ҲЕЧ КИМ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯДАН ЧЕТДА ЭМАС!

94

Қўшним
Акром ака анчадан бери хорижда ишлайди. Оиланинг моддий таъминоти ва коммунал тўловлар
унинг зиммасида. Бир қарашда Акром аканинг барча ишлари жойидадек…. Аммо 5
ёки 10 йилдан сўнг унинг аҳволи нима кечади? Аниқроғи Акром ака сингари
юртдошларимизга хотиржам кексалик кафолатланганми?

Мамлакатимизда аҳолини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоялаш
тизими тобора такомиллашмоқда. Хусусан, нафақа тайинлаш ва бериш соҳасидаги
ишлар эътирофга лойиқ. Аҳолининг қонунда белгиланган ёшга етган барча қатламларини
нафақа билан таъминлаш — уларни муносиб кексалик билан таъминлаш деганидир.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ўтказган матбуот анжуманида мазкур
масалага атрофлича тўхталди. Аҳолини қизиқтирган пенсия жамғармасига
тўланадиган суғурта, уни тўлашда фуқароларга қандай эркинликлар яратилгани ҳақдаги
саволларга жавоб берилди.

Пенсиянинг нафақадан нима фарқи бор?

Кўпчилик пенсия ва нафақани бир-бирига муқобил сўз
деб билади. Аслида эса бу икки сўз алоҳида-алоҳида ҳолатни англатади. Пенсия фуқаро
амалга оширган ижтимоий тўловлардан келиб чиқиб тўланадиган маблағ ҳисобланса,
ижтимоий нафақа аҳолининг кекса қатлами ёки пенсия учун етарли иш стажига эга
бўлмаган фуқароларга давлат томонидан аниқ ва қатъий миқдорда тўланадиган ёрдам
пулидир.

7,5 баробар камайган суғурта бадали

– Маълумотларга кўра, 14 миллион нафардан зиёд фуқаро
иқтисодий фаол. Аммо шулардан бор-йўғи 5 миллиони пенсия жамғармасига ижтимоий
бадал тўлаган. Орада 9 миллион тафовут бор. Қайсидир соҳада банд бўлган шунча
одамлар пенсия жамғармасига ҳисса қўшмаяпти ва табиийки, уларга кексайганда
пенсия тайинланмайди. Мана шу долзарб муаммони ҳал қилиш, аҳолига енгиллик туғдириш
мақсадида пенсияга оид кўплаб янги қарорлар қабул қилинди. Энди давлат ишида
банд бўлмаган, ижтимоий бадал тўламаган фуқарода ҳам пенсия ёшига етганида
моддий таъминланиш ҳуқуқи пайдо бўлди, – дейди
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон
Давронов.
– Бу ҳуқуқни 2018 йил 5 июлда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг
46-қарорига биноан 3839-сонли Президент қарори қонунийлаштирди. 2 миллион
нафардан ортиқ фуқароларимиз чет давлатларда ишлайди. Улар илгари пенсия учун
энг кам ойлик иш ҳақининг 12 баравари миқдорида ихтиёрий тўлов қилишлари мумкин
эди. Бироқ тўлов ставкаси юқори бўлгани учун бу янгилик оммалашмади.

Президентнингш янги қарорида эса ставкалар кескин
пасайтирилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробарига туширилди. Мазкур йиллик
тўлов билан фуқаро бир йиллик иш стажига эга бўлади. Яъни, олдин 2 миллиондан
ортиқроқ маблағ тўланган бўлса, энди 912 минг сўм тўланади. Бу аҳолининг барча қатламига
енгиллик ва қулайлик туғдиради.

Самарали СМС

Бу қарор яратган имкониятдан шу кунга қадар 3 мингдан
нафардан зиёд фуқаро фойдаланган. 2018 йилда бу кўрсаткич 1500 нафарни ташкил қилган
эди. Самарадорликни ошириш мақсадида фуқароларга республика пенсия жамғармаси қўлланмалар
ва эслатмалар СМС тарзида жўнатилди. Унда пенсия жамғармасига аъзо бўлиш,
тўловларни амалга ошириш механизмлари тушунтирилган. Натижада қизиқувчилар ва
тўловни амалга оширувчилар сони кескин кўпайди.

Тўлаш учун келиш шартми?

– Кўпчиликда “бадални чет элда ишлаб туриб ҳам тўлаш
мумкинми?” деган саволи туғилмоқда. Қарорга мувофиқ суғурта бадалини амалга
ошириш жуда қулайлаштирилган. Чет элда ишлаётган фуқароларнинг оила аъзолари
ёки ишончли вакили суғурта бадалини тўлаши мумкин. Бунинг учун яшаш жойидаги ҳудудий
давлат солиқ инспекциясига хориждаги фуқаронинг паспорти билан келиш кифоя.

Энди шахсий томорқадаги ишга ҳам пенсия берилади

6 миллион нафарга яқин аҳолининг тирикчилиги томорқаси
туфайли ўтади. Мана шундай тоифадагилар учун ўтган йили апрель ойида “Фермер,
деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор чиқди. 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон
хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқасида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол
ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар энг кам
ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида йиллик суғурта бадали тўласа, ўша йил
меҳнат стажига киритиладиган бўлди.

Тартибга кўра, фуқаро биринчи навбатда ўзи яшаб
турган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинидан нима иш билан бандлиги тўғрисида
маълумотнома олиши керак. Сўнг паспорти ва СТИР (бўлмаса СТИРсиз) нусхалари
билан ҳудудий давлат солиқ инспекцияларига мурожаат этиб, тўловларни амалга
оширади.

Хорижда ёки шахсий томорқада ишлайдиган кишилар,
уларнинг оила аъзолари, тадбиркорларга ёлланиб ишловчи фуқароларимизга кўплаб қулайликлар
яратилмоқда. Пенсия жамғармаси ва Солиқ қўмитаси ўртасида ўрнатилган электрон
алоқа шулардан биридир. Бундан буён пенсия ёшига етган фуқаро Пенсия жамғармасига
бир қанча қоғоз кўтариб келиши шарт эмас. Эндиликда ҳар қандай солиқ тўловлари
электрон шаклда амалга оширилади ва ҳужжатлар инсон учун хизмат қилади.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
“Ishonch” мухбири

Бошқа хабарлар