ЭРКАКЛАРНИНГ ИНТЕРНЕТДАГИ “МЎЪЖИЗАВИЙ” ДОРИЛАРИ… УЛАР ИШОНЧЛИМИ?

57
future, technology, business and people concept - close up of male hand with smartphone and hologram of graph


Тараққиёт жадаллашгани сайин инсон ҳаёти, яшаш тарзи ўзгармоқда. Жисмоний меҳнатнинг ўрнини ақлий меҳнат эгаллаб, инсоннинг барча жисмоний ҳаракатини техника бажаряпти.  Илгари эркаклар бирор манзилга от миниб ёки пиёда борган бўлсалар, бугун автомобилда узоғини яқин қилишаётир. Ҳаракатнинг камайиши эса айрим хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Эркаклар орасида урологик касалликларнинг келиб чиқиши, уни бартараф этиш юзасидан журналист Зафар Омонтурсуновнинг тиббиёт фанлари номзоди, доцент, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ва андрология кафедраси катта ўқитувчи Саидаҳрор Кариев билан суҳбати барчага бирдек қизиқарли бўлиши табиий.

Суҳбатнинг тўлиқ кўринишини қуйида ўқинг.  

Эркакларга маслаҳат:

ИНТЕРНЕТДАГИ ЯЛТИРОҚ РЕКЛАМАЛАРГА АЛДАНМАНГ!

Бугун замон мисли кўрилмаган даражада шитоб билан ривожланмоқда. Инсоннинг ҳаёти енгиллашгани, турмуш шароити қулайлашгани сари унда жисмоний меҳнат – ҳаракат камайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида турли хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Дунё экспертларининг хулосаларига кўра, бугунги кунда эркаклар орасида урологик хасталиклар кўпаяётган ва ёшараётгани кўзга ташланмоқда.

Бунинг ўзига хос сабаблари бор: кам ҳаракатлик, спиртли ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли, турли асабийлик, меъёрида овқатланмасликдир. Энг ёмони, эркаклар бу нозик масалани ким биландир ўртоқлашишни ёки шифокорга мурожаат қилишни ўзларига эп кўрмайдилар. Натижада  ўзбилармонлик билан даволанишга, турли синалмаган дориларни қабул қилишга ҳаракат қилишади.

Суҳбатдошимиз тиббиёт фанлари номзоди, доцент, ҳозирда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ва андрология кафедраси катта ўқитувчи Саидаҳрор Кариев урологик хасталиклар ва уларни келиб чиқиш сабаблари ҳақида шундай дейди:

– Чиндан ҳам кейинги йилларда урологик хасталиклар билан оғриган беморлар сони ортмоқда. Бизга мурожаат қилаётган беморларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилади. Улар орасида ёш йигитлар ҳам анчагина. Демак, урологик хасталиклар ёшаряпти. Айтиш жоизки, баъзи соғлом кишилар ҳам ўзларида арзимас ўзгариш сезса, дарров ваҳимага тушиб қолди. Бу – бугунги кунда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали реклама қилинаётган турли дори воситалари ва уларнинг кўпиртирилган имкониятлари ҳосиласидир. Шундай кишиларга руҳий томондан маслаҳатлар берилиб, тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Аслида жинсий камқувватликни кўплаб омиллар юзага келтиради. Уларни бирма-бир санаб ўтирмоқчи эмасман, аммо баъзи эркаклар руҳий сиқилиш, асаббузарлик ёки жуфтига кўнгилсизлик оқибатида пайдо бўладиган вақтинчалик ҳолатни жиддий хасталик билан адаштириб қўйишмоқда. Натижада, дорихоналардаги қувватни оширадиган турли дори воситаларига мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бу эса аслида соғлом бўлган кишининг келажакда тузатиб бўлмайдиган хасталик томон қадам ташлашига замин яратиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин шундай эркаклар ҳам борки, касалини то иситмаси ошкор қилмагунча беркитиб юришади. Фаолиятимда шундай ҳолатлар бўлган. Бир бемор йигит мурожаат этган. Текширишлар хасталик анча авж олиб, йиринглашгача борганини кўрсатди. Беморга шу пайтгача қаерда эдингиз десам, уйимда даволандим дейди. Маълум бўлишича, унга дори тавсия қилган “шифокор” оддий дорихона сотувчиси экан. Шарқона тарбия олган эркакларимиз, айнан шу масалада шифокор билан маслаҳатлашишни хушламайди. Бунинг ўрнига кимдандир эшитгани ёки рекламадаги ишончсиз дорилардан фойдаланишни афзал билишади.

Ота-боболаримиз бежизга оёғинг ва бошингни иссиқ тут дейишмайди. Биз юқорида таъкидлаган омиллар қаторида, эркак кишининг оёғидан зах ўтиши ёки боши шамоллаши ҳам жинсий заифликни келтириб чиқаради. Вақтида даволанмаслик, хасталикдан қолган асоратлар, кучли стресс, вақтида овқатланмаслик, ҳаркатсизлик эса унинг кучайишига олиб келади. Оқибатда бу хасталик бошланмасиданоқ, аксарият эркаклар ваҳимага тушиб қолишади ва дуч келган жойдан нажот излашади. Тўғри, бугун тиббиёт жуда ривожланган ва кўплаб хасталикларни даволашнинг имкони бор. Аммо аввало, бемор ўз вақтида дардини ва сабабини шифокорга айтиши даркор.

Ташқаридан қараганда, бугунги кунда жинсий камқувватликни даволовчи воситалар жуда кўпдек кўринади. Дорихоналарда айнан шу хасталикни даволашга мўлжаллаб сотилаётган дориларнинг санаб саноғига етолмайсиз. Интернетга кирсангизку, ана шундай дориларнинг юзлаб кўринишидан бошингиз айланади. Яна уларни синаб кўрган “мижоз”ларнинг оғзини кўпиртириб, уларнинг “мўъжизавий” хусусиятларини ёзиб қолдирган “пост” ларни айтмайсизми? Аммо бу дориларнинг инсон организмига салбий таъсири ҳақида лом-мим дейилмайди.

Ҳозирда фисфодэстераза ингибиторлари гуруҳидаги дорилар кўпроқ реклама қилинмоқда. Бу гуруҳга мансуб дори воситалари силденафил, тадалафил ва варденафил. Эректил дисцияни (ЭД) даволовчи дори воситалари деб ҳисобланади. Европа урологлар ассоцацияси йўриқномасидапастки пешоб йўллари хасталиклари симтомларини даволашда тавсия қилинади. Эътибор беринг, симптомлари, яъни белгилари дейилмоқда, хасталикнинг ўзини эмас. Қолаверса, ўша белгиларни даволашда ҳам асосий эмас, биринчи қатор дори воситалари сифатида қайд қилинган. Шунингдек, бу дори воситалари узоқ муддат фойдаланилгандагина нафи тегиши мумкин. Бу дорилар қувуқнинг бўйин қисмида қон айланиш жараёнини яхшилашга хизмат қилади.

Аммо бу гуруҳ дориларни шифокор тавсиясиз қабул қилиш мутлақо мумкин эмас. Чунки, руҳият ўзгарганда, асаб жойида эмаслигида истеъмол қилинса, акс таъсир кўрсатиши мумкин. Мабодо дори воситаси миқдоридан кўп қабул қилинса, кучли эрекция туфайли приятизм вужудга келиши ҳеч гап эмас. Бу эса жуда салбий оқибатларга олиб келади. Бизнинг шошилинч урологияда бу каби воқеалар учраб туради. Натижада аъзодаги қон чиқариб юборилади, дори-дармонлар ёрдамида эрекцияни асл ҳолига кайтарилади. Аммо шундай ҳол содир бўлганда 100 нафар бемордан 25-30 тасида кейинчалик кучли ўзгариш содир бўлгани боис, чандиқлар ҳосил бўлади. Салбий томони эса вақт ўтиши билан эрекция умуман йўқолиши мумкин.

Шу мавзуда реклама қилинаётган дориларнинг яна бир гуруҳи бу – қўшилиш жараёнини узайтиришга хизмат қилувчи воситалардир. Бундай дорилар асосан икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳ – сезувчанликни камайтирадиган суриладиган перепаратлар, иккинчи гуруҳи таблетка кўринишида. Таблеткалар нерв толалалари орқали узатиладиган сигналларни камайтиришга мўлжалланган. Бунда нерв рецепторларининг сезувчанлиги камайтирилади, яъни марказий ва переферик нерв тизимига таъсир кўрсатилади. Бу шубҳасиз, сунъий равишда амалга оширилгани боис, ҳар хил психоген ва невроген асоратларни вужудга келтиради. Маҳаллий дорилар бўлса, асосан суртма воситалардир. Бунда икки томонлама аництизия бўлганлиги сабаб фақат терига жароҳат етиши мумкин.

Эркакларнинг жинсий қувватини ошириш учун яна бир гуруҳ дори воситалари мавжуд. Яъни, тестастрон дори воситалари таблетка ва инекция сифатида ҳам қўлланилади. Аммо булар тиббий жиҳатдан организмга фақат зарар келтиради. Сабаби, инсон организми ўзи табиий равишда тестастрон моддасини ишлаб чиқади. Аммо бу модда сунъий равишда таблетка ёки инекция кўринишида организмга жўнатиб турилса, табиий жараён бузилиб, инсон танаси табиий тестастрон ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бу ўз навбатида уруғ ишлаб чиқарадиган ҳужайраларга таъсир қилади ва бепуштликни юзага келтириши мумкин. Ёмони – бу хасталикни даволаш жуда қийин кечади. Тестестрон перепаратларини қабул қилишнинг яна бир салбий томони – вақт ўтиши билан эрекция бутунлай йўқолади.

Аслида, эркак ҳам, аёл ҳам бекаму кўст яратилган. Эркаклар ўртасидаги турли урологик хасталиклар, айниқса, жинсий камқувватлик учраётганига келсак, бунинг барчаси ўз хатти-ҳаракатимиз ва яшаш тарзимиз ҳосиласидир. Шундай экан, келинг рекламаларга учмасдан, ваҳимага берилмасдан мулоҳаза билан иш тутайлик. Сурункали камқувватликни сезяпсизми, бунинг учун дорихонага эмас, тажрибали мутахассисга мурожаат қилсангиз мақсадга мувофиқ бўлади.

   Зафар ОМОНТУРСУНОВ,

 “Oila va jamiyat” мухбири

2019 йил 10 апрел , 14-сон

“Oila va jamiyat” газетаси

Бошқа хабарлар