ХАЛҚ ТАЪЛИМИ: ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ НИМА ДЕЙДИ?

40


Мамлакатимизда таълим тизимининг янги сифат босқичидаги ислоҳотлари ўзининг самарасини бермоқда. Таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва сифатини янада оширишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасалар, таълим масканларида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар, келгусидаги вазифалар журналист Холида Файзиеванинг Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Алишер Умаров билан суҳбатида ўз ифодасини топади.

Мазкур суҳбатнинг тўлиқ кўриниши билан қуйида танишинг.

“ТАЪЛИМ УМУМХАЛҚ

ҲАРАКАТИГА АЙЛАНИШИ КЕРАК”

Бугун мамлакатимиздаги 9691 умумтаълим мактабида олти миллионга яқин (5 821 минг 861 нафар) ўқувчи таҳсил оляпти. 445 минг нафар муаллим (131250 нафари эркак ўқитувчи) уларга таълим-тарбия бермоқда.

Кейинги икки йил ичида соҳада катта ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз раҳбарининг тизимни ислоҳ қилиш ва таълим сифатини янада оширишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, соҳа янги, сифат жиҳатидан юқори  босқичга қадам қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер УМАРОВ билан суҳбатимиз асосан  тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида бўлди.

– Алишер Юсубжонович, сўзни ислоҳотлардан бошласак. Жамиятда ўқитувчининг мавқеини ошириш, ўқувчининг ҳар томонлама чуқур билим олиши учун шарт-шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг доимий диққат марказида. 11 йиллик таълим тизимига ўтиш таълим сифатига қандай таъсир этди? Тизим шунга тайёрмиди? Таълим олувчи бундан нима ютади?

— Авваламбор, бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, давлатимизнинг нуфузи янада ошиши учун ғоят муҳим пойдевордир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ўқитувчининг мақомини оширишга қаратилаётгани бунда муҳим омил бўлаётир. Негаки, фарзандларимиз келажаги, камоли учун асосий масъул шахснинг жамиятдаги мавқеи муносиб даражага кўтарилмас экан, кўзланган мақсадга эришиш қийин. Шу боис соҳада кенг қамровли, тизимли иш бошланди. Кўплаб етакчи хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди, таҳлил қилинди. Шуниси аёнки, ҳар бир ривожланган мамлакат учун ёшлар таълим-тарбияси уларнинг бугун жаҳонда етакчи ўринларга эришишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб келган.

Юртимизда бир пайтлар ўқитувчилар сулоласи кўп бўлган ва бугунга келиб айни анъана жуда кам учраяпти. Чунки ўқитувчи ҳаётда ўзи кўзлаган мақсадга эриша олмагач, фарзандининг шу касбни танлашини истамаган. ЮНИСЕФ (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар Фонди) билан ҳамкорликда аввалроқ ижтимоий сўровлар ўтказганимизда мактаб ўқувчилари орасида бор-йўғи олти-етти фоизи ўқитувчиликни танлашини билдирган бўлса, бугун жадал давом этаётган ислоҳотлар самарасида, 2018 йил октябрда ўтказилган сўровда ёшларнинг 71 фоизи шу касбни танлашини айтяпти.  

Бугун жойларга чиққанимизда жуда кўп ота-оналардан Президентимизга раҳмат, 11 йиллик таълим тизимига ўтилгани бизга ҳар томонлама қулай бўлди, деган миннатдорчилик сўзларини эшитяпмиз. Эндиликда ўқувчи мактабни битиргач, ҳам бир йил вақтдан ютади, ҳам бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, ўзини синаб кўриш имкониятига эга бўлади. 9 йиллик таълим тизимида мактабларнинг вазифаси ўқувчини кейинги босқичга тайёрлаш эди. 11 йиллик тизимда эса ёш­ларни ҳаётга тайёрлаш вазифаси ҳам турибди. Ўқувчи мактабни битиргач, ўқишини давом эттирадими, ишлайдими, аниқ мақсадли, масъулиятни ҳис қиладиган, жамиятга ва оиласига фойда келтирадиган шахс бўла олиши лозим. Бунинг учун янги 11 йиллик давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди. Бу йил 11-синфни ушбу стандартлар асосида таълим олган илк 280  минг йигит-қизларимиз битиради.

Ўспиринлик йиллари касб-ҳунар коллежларида ҳар хил мактаблардан “йиғилган” ўқувчилар ўртасида турлича қарашлар, тўқнашувлар бўлиб ўтгани кўпчиликка маълум. Президентимизнинг ташаббуси билан, кўплаб ота-оналар, педагоглар, ёшлар, кенг жамоатчилик таклифларини ўрганган ҳолда, юртимизда 11 йиллик ўрта таълимнинг қайта тиклангани ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи кучайишида, улар тарбиясини тўғри шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Шунинг оқибатида ўспирин ўқувчи ёшларимиз орасида хуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди.

10-11-синф ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш масаласида муаммолар юзага келгани ҳам бор гап…

— Инглизлар айтгандек, ўтиш даврида, албатта, ягона олтин формулани топиб олиш қийин. 10-11-синфлар учун янги авлод дарсликлари қисқа муддатларда тайёрланиб, дарс жараёнларига татбиқ қилинди. Бир ўқув йили давомида фойдаланилганидан сўнг ўқитувчилар ва мутахассислар томонидан дарсликлардаги бир мунча хато-камчиликлар аниқланди. Хатолар муаллифларга ҳам, нашриётларга ҳам етказилди. Аввал вазирликка таълим тизими билан боғлиқ мавжуд камчиликлар ўқитувчилар, ота-оналар ёки жамоатчилик томонидан айтилса, унчалик эътиборга олинмаган. Айни пайтдаги янги жамоа эса, аксинча, танқидни тўғри қабул қиламиз, холис ва конструктив танқид бўлса, уни хуш кўрамиз. Чунки, тизимдаги камчиликлар тўғрисида қанча кўп билсак, уларга барҳам бериш шунча осон бўлади. Масалан, ўтган ҳафтада дарс­ликлардаги хатолар, изоҳлар, ўзгартиришлар бўйича танлов эълон қилдик. Танлов натижалари ўқув йилининг охирида маълум қилинади. Унда ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам — ҳамма қатнашиши мумкин. Энг муҳими, улар хато-камчилик топгани учун пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Бунақаси кам учрайди. Мана, кўплаб таклифлар кела бошлади. Буни қарангки, 1-синф ўқувчиси онаси билан бирга жавоб йўллабди. Демак, ўқувчиларимиз бошланғич синфдан ўз фикрига эга бўлиб, уни эмин-эркин изоҳлашдан чўчимаса, камчиликларни тўғрилашга билими ва қунти етса, бу — бизнинг ютуғимиз. Шу руҳда тарбия топган келажак авлод эртага адолат, ҳалоллик ва эркинлик бўлган жамиятда яшайди. Танловга келган яна бир хат билан танишдим. Бир профессоримиз 47 варақлик ишни жўнатибди. Унда ҳамма дарсликлардаги камчиликлар кўрсатилганидан таш­қари, яхши таклифлар ҳам берилган.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, таълимни ривожлантиришни ана шу тарзда умумхалқ ҳаракатига айлантириш лозим. Таълим сифатини ошириш, халқаро мезонларга рақобатбардош бўлишига эришиш учун айнан умумхалқ ҳаракати бўлиши керак. Мана шундай янгича ёндашувда ишлай бошлаганимиздан сўнг, вазирликка келадиган шикоятлар сони кескин камайди. Ўтган йилнинг июнида мазкур лавозимга тайинланганимда эртадан кечгача шикоят ва таклифларга жавоб бериш билан банд бўлардик. Соҳага доир янгиликлар, ўқитувчининг мавқеини ошириш борасида ўтказилаётган изчил ва самарали ислоҳотлар натижасида бундай шикоятларнинг барчасига ечим топилмоқда.

— Давлатимиз раҳбари ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз, деган эдилар. Бу жамиятимизда ўқитувчи нуфузини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалдаги бир кўринишидир. Таълим сифатини яхшилашнинг яна бир зарур шарти — касб эгалариининг билим даражасига боғлиқ. Бугун тизимда замон талабига жавоб берадиган юксак салоҳиятли  ўқитувчи кадрлар масаласи ҳақида нима дея оласиз?

— Етарли деб айтолмасак-да, лекин шундай ўқитувчилар борки, дарс­ни санъат даражасига етказиб ўта олади. Ўқувчилари — “яхши-ёмони” бирдай дарсга қатнашади ва унинг сабоғидан бажонидил баҳраманд бўлади. Минг афсуски, яратилаётган кенг ва замонавий шароитлардан унумли фойдалана олмаётган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Ҳозир асабини жиловлай олмаган бир ўқитувчи бирор ўқувчи билан ноўрин муомала қилса, зум ўтмай ундан бутун мамлакат огоҳ бўлади. Аслида, Президентимиз таъкидлаганларидек, таълим тизимидаги муаммолар бир-икки йилда тўпланган эмас. Бир пайт­лар нуфузли олий ўқув юртлари — талаб юқори бўлган соҳаларга ўқишга кира олмаган, ўзининг билимига ишонмаган ёшлар педагогика факультетларига ҳужжат топширган. Уларни тамомлаган бундай кадр мактабга бориб, маҳоратли ўқитувчи бўлиб ишлашига кафолат борми? Бир мунчаси олий маълумотли дипломга эга бўлиш учунгина ўқишга кирган ва мактабдаги ўқитувчилик ишига етиб бормаган.

Малака ошириш институтларининг аксариятида бир йилдан ортиқ вақт мобайнида олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари дарс бериб келган. Бу ўз ўрнида ўқитувчиларимизни мактабдаги методик муаммоларнинг ечимини топишга тайёрламаган. Масалан, ўзи бош­ланғич синф ўқувчиси билан ишламаган одам қандай қилиб ўқитувчига: “Болага ундай эмас, бундай қилиб дарс бериш керак” деб ўргата олади? Қисқаси, янгича ёндашув талаб этадиган ишларимиз ҳали кўп. Ўқитувчига методик тавсия берадиган шахс аслида ким, халқ таълими бўлимларидаги методбирлашмалар, методистлар эмасми? Яқинда Андижон шаҳрида республика методик хизмат раҳбарларини тўплаб, шу масалани кўриб чиқдик. “Охирги 5 йил ичида биринчи марта тўпландик, бизни унутиб қўйишган эди”, деган гаплар ҳам бўлди. Ҳозир методистлар ҳам анча фаол бўлиб қолишди. Вазирликка уларнинг кўплаб таклиф-мулоҳазалари келмоқда.     

Бундан ташқари, А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мактаб директорлари учун менежерлик қисқа курслари ташкил этилди. Бу курсда ўзим ҳам дарс беряпман ва амин бўляпманки, ўқитувчи, мактаб раҳбари эндиликда ишга аввалгидек хафсаласиз кайфиятда эмас, завқ билан ёндоша бошлади. Уларга ҳақиқий менежерликни пухта эгаллаган директорлар ишини намуна қилиб кўрсатдик.  Кейинги босқичларда “Энг яхши мактаб директори” танловини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бунинг учун тегишли мезонлар ишлаб чиқилади. Таъкидлашим жоиз, аввал фаолияти чекланган даражадаги Васийлик кенгашлари ўрнига Кузатув кенгашлари иш бошлади. Ушбу кенгаш низомига ҳар хил соҳа вакилларини киритиш кераклигини айтдик. Кенгаш таркибидаги фаол ота-оналар, мактаб битирувчилари, тадбиркорлар вакиллари эндиликда мактаб раҳбарини тайинлашда ҳам қатнашади. Яъни улар номзодни шу лавозимга ло­йиқми-йўқми аниқлаб, ўз фикрларини билдиради. Масалан, Тошкент шаҳрида, Фарғона вилоятида айнан шундай кенгашлар ташаббуси билан раҳбарлар тайинланди, баъзиларида ишдан олинди. 

Ўган йилларда Ўқитувчи мавқеининг пасайишига ўзингиз юқорида айтиб ўтганингиздек, аввало уларнинг ўзлари ҳам сабаб бўлмадимикин? Айримлари бошқа соҳаларга ўтиб кетди, бошқалари ўз устида ишламай қўйди. Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ва ўқувчилар ҳақида тарқалаётган баҳсли гап-сўзларни ҳам назарда тутсак…

— Аввало, бир рақамни айтиб ўтсам. Тизимда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар бошлангач, бошқа соҳаларга ўтиб кетган 13 минг 700 нафар эркак ўқитувчи мактабга қайт­ди. Ҳайдовчилик қилиб юрган биттасидан “Нега соҳага қайтгингиз келиб қолди, ўқитувчиларга имтиёзли кредит орқали бериладиган машина олмоқчимисиз?” деб сўрадим. Лекин унинг жавобидан қониқдим: “Маҳалламиздаги мендан кичик йигитни ҳамма “устоз” дейди, ҳурмат қилади. Менга аравангни ҳайда, дейишади. Касбни улуғлаган одам кам бўлмас экан”, деди. Дарҳақиқат, улуғларимиз айтгандек, касбни улуғлаган одам қадр топади.

Яқинда Японияда болани жисмоний жазолашни тақиқлаш бўйича қонун қабул қилинди. Бу — фарзандни меҳр билан тарбиялаш керак дегани. Психологлар уч ёшгача болага ўн марта, етти ёшгача етти марта, мактаб ёшида беш мартагача катталар унга бўлган меҳрини кунига намоён этиши кераклигини айтади. Мактабларимизда ва оилаларда болаларимизни меҳр билан ўстиришимиз ва таълим-тарбия беришимиз керак. 

Энди ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларга келсак, битта мисол келтираман. Яқинда ОАВларда мактаб-интернатларидаги ўқувчи қизлар номига айтилган хунук гапларни эшитгандирсиз. Шу гаплар ёлғон бўлиб чиқди. Шунга ўхшаш бир нечта ҳолатларни текшириб кўриб, шов-шувни хуш кўрадиган бир-икки блогер биттасига ўнта қўшиб, олиб чиқаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Жаҳондаги ўнлаб  мамлакатларда бўлиб, турлича таълим тизимларини кўрдим, тажрибаларини ўргандим ва бир ҳолга амин бўлдимки, муайян давлатнинг келажагига зиён етказмоқчи бўлган шахс­лар унинг таълим тизимини издан чиқариш ва у ердаги ҳақиқий аҳволга салбий тус беришга ҳаракат қилар экан. Бундан нафақат биз, педагоглар, балки барча ота-оналар, зиёлилар, тўғри хулоса чиқара олишимиз лозим.

Айни пайтда соҳа ходимларига берилган яна бир имкониятга тўхталмоқчиман. Бу йил истисно тариқасида Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат таълим инспекцияси билан келишган ҳолда, аввалгидек, ҳар беш йилда эмас, балки ўзи истаган ҳар бир ўқитувчига олий ва биринчи тоифалар учун навбатдан ташқари аттестациядан ўтишга рухсат берилди. Ўқитувчилар маоши оширилгач, олий тоифалиларнинг ойлиги икки баробар кўпайди. Яъни, 2017 йилда олий тоифали ўқитувчига 1,5 миллион сўм иш ҳақи тўланган бўлса, бу йил 2,25 миллион сўмга етди. Эътибор берсангиз, ўқитувчилар фақат катта маош учун эмас, ўз мавқеи ва билимини ошириш, мустаҳкамлашга ҳам ҳаракат қиляпти. Бу жуда зарур — келажак авлод таълим-тарбиясига масъул ўқитувчи ўз устида ишлашни ҳам билиши керак. Аттес­тация ана шу билимнинг даражасини аниқлайди. Шунинг учун беш йиллик муддат бугунги тезкор даврга тўғри келмайди. Олий ва биринчи тоифа учун аттестация ўтгач, иккинчи тоифали ўқитувчилардан мурожаатлар туша бошлади. Бу ўринда ҳам муаммо борлиги маълум бўлди. Шунинг учун иккинчи тоифа масаласини қайта кўриб чиқ­япмиз.

Фан олимпиадалари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида ҳам янгича ёндашувлар бўлмоқда. Хусусан, ўқитувчилар танловининг аввалги йиллардагидан ўнта фарқини кўрсатиб, сайтимизда эълон қилдик. Шулардан бири ўқитувчи “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали ўзини иш тажрибаларини оммалаштириши керак, яъни аввал уларни тўрт-беш нафар ҳакам баҳолаган бўлса, энди уларни жамоатчилик баҳолайди. Бундан ташқари, Республика касаба уюшмалари федерацияси билан келишилган ҳолда, ўтган йили биринчи ўрин ғолибларига аввалги имкониятларига қўшимча 10 миллион сўмдан мукофот пули берилди. Натижада танловнинг нуфузи ва довруғи ошди. Ўтган йили танловнинг биринчи босқичида 12 минг ўқитувчи қатнашган бўлса, бу йилги танловга шу кунгача 50 мингга яқин ўқитувчи қатнашиш истагини билдирди.

— Аслида, ўқитувчининг заҳматли меҳнати учун бу камроқ эмасми? Чунки танловда қатнашишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Ҳар кунлик ишидан ташқари қанча вақт, меҳнат, маблағ сарфлашига тўғри келади. Ҳолбуки, ўқувчиси беш-ўнта китоб ўқиб, танловдан автомобилга эга бўлиб чиқса-ю устоз шунинг тўртдан бирига муносиб кўрилса…

— Буям тўғри, насиб этса, ўша кунларга ҳам етамиз. Унгача бошқа жиддий муаммоларни ҳал қилиб олишимиз керак. Икки йил аввал ўрта таълим соҳаси учун давлат бюджетидан 9 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса, жорий йилда бу рақам 17,2 триллионга етганининг ўзи давлатимизнинг соҳа ходимларига, келажак авлодга ғамхўр­лигининг амалдаги ёрқин намунаси эмасми! Шундан 90 фоизи ўқитувчиларнинг маоши учун, қолгани мактабларни капитал таъмирлаш, янги таълим масканларини қуриш, жиҳозлаш каби бошқа харажатларга йўналтирилади. Аввало, мактабларда ўқитувчилар ва ўқувчилар учун шароитларни яхшилаб олсак, ўқитувчиларимизни бундан зиёдроқ рағбатлантиришга эришамиз. Айни пайтда чекка туманлардаги баъзи мактабларда иситиш тизимида муаммолар бор, тоза ичимлик суви ташиб келтирилади. Ҳалигача “буржуйка” печлардан фойдаланадиган мактаблар, мактаб-интернатлари бор. Улар сони минг­дан зиёд. Зеро, тоза ҳво, тоза сув инсон интеллектининг юксалиши учун устувор экани сир эмас.

Баъзи ҳудудларимизда ҳали-ҳамон мактаб филиаллари борки, улардаги шароитни ҳам яхши дейиш жуда қийин. Айни пайтда ушбу филиаллардаги муаммоларни уч йўл – узоқ бўлмаса, асосий мактабга қўшиш, филиални мактабга айлантириш ёки ўша ҳдуд ўқувчилари учун мактаб автобус қатновини ташкил этиш билан ҳал қилиш масалалари ҳокимликлар билан биргаликда кўриб чиқилмоқда. Сўнгги йилларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган мактабларда баъзи камчиликлар кўзга ташланмоқда. Масалан, ўтган йили Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги бир мактабда бошланғич синфлар учун янги бино қуришибди. Бинонинг поли силлиқ кафелдан қилинган. Остонаси бошланғич синф ўқувчилари учун анча баланд. Биласиз, бу ёшдаги болалар ўйинқароқ бўлади. Югуриб кираман деса, остонага қоқилиб кетади, сирғанчиқ кафелда тойилиб йиқилади. Ошхона юз метр, ҳожатхона юз эллик метр нарироқда, ўралмаган очиқ ҳудудда қурилган. Бу биноларнинг полига ҳам яна ўша сирғанчиқ кафел ётқизилган. Хуллас, қурилишга масъул бўлганларни чақиртириб, камчиликларини кўрсатиб бердик ва қисқа муддатларда тузатилишига эришдик. Худди шундай ҳолатларни бартараф этиш учун ҳам “Замонавий мактаб” давлат дастури лойиҳси ишлаб чиқлди. Ушбу дастур бўйича мактабларнинг қурилиши, жиҳзланиши, санитария қоидалари ва меъёрларига умуман ҳамма жиҳтларига эътибор берилади. Вазирлик қошида Инжиниринг компанияси ташкил этилди. Эндиликда замон талабларига, янги стандартларга жавоб берадиган ўқув биноларини қуришга киришилади.

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 февралда эълон қилинган “Президент мактаблари”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши ҳам муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Илк мактаблар қайси ҳудудларда очилиши кутиляпти? Ушбу турдаги таълим муассасаларида ўқиш истагидагиларга қандай талаблар қўйилади? Бошқа мактаблардан афзаллиги нимада?

— Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг 18 ноябрида Нукус шаҳрида ўтган учрашувда ҳар бир вилоятда “Президент мактаблари” ташкил этилишини айтган эдилар ва бундай таълим муассасаси учун юқори мезонлар белгилаб бердилар. Мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиёти учун бу жуда муҳим. Бунга эришиш учун  тезкор ва катта қадамлар ташлаш даркор. Номи зикр этилган қарорда ушбу муассасаларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Бунинг учун халқ­аро танлов асосида чет эллик ўқитувчилар жалб қилинади. “Президент мактаблари”га бошланғич синф битирувчилари орасидан мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра, ўқувчилар танлаб олинади. Йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида бундай мактабларнинг ҳар бирига 5-10-синфлар учун 144 нафардан ўқувчи қабул қилиниши назарда тутилган. Дарслар хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Бунда «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Тechnology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Аrt — санъат, Мathe­matics — математика) дастури жорий этилади. Қабул жараёнида шаффофликни таъминлаш учун Кембриж университети қошидаги тест маркази билан ҳамкорлик кўзда тутилган. Ушбу муассасаларда ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Жорий йилда даст­лабки мактаблар бир вақтнинг ўзида Тошкент, Нукус, Хива, Наманган шаҳарларида очилиши кўзда тутилган. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида шундай мактабларни ташкил этиш режалаштирилган. Ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади. Бундай мактабларни битирган ёшларимиз келажакда дунё рейтингида энг нуфузли деб тан олинган 50 та олий ўқув юртларидан бирини танлаб, ўқишини давом эттириши мумкин. Ушбу нуфузли олий даргоҳларни битирган ёшлар эса халқаро мезонларга жавоб берадиган ҳар томонлама салоҳиятли кадрлар бўлиб етишади. Улар жамиятимиз, Ватанимизни ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилади. Яна бир муҳим томони, “Президент мактаблари”даги энг яхши тажриба бошқа мактабларда ҳам қўлланилади.

— Албатта, ўқувчи мактабга қайтди. Айни пайтда касб-ҳунар коллежлари фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлди? Минглаб ўқувчиларга мўлжалланган коллеж бинолари бугун ҳувиллаб ётгани йўқми?

— Ҳозир коллежларда иккинчи ва учинчи босқич ўқувчилари ўқишяпти. Айрим ҳудудлардаги ота-оналардан “Мактабда 10, 11-синф ўқувчилари учун хоналар етишмаётган пайтда болаларимизни коллежлардаги бўш хоналарда ўқитишга рухсат этишса” ҳамда “бўшаган коллеж бинолари сиғимидан ортиқча ўқувчилари бор мактаблар фойдаланса”, деган таклифлар кўп бўлди. Бухоро вилояти ҳокими ўтган йили сентябрда шундай таклифлардан бирини қўллади. Бухоро шаҳрида бир ҳудудда юридик коллежи ва юридик лицейи жойлашган экан. Ана ўша коллежнинг бир биноси мактабга айлантирилди. Баъзи коллеж биноларида эса умумтаълим мактабларининг касбга ўргатадиган ўқув-ишлаб чиқариш комплекслари фаолият олиб боряпти.

— Алишер Юсубжонович, таълим масканлари каби газета-журналлар ҳам зиё  улашувчи манбалардан ҳисобланади. Хабарингиз бор, ўтган йил матбуот нашр­ларига обуна қилишда анча ўзгаришлар бўлди. “Мажбурий обуна”га чек қўйилди. Нашр­ларни буйруқ билан ўқитиб бўлмаслиги аён, албатта. Лекин газета-журналлар ҳам тарғибот-ташвиқот йўли билан хонадонларга, биринчи навбатда ҳар бир таълим даргоҳларига кириб бориши керак эмасми? Яшириб нима қиламиз, ҳозирги пайтда зиёли қатлам вакиллари бўлмиш – ўқитувчилар ҳам ўз хоҳиши билан обуна бўлиб, бирор нашрни ўқиши кам учрайдиган ҳол. Тизимда эса обуна ташкил қилган мактаб директорларию таълим тизими раҳбарларига, ҳатто жиддий чоралар кўрилди. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Сиз айтган масалаларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, обуна бўладими, театр томошасими ёки бирор фондга пул ўтказишми, бировнинг ойлигидан мажбурий тарзда ушлаб қолиб, рухсатсиз нимагадир сарфлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундай йўл тутган мактаб директорларига шунинг учун интизомий чоралар кўрилган. Қолаверса, бу давлатимиз раҳбарининг талаби — ҳуқуқий жамиятни ривожлантиришга мажбурлаш йўли билан эришиб бўлмайди. Очиқ айтиш керак, айрим нашрлар ҳамон боқимандалик кайфиятида юрибди. Кимдир уларнинг обуна масаласини буйруқбозлик билан ҳал қилиб бериб, ўргатиб қўйган. Мактаб ўқитувчиларининг розилигисиз, истаса-истамаса, нашрларга обуна учун ойлик иш ҳақидан ушлаб қолинган. Биз ҳамма соҳада бозор иқтисодиётига ўтиб бўлдик. Аммо ҳали маркетинг ишларини йўлга қўя олмаган нашрлар, ташкилотлар бор. Мана, айтайлик, сиз тайёрлаётган шу интервью қизиқарли чиқса, ҳамма топиб ўқийди. Керак бўлса, газетани излайди. Мажбурлашга, қўшимча тарғибот қилишга ҳожат қолмайди, тўғрими? Мен 20 йил чет элда ишладим, ҳар куни камида уч-тўртта газета сотиб олардим. Чунки улар менга керак эди. Уларда бир яхши тажриба бор — уйингизга кичкина қоғозча келади. Қайси нашрга обуна бўиш ниятингиз бўлса, тегишли белгини қўясиз. Тамом. ўша нашр ўз вақтида келиб туради. Биздаги аввалги замондан қолган эски тизим эса одамларнинг, обуначиларнинг асабига тегишдан бошқа ишга ярамайди. Азза-базза почтахонага бориб обуна бўлиб, яна ёзилган нашрини ўз вақтида ололмай юргандан кўра, кўпчилик зарур янгиликларни ижтимоий тармоқлар орқали ўқиб олишни афзал кўраётгани шундан. Лекин бу билан яхши нашрлардаги мазмун-моҳияти очилган ва батафсил маълумотлар ўрганилмасдан қолмоқда.

Мана, бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев хайрли ташаббусни илгари суриб, Бош вазирдан бошлаб ҳар бир раҳбарни ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилишга даъват этдилар. Натижада китоб совға қилиш анъанага айланди. Китобхонлик оммавий тус олиб бормоқда. Нашрлар ҳам замонга қараб янгича ёндашувни бошлаши, шу тарзда ўз ўқувчисини топиши керак, деб ўйлайман. Бошқа йўл йўқ!

— Энди, рухсатингиз билан, бевосита нашримизга оид савол билан мурожаат қилсам. Халқ таълими соҳасида ишлаётган катта бир раҳбар, қолаверса, зиёли инсон сифатида бизнинг “Ҳуррият” газетасини ҳам биласизми? Билсангиз, ўқиб турасизми?

— Ҳа, албатта, биламан. Бу газетанинг номи жуда чиройли ва мазмунли. Ҳурлик, эркинлик барқарор юртда яшаш — инсон учун улкан бахт. “Ҳуррият”ни оиламиз билан ўқиймиз. Аввало, зиёлиларимизнинг севимли ва ўқишли газетаси жамоасига, омад тилайман. Нашр номига муносиб бўлиб, эркин ва ўз ҳуқуқини таниган кадрларни тарбия­лашга фаол ҳисса қўшиб бораверади, деб умид қиламан…

“Hurriyat” мухбири

Холида ФАЙЗИЕВА

суҳбатлашди.

2019 йил 3 апрель, 3-сон

“Hurriyat” газетаси

Бошқа хабарлар