Меҳнат муносабатлари: Янги босқичнинг устувор вазифалари

119

Шу йилнинг 8-10 апрель кунлари Самарқанд яна бир йирик анжуманнинг мезбони бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ХМТнинг Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг «Порлоқ келажак учун ишлаш» деб номланган маърузаси муҳокамасига бағишланган «Тез ўзгарувчан меҳнат соҳаси: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги миллий конференция ҳамда «Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги учтомонлама декларацияси: касаба уюшмалари учун ҳаракатлар воситаси» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ЎКУФК ташаббуси билан Халқаро меҳнат ташкилоти ташкил топ­ганининг юз йиллиги олдидан ХМТ меҳнат соҳаси истқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг «Порлоқ келажак учун ишлаш» номли маърузаси муҳокама қилинди.
Унда Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари, вазирлик, идоралар, иш берувчи ташкилотлар ва касаба уюшмалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев очди. У мамлакатимизда меҳнат муносабатларида рўй берган туб ўзгариш­лар, муносиб меҳнат шароити яратилиши, меҳнат соҳасидаги қонунчиликнинг такомиллашуви ҳамда мажбурий меҳнатга қарши амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) директори ўринбосари Анна Бионди, ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, ушбу ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александрия, ХМТнинг «Ўзбекис­тонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури амалга оширилишига кўмаклашиш» лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси Антон Хаузен Меҳнат соҳаси истиқболи бўйича глобал комиссиясининг маърузасида истиқболга таъсир кўрсатувчи омиллар, истиқболли ғояларни илгари суриш ва амалга оширишда минтақавий фао­лият, мамлакатда муносиб меҳнат дастури доирасида амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритди.
Халқаро конференция иштирокчилари меҳнат соҳасидаги муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдилар.

УЧТОМОНЛАМА ДЕКЛАРАЦИЯ МОҲИЯТИ

ЎКУФК ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигидаги умуммеҳнат эътирофига бағишланган халқаро семинар ҳам мунозара, фикр-мулоҳазаларга бой ва очиқ мулоқотлар асосида ўтди.
Унда халқаро ташкилотлар, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари Федерациялари ва республика касаба уюшма вакиллари иштирок этди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг «Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисида»ги учтомонлама декларацияси: касаба уюшмалари учун амалий ҳаракатлар воситаси» мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев маърузаси тингланди.
Ўзбекистонда мўътадил меҳнат муҳити яратиш, меҳнат муносабатларига дахлдор муҳим йўналишларни белгилаб олишда давлат ташаббускор бўлаётгани амалда ўз ифодасини топмоқда. Таъкидланганидек, меҳнат тенглиги, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги ислоҳотлар реал сектор ривожида ҳам кўзга ташланмоқда. Таъсирчан чора-тадбирлар орқали ишлаш ҳуқуқларининг ҳаққоний ёки имконий номақбул таъсирларига мутлоқ барҳам берилмоқда.
Халқаро семинарда ХМТнинг Меҳнаткашлар фаолияти бўйи­­ча бюроси (АКТРАВ) директорининг ўринбосари Анна Бионди Халқаро меҳнат ташкилотининг «Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисида»ги уч томонлама декларация»си: мазмуни ва амалга ошириш механизми» мавзуидаги тақдимотини ўтказди.
ХМТнинг КМК тўғрисидаги ­декларацияси ишчиларга нима беради? Асосий конвенцияларни корхоналарга қўллаш амалиёти, соҳавий тавсия­лар, ҳуқуқий ўрганиш ва чора кўриш имкониятлари, халқаро глобал асосий битим ва бошқа бир қатор конс­труктив омиллар иштирокчиларга аниқ мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Халқаро касаба уюшмалари Федерацияси вакили Зузанна Мария Мускат-Горска, меҳнат нормалари, ТМКларда касаба уюшма вакилликларини таъминлаш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни йўлга қўйиш тамойиллари хусусидаги дунё тажрибаси тўғрисида атрофлича сўз юритди.

МИНТАҚАДАГИ ТАЛАБ ВА ЭҲТИЁЖ

Халқаро семинарнинг яна бир муҳим мавзуси минтақада халқаро меҳнат нормаларини амалиётда қўллаш асос­лари бўлди.
ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александрия, ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергиус Гловацкас минтақа касаба уюшмаларига аъзолик ҳолати ва тарнсмиллий компанияларда органайзинг тенденцияси таҳлилини кўргазмали, солиштирма рақамлар орқали шарҳлашди.
Тадбирда минтақа давлатлари касаба уюшмалари вакиллари ўз фаолиятида дуч келаётган ҳаётий масалалар ва уларга ечим топишда амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида фикр билдирдилар. Жумладан, Қирғизистондаги «Култор Голд Компании» корхонаси касаба уюшма ташкилоти раҳбари Калисбек ­Риспаев иш берувучи ва жамоат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик хусусида гапирди.
Тожикистон ва Туркманис­тон касаба уюшмаларининг вакиллари ҳам бир қатор инвесторлар томонидан бир неча давлатларда ўз корхоналари очилгани ва уларнинг асосий бошқаруви бошқа бир ўлкада бўлиши оқибатида меҳнатга муносиб шароит яратишда калаванинг учини топиш қийин бўлаётганини қайд этишди.
Минтақада соғлом меҳнат муҳитини шакллантириш, ҳамкорлик даражасини янада кучайтиришнинг қатор усуллари бор. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан билдирилган «Ҳаракатларни уйғунлаштириш мақсадида келажакда Марказий Осиё давлатлари ўртасида Минтақавий кенгаш платформаси принципига асосланиб ишлайдиган ташкилотга асос солиш керак», деган таклиф қатнашчиларга манзур бўлди.
Халқаро семинар иши якунида томонлар галдаги учрашувда минтақа учун янада долзарб масалаларни ўртага ташлашни келишиб олдилар.
– Анжуман иштирокчиларига қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг ноёб дурдоналари билан танишиш имкони ҳам яратилди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Барчанинг қалбида Самарқанд саёҳати унутилмас таассуротлар қолдиргани шубҳасиз.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар