“ЭНДИ БУНДАЙ КАТТА МАКТАБ КЕРАКМАС”МИ?

44


Давлатимиз томонидан таълим тизимига қаратилаётган эътибор бугунги кунда барча ҳудудларда ўзининг самарасини бермоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмагани каби мактабларнинг ўқувчи сиғимига нисбатан торлиги таълим сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Гурлан, Шовот, Қўшкўпир, Урганч туманларидаги умумтаълим мактабларида дарс ўтиш учун синф хоналари етишмайди. Баъзиларида спорт зали қурилмаган, баъзиларида эса тадбирларни ўтказадиган каттароқ хона йўқ. Журналист Болтабой Матқурбоновнинг мақоласида мавжуд муаммолар ҳақида сўз боради.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг. 

ТОР МАКТАБЛАР ТОМОШАСИ

ОР МАКТАБЛАР ТОМОШАСИ

Хизмат тақозоси билан Гурлан, Шовот, Қўшкўпир, Урганч туманларидаги умумтаълим мактабларида бўлдик. Гурлан туманидаги 30-умумтаълим мактаби «Нурли йўл» ва «Пахтакор» маҳаллаларидаги ягона таълим масканидир.  Асли, 720 ўринга мўлжалланган мазкур  таълим даргоҳида 34 та синфхона мавжуд. 1020 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Синф хоналар етишмаслигидан мактабнинг эски биносидан ҳам фойдаланишга тўғри келяпти. Мактаб раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан гаплашганимизда, улар тегишли ташкилотларга мактабга қўшимча блок қуриш ҳақида мурожаат қилганини айтишди. Аммо ҳанузгача ижобий натижа йўқ…

Сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни санаб, адоғига етиш душвор. Пастаккина, лой сувоқ ва хом ғиштдан қурилган эски мактаблар ўрнига янги замонавий билим масканлари бунёд этилди. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, замонавий технологиялар асосида дарс жараёнларининг олиб борилиши учун кенг, ёруғ ва шинам ўқув хоналари, спорт заллар, компьютер ва лаборатория хоналари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Аммо…

Ҳа, ана шу аммоси чатоқда. Нимага дейсизми? Ўша мактабларни қуришда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бориши ҳисобга олинмади, назаримда. Айрим мактаблар жуда тор қилиб қурилди. Мана, орадан вақт ўтиб, унинг қийинчилиги сезиляпти. Ахир бир пайтлар ўн нафар боласи бор оилаларнинг фарзандларини ўзи бугун алоҳида бир оила бўлди. Уларнинг ҳам камида икки-уч нафардан фарзанди бор. Улар ҳам мактабга бориши, билим олиши зарур.

Шошма-шошарликда қурилган баъзи мактаблар бугун асло талабга жавоб бераётгани йўқ. Ўқувчилар икки сменада зўр-базўр таълим олади. Мактабларнинг ўқувчи сиғимига нисбатан торлиги таълим сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Биринчидан, синф хоналар етишмаслигидан дарс кўнгилдагидек бўлмайди. Сабаби, дарс ўтиш учун синф хона топишнинг ўзи муаммо. Иккинчидан, махсус лаборатория ўтиш учун мўлжалланган хоналарда, иложсиз, бошқа дарслар ўтилаётир. Хона етишмаса ўқитувчилар нима қилишсин? Учинчидан, сменалар оралиғида хоналарни шамоллатиш, тозалик каби гигиеник талаблар бузилади. Табиийки, дарслар орасидаги танаффуслар ҳам ўз-ўзидан қисқаради. Масалан, Шовот туманидаги 28-сонли умумтаълим мактабидаги аҳвол Гурлан туманидаги 30-умумтаълим мактабиникидан ҳеч қолишмайди. Мактабнинг эски биносидан фойдаланиб, дарс ўтиляпти. Бошқа илож ҳам йўқ. Сабаби кундай равшан: хона етишмайди. Урганч туманидаги 26-сон умумтаълим мактабида оз эмас, кўп эмас 447 нафар ўқувчи таҳсил олади. Аммо мактаб 210 ўринга мўлжалланган, холос.

Урганч туманидаги 14-сонли умумтаълим мактаби 2016 йили эски мактаб ўрнида бунёд этилган. Мактаб замонавий, чиройли қиёфада. Илм маскани атрофи кўркам, озода. Кўрганнинг баҳри-дили яйрайди. Аммо мактаб тор қилиб қурилган. Унинг қурилишида аҳолининг жон сони  ва ўсиб бориши, мактаб ёшидаги болалар сони инобатга олинмаган кўринади. Мактаб 540 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 900 нафардан зиёд ўқувчи ўқийди. Ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун эса шароитлар етарли эмас. Чунки мактабда спорт залининг ўзи йўқ.

Билим даргоҳлари раҳбарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар мактабнинг торлигидан шикоят қилиб, қийналаётган пайтда бошқа бир мактабда вазият тамомила бошқача. Гурлан туманидаги 25-сонли умумтаълим мактаби капитал таъмирлаш пайтида айрим сабабларга кўра, «энди бундай катта мактаб керакмас», дея йўлагининг бир ёнидаги синф хоналар олиб ташланган. Бугунга келиб эса мактаб жамоаси хона етишмаслигидан азият чекмоқда. (Шунақасиям бўлиб турар эканда.)

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Таълим сифати қачон ўнгланади? Қачонки, зиё масканларида барча шароит мукаммал бўлса. Таъмагирлик, кўзбўямачиликлар йўқолса. Ўқитувчилар қоғозбозлик ва мажлисбозликдан ортиб, таълим жараёнида фаол бўлса. Кунда-кунора сумкасини қўлтиғига қистириб, «юқориданмиз» дея текширувчилар келавермаса. Ўқитувчи булардан ортиб, дарсга пухта тайёргарлик кўриб, ўқувчиларни илмга қизиқтира олса, бир хонада 30-40 тагача ўқувчи эмас, ундан камроқ бола бўлиб, уларнинг дарсдаги фаоллиги тўлиқ қамраб олинсагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз.    

Юқорида қайд этилган тор мактаблар вилоятимиздаги барча туманларда бор. Уларнинг баъзиларида спорт зал қурилмаган бўлса, баъзиларида байрам тадбирларни ўтказадиган каттароқ хона, айрим мактабларда эса ошхона йўқ.

Бу умумтаълим мактабларига қўшимча бинолар қуриб берилмас экан, яна уч-тўрт йилдан кейин аҳоли кўпайиб, ўқувчилар бу мактабларга умуман сиғмай қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Туман ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудларидаги таълим даргоҳлари ҳолидан хабар олиб, бу каби муаммоларга ечим топишади, деган умиддамиз.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

Журналист

2019 йил 5 апрель, 13-сон

“Жамият” газетаси

Бошқа хабарлар