ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА КАДРЛАР МАСАЛАСИ ҚАНДАЙ?

34


Мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири – аграр соҳани барқарор ривожлантириш халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимиз аграр соҳаси тармоқлари учун вазирлик тизимидаги олий таълим муассасаларида замон талабларига жавоб бера оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳанинг асосий вазифаларидан бири саналади.

 Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманининг асосий мақсади бу борада амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди. Унда иш берувчи вазирлик ва идоралар вакиллари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, магистр ва докторантлар иштирок этди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасига Тошкент давлат аграр университети ва унинг Андижон, Нукус ва Термиз филиалларида мутахассис кадрлар тайёрланмоқда.

Ушбу муассасалар хорижнинг 50 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишган. 8 та хорижий университет билан қўшма таълим дастурлари ташкил этилиб, икки томонлама тан олинадиган дипломлар бериш тартиби жорий этилган.

Тошкент давлат аграр университетида Германиянинг Вальштефан амалий фанлар университети билан қўшма таълим йўналиши ташкил этилганини эътироф этиш жоиз. Унда аграр менежмент мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Мазкур йўналишнинг ўзига хослиги шундаки, ўқув дастурлари, режалари ҳамда дарс жараёнлари Германия услуби ва немис тилида олиб борилади. Талабалар Германияда амалиёт ўтаб келганидан сўнг бизда мавжуд бўлган муаммоларни ҳамкорликда ечиш имкониятига эга бўлишади.

Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар сифатини ҳам юқори даражага кўтариш лозим. Бу хусусда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида мутахассислар эмас, балки улар жамоаси ишлаши аҳамиятлидир. Стандартлаштириш, логистика, қайта ишлаш, сақлаш, экспорт йўналишларидаги мутахассисларнинг соҳавий малакалари юқори бўлиши билан бирга, улар инновацион технологиялардан талаб даражасида фойдалана билиши талаб этилади. Хорижий университетлар билан йўлга қўйилган қўшма таълим дастурлари ана шундай ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлайди. 

Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,

“Ishonch”  мухбири

Бошқа хабарлар