“КЕЛАСИ ЙИЛИ ЛИМОНЛАРИМ ҲОСИЛГА КИРАДИ”

13

Деҳқоннинг ризқи ер билан кучига боғлиқ деганларидек, бугунги кунда томорқа хўжаликларидан фойда олиб оиласига ҳам, бозорларимизга ҳам барака киритаётганлар сони ортиб бормоқда. Улар бир томондан сабзавотлардан мўл ҳосил олса, бошқа томондан иссиқхоналаридаги мевалари билан эл дастурхонига тўкин-сочинлик улашяпти. Аммо томорқасини ўт босиб, ернинг умрини беҳуда ўтказаётган юртдошларимиз ҳам бор. Журналист Сайфулла Икромовнинг мақоласида айрим юртдошларимизга кўрсатилаётган ёрдам туфайли томорқа хўжаликларини қайта тиклаш имкониятлари берилгани ҳақида фикр билдирилади.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.   

 

ТОМОРҚА: ҚАРАСАНГ БОҒ, ҚАРАМАСАНГ ДОҒ

Президентимиз вилоятларга ташриф буюрганида томорқалардан унумли фойдаланиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, экспортбоп экинлар экишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини бот-бот таъкидлаяпти. Дарҳақиқат, деҳқончилик ҳадисини олган, томорқа ишини тўғри йўлга қўйган оилалар бугунги кунда фаровон турмуш кечиришяпти.

Қашқадарёда ҳам томорқасидан унумли фойдаланаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Томорқасини гуллатиб қўйган хонадон соҳиблари яхшигина  даромад топиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш баробарида бозорларимизнинг тўкин-сочин бўлишига  ҳисса қўшмоқда. Хусусан, банк кредитлари эвазига ташкил этилган иссиқхоналарнинг ишга туширилиши натижасида бозорларда цитрус мевалар ва сабзавот маҳсулотларининг нархи йил сайин арзонлашиб бормоқда.

Шавкат Зарипов Китоб туманидаги Халқлар дўстлиги маҳалласида яшайди. 12 сотих томорқаси бор. 7,5 сотих майдонга экилган лимон, 4,5 сотихда етиштирилаётган помидор ва бодрингдан йилига 50 миллион сўм соф фойда оляпти. Шу маҳаллада яшовчи Инобат Ёқубова ҳам икки йилдирки, ер билан тиллашиб, рўзғорига барака киритяпти. Бир йилда 2 сотих жойни эгаллаган иссиқхонасида етиштирилган лимондан 7,5 миллион сўм соф фойда олди ва иссиқхонасини яна 2 сотихга кенгайтирди. 4 сотих майдонда эса саримсоқ пиёз ва картошка,   2 сотихида  турли кўкатлар парваришлаяпти. Хуллас, 10 сотихли томорқада бир қарич ҳам бўш жойни учратмайсиз.

Шаҳрисабз шаҳридаги Говишмон кўчасида яшовчи Фозил Бердиев эса 3 сотихли иссиқхонадаги 30 туп лимондан мўл ҳосил олиб, оиласи маъмурлигини таъминлаяпти.

Шу ўринда қайд этиш зарурки, “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойи­ҳаси тобора кенг миқёс касб этяпти. Партия вилоят Кенгаши таркибида 1 030 та бошланғич партия ташкилоти бўлиб, улар 5 150 та оилага бириктирилган. Ҳозирги кунга қадар қуйи бўғин етакчилари партия фаоллари ва депутатлар билан биргаликда 1,5 мингдан ортиқ хонадонга кириб, одамларнинг турмуш шароити, томорқадан фойдаланиш ҳолатини синчиклаб ўргандилар.     

– Илгари қишлоғимизда ерга муносабат ўзгача эди, – дейди Косон туманининг Дарча қиш­лоғида яшовчи Ҳамдам Хушатов. – Ҳамқиш­лоқларимиз оқар сув умуман йўқлиги боис фақат чорва моллари боқиш билан машғул эдилар. Томорқаларга лалмикор ғалла, беда, мош ва нўхат экилиб, йилига бир марта ҳосил олинарди. O‘zLiDeP Косон туман Кенгаши ходимлари қишлоғимизга келиб, томорқадан унумли фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш, банклардан молиявий кўмак олиш, янги технологиялар келтиришда амалий ёрдам беришларини айтишди. Мен партия фаоллари кўмагида банкдан кредит олиб, 2 сотих майдонда иссиқхона барпо этдим. Чорва молларимдан бир нечтасини сотиб, ўз ҳисобимдан артезиан қудуғи қаздирдим. Келаси йили лимонларим ҳосилга киради. Аммо мен унинг пишишини кутиб турганим йўқ. Орасига помидор ва бодринг экиб, яхшигина даромад қилдим ва ушбу маблағ ҳисобига иссиқхонамни яна 2 сотихга кенгайтирдим. Ишбилармон оилалар томорқадан олаётган даромади эвазига уй-жой қуриб, тўй қилиб, замонавий автомобиллар минаётганини кўрган ҳамқишлоқларимиз ернинг битмас-туганмас хазина эканлигини тушуниб етдилар. Ўн нафар қишлоқдошимиз томчилатиб суғоришга мўлжалланган гидропоник иссиқхона қуриш учун банкдан кредит олиш ҳаракатида юрибди.

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ва бошланғич ташкилотлар  томонидан давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилиб, воҳада томорқа хўжалигини юритишнинг ўзига хос томонлари, сувли ва лалми майдонларда етиштиришга мўлжалланган экин турлари, табиий иссиқхоналар, сувсизликка чидамли мевали дарахтлар, лалмикор узумчиликни кўпайтириш борасида одамларга йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериляпти. Томорқасига ишлов беришга имкони йўқ оилаларга БПТ етакчилари ва фаоллари ёрдамга келишяпти. Чунончи, Қарши шаҳрининг Худойзот кўчаси 36-уйда яшовчи Муҳайё Шарипова хонадонидаги 2 сотих ерга ишлов берилиб, экин экилди. Сафдошларимиз Чироқчи туманининг Наймансарой қишлоғида яшовчи Ойбиби Жумағулова хонадонида бўлганларида, томорқа ери ағдарилмасдан турганлигига гувоҳ бўлишди. Тезгина ерга ишлов берилиб, пиёз, сабзи ва гул уруғлари сепилди. Равот қишлоғида яшовчи Шоира Бердиқулованинг оиласи 6 кишидан иборат. Аммо улар томорқага мутлақо қарашмас экан. Партия фаоллари бу хонадонга уруғ ва бошқа ашёларни келтиришди, плёнка остига тарвуз ва бодринг экилишига ёрдам қилишди. Касби тумани Қоратепа қишлоғида яшовчи Олтибой Полвонов партиямиз кўмаги билан 6 сотихли томорқасида сабзавот ва кўкатлар етиштиришни бошлади, оила аъзоларини иш билан таъминлади. Шаҳрисабз шаҳридаги Яшил диёр маҳалласида яшовчи Дилшод Бобомуродовнинг 4 сотих томорқаси бўм-бўш ётган экан. “Оқсарой текстиль” хусусий корхонасидаги қуйи тузилма аъзолари ерларни ағдариб, помидор ва бодринг экиш учун тайёрлаб кетишди. Косон туманидаги Гулбоғ қишлоғида яшовчи Шавкат Рўзмонов бир пайт­лар иссиқхона ташкил этган, аммо кейинчалик қаровсиз ҳолатга келиб қолган. БПТ фаоллари депутатлар ҳомийлигида иссиқхонани таъмирлаб беришди. Бодринг, помидор ва гул кўчатлари экилди. Лойқасойда яшовчи Раҳмон Нормуродовнинг ерларига экин экилиб, 5 сотих майдондаги бодомлар таги юмшатилди.  Китоб туманининг Бирлик маҳалласида истиқомат қилувчи Гулзода Искандаровага туман Кенгашидаги БПТ ва депутат Ғулом Узоқов кўмакка келди. Айни пайтда оила соҳибасининг қўли-қўлига тегмайди. Иссиқхонасида ўндан ортиқ кўкатлар етиштириб, бозорга чиқармоқда. Дилобар Шерназарова эса 8 миллион сўм эвазига иссиқхона қуриб, гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйди. Эндиликда яна 5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, лимон кўчатлари экишни мўлжаллаб турибди. Янги Миришкор маҳалласидаги яшовчи Дилшод Қораев ҳам 2 сотих иссиқхонадаги лимондан яхши ҳосил олмоқда. Бу йил иссиқхонани яна 2 сотихга кенгайтириб, турли сабзавотлар етиштиряпти.

– Қуйи бўғин фаоллари ва депутатлар билан воҳамизнинг қишлоқ ва маҳаллаларида бўлганимизда оилада ишчи кучи етарли бўлса-да, томорқасини ёввойи ўтлар босиб ётган кўплаб хонадонлар борлигига гувоҳ бўлдик, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши БПТлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Алибек Раҳматов.  – Ризқ-барака томорқада эканлигини  айримлар англаб етаётгани йўқ. Биз баъзи томорқаларга экин экиб беряпмиз. Хонадон соҳиблари эса томошабин бўлиб туришибди. Ернинг умрини беҳуда ўтказаётган бундай лоқайд кимсалардан томорқа ерлари қайтариб олиниб,  серғайрат, омилкор кишиларга берилиши керак. Томорқа эгаларидан маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан “еримга экин экаман”  мазмунида тилхатлар олиниши бу йўналишда бажарилиши зарур ишлар ҳали кўплигини англатади. Лоқайд кимсаларни эзгу ташаббуслар сари йўллай олишимиз зарур. Лойиҳа доирасида мингдан ортиқ хонадон кўздан кечирилиб, 500 та оиланинг томорқасига экин экиб берилди, 260 тасига эса мевали дарахт кўчатлари ва уруғлар туҳфа қилинди. 6 та оилага иссиқхона қуриш, 2 тасига чорвачиликни йўлга қўйиш, 7 тасига паррандачилик учун банклардан кредит олишга кўмаклашилди. Биз бу ишларимизни давом эттириб, вилоятдаги ҳар бир хонадонга кириб, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида аниқ ва мақсадли таклифлар беришни режалаштирганмиз.

Сафдошимизнинг сўзларига шуни қўшимча қилиш керакки, мулоқотларда томорқа ерларини суғориш учун сув етишмаётган туманлардаги хонадон соҳибларига лалмикор экинлар экиш маслаҳат берилмоқда.  Масалан, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам лалмикор ерлардан бир марта мош, нўхат, зиғир, ғалла ҳосили олиш мумкин. Туманларда бўлиб ўтаётган тадбирларда табиий иссиқхоналар қуриш бўйича тавсиялар бериляпти. Бундай иссиқхонани ташкил этиш учун ер икки метр чуқурликда ковланиб, усти қамиш ва икки қават плёнка билан ёпилади. Қиш ойларида ҳам бу иссиқхоналарда ҳарорат етарлича бўлади. Табиий газ ва электр қуввати талаб этилмайди. Ҳозирда юзлаб хонадонларда ана шундай  иссиқхоналар бор. Уларда нафақат цитрус мевалар, балки сабзавот экинлари, кўкатлар ва гуллар етиштириляпти.

Хулоса сифатида шуни айтишни истардикки, гарчи тилга олинган партиявий лойиҳа реал натижалар бераётган, одамларга муайян наф келтираётган бўлса-да, хотиржамликка берилиш учун асос йўқ. Амалиёт лойиҳани янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш лозимлигини кўрсатяпти. Президентимиз ўз чиқишларида бу йўналишда бажарилиши зарур ишлар ҳали жуда кўплигини, умуман олиб қаралганда, томорқалардан фойдаланиш бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини таъкидламоқда. Демак, лойиҳа доирасидаги ишлар бундан кейин ҳам партия диққат марказида бўлади.     


Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

2019 йил 11 апрель, 14-сон

XXI asrгазетаси

Бошқа хабарлар