«Етти пир»сиз зиёрат туризми ёхуд сайёҳларга қандай хизмат кўрсатиш керак?

20

Мамлакатимизда туризм соҳаси, хусусан, зиёрат туризмини равнақ топтиришда турли тадбирлар ва фестивалларнинг аҳамияти катта. Айтиш жоизки, мана шундай тадбирлар соҳа салоҳияти учун кўзгу бўлади, хориж инвестицияларини кенг жалб этиш, дунёнинг нуфузли туристик компания ва фирмалари билан маҳаллий тадбиркорларнинг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйишга рағбат уйғотади.

Жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари Бухоро шаҳрида 34 давлатнинг 120 дан ортиқ вакили иштирокида ўтган I Халқаро зиёрат туризми форуми ҳам шундай мақсадни кўзлаган эди.
Бу мақсадларга қай даражада эришилиши эса, табиийки, кейинги жараёнларга, саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Ҳозир мутасаддиларимиз сарфлаган куч, вақт, сарф-харажатлар келажакда ўзини оқлайдими – шу масала хусусида фикр юритсак.
Албатта, бундай анжуманни ташкиллаштириш, унга кўплаб чет эллик нуфузли шахсларни жалб қилишнинг ўзини энг муҳим ютуқ дейишимиз мумкин. Аммо тадбир меҳмонларнинг шаҳарлараро ва шаҳар ичида транспортлардан фойдаланиши, маънавий ва маиший эҳтиёжларини қондиришини таъминлаш, шунинг­дек, улардан бир қанчасининг ўн-ўн беш дақиқа маъруза ўқишидан иборат бўлиб қолмадимикан, деган фикр ҳам йўқ эмас.
Кези келганда, форум мобайнида ташкилий масалаларда айрим кемтикликлар кўзга ташланганини ҳам айтиш лозим. Саудия Арабистонидаги «Ал-Фариз» сайёҳлик компанияси бошқаруви раиси Абдуллоҳ Ҳусейн Алфрайҳининг айтишича, сафар дастури жуда тиғиз тузилган: эрта тонгданоқ поездга ўтириб, ошиқиб Бухорога келиш, бир куннинг ўзида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасига, сўнг кўҳна шаҳарнинг асосий обидаларига саё­ҳат, ундан кейин эса форумда қатнашиш ва ҳоказолар.
Воҳада зиёрат туризмининг бош негизи бўлиши кутилаётган «Етти пир» силсиласидаги олти қадамжони эса меҳмонлар кўришгани йўқ. Табиийки, бу ҳолатда чет эллик инвесторлар, cайёҳлик фирмалари вакиллари қадимий гўшада мавжуд улкан салоҳият юзасидан тўла-тўкис маълумот олди, деб бўлмайди.
Яна бир мисол. Туркия Диний ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Осман Тирашчи форумда сўз олиб, «Шундай совуққа қарамай, тадбирда қатнашаётганингиз учун барчангизга раҳмат!» деди. Бу гапдан, аслида, халқаро тадбир ўтган Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказининг катта зали яхши иситилмаганини анг­лаш мумкин.
Албатта, иш бор жойда камчиликлар ҳам бўлади. Аммо кейинчалик хорижлик зиёратчиларга хизмат кўрсатишда ана шундай нуқсонлар кузатилмаслигига ким кафолат беради?!
Баён этилган ҳолатлардан тегишлича хулосалар чиқариш лозим. Ўнгласа бўладиган, фақат озгина эътибор талаб этиладиган жузъий камчиликларга йўл қўймаслик ҳам қарз, ҳам фарз. Негаки, айнан арзимас хатолар соҳа ривожига салбий таъсир қилиши мумкин. Зиёрат туризми борасида дунё тажрибасини чуқур ўрганиб, самарали татбиқ этиш муваффақият гарови саналади. Бу борада Миср ижтимоий мувофиқлик, оила ва ногиронлар палатаси раи­­си Абдулҳади ал-Қасаби, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Сингапурдаги «Crescent Rating» компания­сининг бош менежери Фазал Бахардин, ЖАРнинг Ҳалол сертификлаштириш органи (SANHA) раҳбари Мавлоно Навлаҳи ва бошқалар билдирган ­фикр-мулоҳазалар яхшигина сабоқ бўлди.
Хорижлик мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун жаҳон туризмида Испания, Франция, Италия, Германия сингари Европа давлатлари етакчи эканининг бои­­си уларда ҳатто бир кичик деталга ҳам алоҳида диққат қаратилиши билан боғлиқ. Бу жиҳат реклама ва тарғиботнинг куч-имкониятларини ҳам қамраб олади. Шундай экан, юртимиздаги қадамжоларнинг туристик хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни, дейлик, арабзабон мамлакатлар орасида кенг ёйилишини истасак, рек­лама тадбирларини инглиз тилида эмас, балки араб тилида ўтказган мақсадга мувофиқдир. Чунки инглизчани ҳамма ҳам тушунавермайди.
Шуни қайд этиш жоизки, хорижлик меҳмонларнинг юртимиз ва юртдошларимизга ҳурматлари баланд.
– 2017 йилда Бухорода «Ипак ва зираворлар» халқаро фестивалида қатнаш­гандим, – дейди Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчисининг маданий ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челиби. – Ўшанда ипак маҳсулотлари сотиладиган бир дўконга билмасдан икки-уч марта кирганимда сотувчи аёл «Боя биздан нарса харид қилдингиз-ку, қўшни дўконларни ҳам кўздан кечиринг» деганди. Мана ҳақиқий тантилик, олижаноблик. Ўйлайманки, шундай фазилатлари учун ҳам халқингиз эҳтиромга лойиқ.
Умуман, шу каби кўпдан-кўп омиллар диёримизга келувчи чет эллик сайёҳлар, зиёратчиларнинг кўпайишига хизмат қилади. Биз ана шуларни унутмаслигимиз лозим.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар