БОЛАГИНАМНИНГ КУЙИК КУЛЧАСИ

204


Қорли қия чўққисига бориб қолиб, тубсиз жарга кўзим тушганда бирдан уйғониб кетдим ва девордаги қора нуқтани қаттиқ босдим: уй чироқ ёруғидан чарақлаб кетди. Ширингина ухлаб ётган қизимнинг юз-кўзларига ўткир нур таъсир этганиданми, бир қимирлади-ю, яна бир маромда нафас ола бошлади. Соатга қарадим: икки ярим. Тушимни эслашга ҳаракат қилдим, лекин хаёлимга кейинги кунлардаги воқеалар кела бошлади ва туш таъбирини ўзимча шу сабабга боғладим…

Ҳар куни қизимни боғчага элтиб қўйиш мен учун минг азоб. Чунки у йил бўйи Сизни сўрайди, даданг ўқишда, деб неча маротаба такрорлаган  бўлсам-да, у барибир “Боғчадан мени дадам олиб кетсинлар”, деб  тайинлайди. Кечга томон ўзим келганимни кўриб йиғисини бошлайди. Боғча опалари ҳам ҳайрон, уни ҳеч кўндириб бўлмайди. Шунинг учун келишимда бирор нарса олиб уни овутиб олиб кетишга уринаман, лекин боғча уйимиздан бир ярим чақиримча келади. Бу оралиқда эса… Минг азоб билан илгарилайман. Айрим дугоналарини дадалари машинасида олиб кетганини кўриб қолса, тамом, яна узлуксиз йиғи бошланади…

Бугун ҳам юз хил ваъдалар билан уни боғчада қолдиргандим, шунинг учун ўзим яна боғча йўлига бурилар эканман, хўрлигим келар даражадаги изтиробдан эзилдим. Шу чоғ дарвоза олдида мен томонга югуриб келаётган қизимни қувноқ ҳолда кўриб, гарангсиб қолдим. У қучоғимга отилди, йўлга отландик, гап бошлади:

– Энди дадам келар эканлар, боғча опам менга шеърни тез ёдласанг ва кўп шеър билсанг, даданг келади ва “доно қизим” деб эркалайди, дедилар. Шундайми, ойижон шеъримни айтиб берайми?

Боғча опаси уни юпатиш учун айтган бу сўзлар мени лол қилиб қўйган, ҳадсиз хаёллар қуюни вужудимни узоқларга олиб кетган эди. Ахир бир эмас, минг шеър ёдлардим-ку! Ўзим ёзганларим-чи? Уларнинг ҳарфларини туташтириб чиқса, Тошкентга бориб қайтадиган занжир ҳосил бўлмасмиди? У занжир сизни ўраб олиб, ҳузуримга келтирмасмиди? Эртаклардагина шундай бўлиши мумкин.

      Шоир ёзганидек:

       Ёдимда кечаги шўхликларингиз,

       Кипригимга теккан киприкларингиз,

       Ҳақиқатга айланмиш эртакларингиз,

        Сиз ўша кулгуси қўнғироғимсиз…

Шанба оқшом хаёлингиз оғушида Сиз билан ўтди. Дам олиш куни одатдаги ишлар билан бандман. Энди тандирга олов ёқаётганимда қўшнимиз Ҳабиба хола келди ва муборак рамазон ойидаги савоб ишлар ҳақида гапириб ўтирди. Катта ферманинг бошлиғи бўлган ўғли эртага “Меҳрибонлик уйи”га бориб болаларга  ош берар экан, совғалари ҳам бор эмиш. Тандирга ўтин ташлаяпману  ўйлардим: “Бировлар бегона болаларни ўйлаб, ғамхўрлик қилиб юрганда, наҳот қизим дадасининг эсига келмаса…”. Тамоғимга тиқилган хўрлик ва орият тоши кўзларимдан олов селини оқизди. Шу пайт қизим келиб, Ҳабиба холага боғча опасининг гапларини тўтидек такрорлади. Нонни ясаб, ёпаяпман, кўз ёшим тинмайди. Хола гапни тушунди ва тасалли бера бошлади:

– Йиғламанг, худо жазосини берсин, ўша номардни.

  – Ундай деманг,  холажон, рамазон ойида ёмонлик тиламайман, боламнинг отаси-я. Балки ҳозиргача бир нечта фарзандли бўлгандир, балки рўзадордир, чунки Тошкентда бунга қаттиқ риоя қилишади, – дедим. Шунда қўшни хола:

– Бир эмас юз марта рўза тутганда ҳам сизнинг ва бу гўдакнинг кўз ёшлари, чеккан азобларингиз унинг ёқасидан тутади, савобини ололмайди, – деди куюниб.

У киши гапирар, лекин қулоғимга кирмасди. “Йўқ-йўқ! Мен Сизнинг дўзах оловларида ўртанишингизни истамайман. Сизнинг бахтингиз деб, дўзахда ёниш билан баробар ҳаёт кечириб юрибман-ку. Сизга бундай қийноқларни раво кўрмайман…” , дедим ич-ичимдан ёниб. Хаёл олиб қочиб четлари куйган кулчани шошиб уздим. Қизим:

– Дадамга олиб қўяйми? – дея юрагимга чўғни босиб олгандек бўлди.

– Бу гал иккита пиширамиз, бу кулча сеники, – дедим мажолсиз ҳолда.

Куни билан ўйлаб, тушимга кирибсиз, таъбирини ўйладим. Шоир нидолари юрагимни тирнади:

Сиз ўша  –  кўнглимга  кўнглини қурган,

Сиз ўша – жонимнинг жонида юрган,

Сиз ўша – юрагим қонидан битган,

Шеъримсиз, куйимсиз, битмас оҳимсиз…

Ҳайитда кутдик, келмадингиз. Сиз қаердасиз, йўлингиз қай йўлга туташ? Мен учун йўл битта: Сизни кутиш…

Анора БОБОМУРОДОВА,

Навбаҳор тумани

Бошқа хабарлар