ТАДБИР ТОПГАННИ ТАДБИРКОР ДЕЙДИЛАР

75

Тахиатошлик Аҳмад Ҳасанов 2010 йили “Замирбек-Тахиатош”
хусусий корхонасига асос солиб, ишни қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан
бошлаган. Тадбиркор аста-секин фаолиятни кенгайтира борди. Брусчатка, муайян фурсат
ўтиб, шлакоблок ва шпатлёвка ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

2014 йил “Ўзсаноатқурилиш банк”дан 3 йил муддатга олинган
200 млн. сўмлик кредит маблағи ишбилармон йигитнинг тадбиркорлик фаолиятини
ривожлантиришда қўл келди. Икки қаватли савдо дўконида реконструкция ишлари
бажарилиб, аҳолига қурилиш моллари, уй жиҳозлари, озиқ-овқат ҳамда маиший
техникалари савдоси йўлга қўйилди.

Буюртмачиларга автохизмат кўрсатишни амалга ошириш
ниятида 2014 йили 1 млрд. 295 млн. сўм лизинг кредити эвазига 2 та автокран ва
1 та экскаватор харид қилинди. Хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан
бугун мўмайгина фойда олинмоқда. Хитой давлати технологияси асосида барпо
этилган пенопласт ишлаб чиқарадиган цех бугунги кунда Қорақалпоғистон ва
Хоразмда ягона корхона ҳисобланади.

Муҳими, хусусий корхонада меҳнат қилаётган ходимлар
сони йил сайин кўпаймоқда. Улар сафида ёшларнинг ҳам борлиги қувонарлидир.

– Жамоамизда фаолият юритаётган ҳар бир одамга ёрдам
беришни ўзига дастур қилиб олган раҳбаримиздан ҳамма мамнун, – дейди корхона
ишчиси Роза Юлдашева. – Байрамлар арафасида уйма-уй юриб, кам таъминланган оилаларни,
ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бор одамларга совға-салом улашади.

Тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган 4 нафар йигит-қизнинг
5 миллиондан 20 миллион сўмгача бадал пулларини олий ўқув юртлари ҳисоб рақамига
ўтказиб бергани ҳам эътирофга лойиқ.

Тахиатошлик
тадбиркор Аҳмад Ҳасановнинг мақсад ва режалари бисёр. У ишлаб чиқаришни
кенгайтириш ва янги хизмат кўрсатиш турларини жорий этиш орқали яна ўнлаб янги
иш жойларини ташкил этмоқчи.

Ортиқбой
МАМУТОВ,          

“Ishonch”            

Бошқа хабарлар