элимизнинг эртанги кунга ишончини янада мус­таҳкамлаб, дунёнинг кўп­лаб мамлакатлари билан ўрнатилган дўстлик алоқаларимизни янги босқичга кўтаради», дея жавоб қайтарди.
Матбуот анжумани чоғида Индонезиянинг «Maratua» фестивали директори жаноб Агус Сетуаван Басуни ўз фикрларини қуйидагича ифода этди:
– Термизда фестиваль ўтишини эшитгандим. Унга таклиф қилишганда эса ҳаяжондан, тўлқинланганимдан кўзларимга ёш келди. Чунки мен Ўзбекистон ҳақида, Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизийлар юрти ҳақида кўп эшитгандим. Бу диёрга бориш энг катта орзум эди. Мана, Аллоҳнинг шарофати билан донғи ­дунёга ёйилган буюк Термизийлар юртидаман. Менинг ватандош­ларим бу юртга келишни орзу қилишади. Истардимки, давлатларимизнинг маданий муносабатлари янада мустаҳкамланса.
Жаноб Басунининг давлатлараро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги фикрини Бахтиёр Сайфуллаев мамнуният билан қабул қилиб, яқин орада Ўзбекистон ва Индонезия давлатлари маданият вазирликлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиши режалаштирилаётганини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, вазир барча оммавий ахборот воситалари вакилларига донғи кетган бахшиларимиз ижро этган достон ва термалар жамланган аудиодисклар ҳамда бахшичилик санъати ҳақида чоп этилган китоб ва журналлар совға қилди.
– Фаолиятим давомида жуда ­кўплаб тадбирларда қатнашганман, – дейди Ўзбекис­тон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов. – Бироқ халқаро бахшичилик санъати фестивалини кузатар эканман, жуда тўлқинландим. Бахшиларимиз ижро этаётган дос­тонлар ўзбекнинг довруғини яна бир бор намоён этди. Катта байрамни муносиб ўтказаётган Сурхондарё халқига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдирган ҳолда, ишонаманки, бу анжуман халқимизнинг энг катта бойлигига айланади. Бахшичилик, халқ оғзаки ижодининг янги зарварақлари очилади.
– Халқимиз санъатни севади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Деҳқонлар ер ҳайдаётганда, аскарлар шахдам одим ташлаётганда қўшиқ хиргойи қилиши шундан. Бахшилар эса доимо эзгуликни куйлаб келишган. Улар ижро этган ижод намуналарида ватанпарварлик, вафо ва садоқат мадҳ этилган. Асрдан асрга ўтиб келаётган дос­тонларимизни тинглаган кишилар қалбида ҳам фақат яхшиликка интилиш туйғулари шаклланади. Шундай экан, ўзбек халқини муҳим қадрият бўлмиш бахшичиликнинг қайта туғилиши, азалий орзуларимиз ушалиши билан қутласак бўлади.
…Термиз санъат саройи атрофи ҳамда амфитеатр майдонига ташриф буюрган киши бу сеҳрли манзилдан осонликча чиқиб кетолмайди. Қорқалпоғистон Рес­публикасидан келган жировлар қўбизини чалиб, мардлик ва баҳодирликдан куйласа, хоразмлик санъаткорлар ўлмас туйғу – муҳаббатни тараннум этган достонларни армуғон этади.
Алпомиш ва Барчинойлар юрти ҳисоб­ланмиш Сурхон замини бахшилари ва фольклор жамоалари ушбу санъат байрамига астойдил ҳозирлик кўришганки, воҳадаги 14 та туманнинг ҳар бири ўзига хос дастур-у мусиқий композициялари билан меҳмонларга хушнудлик улашмоқда.
– Бугунги халқаро фестивалга «Хуш келибсиз, бахшилар!» деб номланган дастурни ҳозирладик, – дейди «Бойсун» фольклор этнографик халқ жамоаси раҳбари Даврон Абдураимов. – Бундан ташқари, бойсунлик Жовли бахши Нормаматов ўз ижроси билан танловда иштирок этади.
– Эътибор қилсангиз, Сурхон воҳаси туманлари тайёрлаган декорация ва чиқишлар бир-бирини так­рорламайди, ҳар бири ўзига хос, – дейди Жарқўрғон тумани маданият бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ўктам Қодиров. – «Жарқўрғон» фольклор этнографик жамоаси, «Дилрабо» ашула ва рақс дастаси, «Моможонлар» рақс гуруҳи томонидан ижро этилаётган айтишувлар, лапар ва рақслар ранго-ранг. Ўз навбатида, биз ҳам дунё давлатлари, қолаверса, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган бахшичилик санъати намояндалари ижоди билан яқиндан танишиб, улар билан тажриба алмашиш бахтига муяссар бўлдик…
– Ота-боболаримиз асосан чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланишган, – дейди Самарқанд вилояти Булунғур тумани «Човқи» фольклор-этнографик халқ жамоаси бадиий раҳбари Эшбек Нормуродов. – Шунинг учун репертуаримизда халқона ҳаёт тарзи ифодаланган қўшиқ ва рақслар кўп. Либосларимиз ҳам қадриятларга ҳамоҳанг. Масалан, эгнимдаги оқ енгли кўйлак ёзнинг жазирамасида иссиқдан асраса, белимдаги каштагул солинган белбоғ эса танамни мустаҳкам тутиш билан бирга кези келганда ­дастурхон вазифасини бажаради. Қўлимиздаги чўпон таё­­ғи эса чарчаганда асо бўлиб, оёқларга ҳамдам бўлади. Ҳар бирининг илдиз ва моҳияти мус­таҳкам. Ўзбек достончилигининг йирик намояндаси Фозил Йўлдош ўғли бизнинг тумандан. Барчамиз у кишининг достонларини тинглаб улғайганмиз. Йиллар ўтиб «Наҳот энди бу заминдан Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош сингари достончилар етишиб чиқмайди?» деган ташвишли савол қийнаб келарди. Президентимизнинг Термиздаги Халқаро бахшичилик фестивалига асос солиши эса бу борадаги барча шубҳа-гумонларни булутдек тарқатиб юборди. Насиб бўлса, шу кунларда ўтаётган фестивалнинг ўзбек ва жаҳон достончилиги ривожига ҳиссаси катта бўлиши муқаррар.
…Айни пайтда катта саҳнада жаҳон ва ўзбек бахшилари, танлов шартларига кўра, ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишмоқда. Дўмбира-ю сибизғалар сеҳри тошиб, сайрамоқда, уларнинг нағмасини тинглаганлар қалби дарё бўлиб, қирғоғидан тошмоқда.
Халқаро фестиваль тафсилотлари ва якунлари хусусида газеталаримизнинг кейинги сонларида батафсил тўхталамиз.

Рустам ДАВЛАТОВ,
Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар