Бахшилар навоси авжида

206

Бир неча кунки, бахшичилик санъати дарғалари, жаҳоннинг турли бурчакларидан келган санъатсеварлар – бахши, оқин ва жировлар, фольклоршунос олимлар, маданият намояндалари серқуёш Сурхон заминида бемисл мўъжизаларга гувоҳ бўлишди.

Юртимизнинг ҳар гўшасида бахшичилик санъати ўзига хос йўналишларда ривожланган. Шу боис, Термизда халқаро фес­тиваль ўтиши белгилангач, қатнашиш истагини билдирганлар кўп бўлди. Натижада саралаш танловлари ўтказилиб, энг моҳир ижрочилар Сурхон воҳасига таклиф қилинди. Шу тариқа танловга қизиқишнинг юқорилигидан фестиваль доирасида яна бир йирик санъат анжумани – Респуб­лика бахшилар кўрик-танловини ўтказиш зарурати туғилди.
Термиздаги санъат саройи саҳнасида вилоятлардан сараланган юз нафардан зиёд оқин ва бахши уч кун давомида ўз ижрочилик маҳоратини синовдан ўтказди.
Якунда Хоразм бахшичилиги йўналишида Ирисбой Асқаров биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, оқин-жировлар баҳсида навоийлик Талгат жиров Ўринбеков ғолиб чиқди.
Каримбой Отамуродов ҳамда Саламат Аяпов ўз йўналишларида иккинчи бўлишди.
Эгизак ака-укалар Вайс ва Вайсин Жубанов жировлар ўртасида, Муҳаммад Тўрабеков эса Хоразм достончилари орасида учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Сурхондарё ва Қашқадарё, Самарқанд бахшичилик йўналишида қатнашувчилар сони кўплиги туфайли улар орасидан иккита иккинчи, учта учинчи ўрин эгалари аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Қашқадарёлик устазода Баҳром бахши Раҳимов (Қодир бахшининг ўғли) ушбу йўналишда ғолиб, Равшан Маматмуродов ва Муродулла Эшбоев иккинчи, Панжи Дўстмуродов, Муродулла Алиқулов ҳамда Ҳамза Холбоев учинчи даражали диплом билан мукофотланди.

Биринчи ўрин соҳиблари 5 миллион, иккинчи поғона эгалари 4 миллион ҳамда учинчи устунни банд этган ижрочилар мос равишда 3 миллион сўм билан тақдирланди.
Ғолибжон Орипов – «Энг ёш иштирокчи», Нурмамат Эшмуродов – «Энг ёши улуғ иштирокчи», Зулхумор Шерназарова – «Энг яхши аёл ижрочи», Гулрухсор Жўраева – «Томошабин эътирофига сазовор иштирокчи» номинацияларида ғолиб, деб топилиб, ҳар бири бир миллион сўмдан рағбатга эга бўлди.
Танловда фаол иштирок этган бахшилар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга 500 минг сўмдан пул мукофотлари берилди. Бундан ташқари, соҳа ривожига катта ҳисса қўшаётган фольклоршунос олимларга Маданият вазирлигининг эсдалик совғалари топширилди.
– Президентимизнинг бахшичилик ва достончиликни ривожлантириш йўлидаги эътибори, қолаверса, Термизда ўтаётган халқаро фестиваль бизга катта имкониятлар эшигини очди, – дейди хоразмлик Каримбой Отамуродов. – Шогирдларим кўп. Бобур Юсупов, Тўйли Давлетов, Отахон Отажонов сингари ёш бахшилар давомчиларим саналади. Республика бахшилари кўрик-танловида «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» достонидан парча ижро этиб, совриндор бўлдим. Боболардан мерос санъатимизни сақлаб қолиш, уни ривожлантириб, келажак авлодга етказиш йўлида муҳим қадам ташланганидан қалбим ифтихор туйғусига тўлиб бораётир.
– Тошкент вилоятида яшайман. Ҳудудимиз табиати гўзал. Юртимиз жаннатга ўхшайди. Бу эса биз жировларга илҳом ва завқ-шавқ бағишлайди. Халқаро фестивалга кўплаб хорижий давлатлардан меҳмонлар келишини ҳисобга олиб, ўзбек, қозоқ, рус ва инглиз тилларида термалар тайёрлаб келдим, – дейди Талгат жиров Ўринбеков.
– Термизда бахшичилик мактаби, қўшни вилоятларда эса бахшичилик синф­лари очилмоқда. Гарчи ҳозирда бахшичилик йўналишида ўқиётган ўқувчилар асосан ўғил болаларни ташкил этса-да, бугунги йирик халқаро фестиваль, қолаверса, бугун ўз ғолибларини аниқлаган республика кўрик-танловидан кейин хотин-қизлар орасида ҳам бахшичилик оммалашади, ривож топади, деб ишонаман, – дея ўз дил сўзларини баён қилди «Энг яхши аёл иштирокчи» номинацияси соҳибаси Зулхумор Шерназарова.
– Ўзбекистонда биринчи бор бўлишим, –деди Уммон давлатидан келган журналист Ал Сиаби Саид. – Халқаро фестивални шахсан Ўзбекистон Президенти очиб берди ва барча иштирокчиларга омад тилади. Бу эса барча қатори мени ҳам ҳаяжонга солди. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, одамларнинг ҳар бир ҳаракатидан ҳурмат ва юксак маданият эгаси эканлиги таҳсинга сазовор. Бундан ташқари, ўзбек миллий таомлари кўргазмаси ҳам бизда катта таассурот уйғотди. Айниқса, улкан «Алпомиш кабоби»нинг таъми оғзимизда қолди…
– Халқаро фестивалда, қолаверса, ташкил этилган илмий-амалий конференцияда Туркманистондан ҳам олимлар, бахши ва созандалар иштирок этишмоқда, – дейди Туркманистонда хизмат кўрсатган бахши Кервен Ёвбосаров. – Ўзим туркман миллий консерваториясида дарс бераман. Бахшилар дўмбира чалишса, бизда бахшичилик асбобини дутор дейишади. Сизлар каби «Гўрўғли» дос­тони, Махтумқули термаларини севиб куйлашади, тинглашади. Австрия, Германия, Хорватия, Швейцария, Туркия, Эрон каби давлатларда ўтган фестивалларда қатнашганман. Аммо Ўзбекистондаги санъат байрами юксак ташкилий жиҳати ҳамда тадбирнинг ҳақиқий халқ сайлига айланиб кетиши билан бизга ёқди. Ат-Термизий зиёратгоҳи, Термиз археологик музейи ҳамда бошқа тарихий манзилларни зиёрат қилдик. Юртингизда туризм салоҳияти кескин юксалиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
– Халқаро фестиваль доирасида жаҳон бахшичилик санъати дарғалари нафақат ўз ижроси билан қатнашяпти, балки қадим Термизнинг муқаддас қадамжолари билан танишмоқда, – деди биз билан суҳбатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси Акмал Ражабов. – 20 тадан ортиқ давлатдан келган оммавий ахборот воситалари вакиллари эса юртимиз ҳақида кўрсатув ва лавҳалар тайёрлашяпти. Демак, қадим илдизлари теран, буюк алломалар Ватани бўлган серқуёш диёримизни ­дунёга танитишда бу фестивалнинг аҳамияти беқиёс бўлади. Ушбу тарғибот-ташвиқот тадбирлари беиз кетмайди. Жаҳон сайёҳларининг Ўзбекистонга ташрифи янада кўпаяди. Санъат байрами вақтида Термиздаги бешта меҳмонхона ва 70 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари хизмат кўрсатаётир…
Халқаро фестиваль таассуротлари бир олам, бир дунё. Гўзал достон яралар гўё. Кўрган борки, дармонда, кўрмаганлар армонда. Эшитган ҳавас қилар, Худодан тилак тилар: Болам ҳам бахши бўлсин, элимнинг нақши бўлсин, иқболи бўлсин порлоқ, эртаси яхши бўлсин…


Куни кеча Термиз шаҳридаги мафтункор амфитеатр майдонида халқаро кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Дастлаб фестивалнинг «Энг ёш иштирокчиси» номинацияси ғолиби малайзиялик Камарул Баинаки бин Камарулга махсус диплом ва 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.
Ҳамюртимиз Отахон Матёқубов «Энг ёши улуғ иштирокчи», тожикистонлик Азизбек Зиёев «Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун», Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаев «Бахшичилик санъати жонкуяри», Қаландар Норматов «Анъаналарга содиқ бахши», деб топилди.
«Қадриятлар давомчиси» номинациясида афғонистонлик Шерван Анна бахши Жума, «Аждодларнинг унутилган урф-одатларини куйловчи» йўналишида мўғилистонлик Авирмед Балдандорж, «Бахшичилик санъатида дўстлик ришталарини тараннум этгани учун» сербиялик Зоран Самардзич, «Халқларнинг қадимий мероси тарғиботчиси» деб эса болгариялик Салиҳ Иброҳим Буковян ҳамда Шабан Мусо Косин рағбатлантирилди.
«Мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи» – Али Риза Сулаймоний ва Ҳамид Сулаймоний (Эрон), «Ҳайъат аъзолари меҳрини қозонган иштирокчи» – Асилбек Маратов (Қирғизистон), «Бахшичилик санъатининг энг яхши тарғиботчиси» – «O‘zbekiston 24» телерадиоканали ва «xabar.uz» сайти ҳам муносиб тақдирланди.
Халқаро танловнинг учинчи поғонаси қорақалпоғистонлик Гулнара Алламбергенова ҳамда жанубий кореялик Ким Хуо Сунга лойиқ кўрилди ва улар 2500 АҚШ доллари билан мукофотланди.
Иккинчи ўрин эгалари россиялик Илгам Байбулдинов ҳамда озарбойжонлик «Ошиқлар» жамоаси (Ашиқ Али ва Ашиқ Шамира)га 3500 АҚШ доллари тақдим этилди.
Биринчи ўринни эса Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ва Туркманистонда хизмат кўрсатган бахши Кервен Ёвбосаров эгаллади. Уларга 5000 АҚШ доллари пул мукофоти топширилди.
Халқаро танловнинг мутлақ ғолиблигини («Гран При» соврини) қозоғистонлик Улжан Байбусинова қўлга киритди ва у 7000 АҚШ доллари билан мукофотланди.
Анжуман атоқли бахшилар томонидан ижро этилган термалар, миллий фольклор жамоалари иштирокидаги дилбар куй ва рақсларга уланиб кетди.

Рустам ДАВЛАТОВ,
Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар