ЎЗГА ТИЛГА ЭЪТИБОР

22

ўз она тилини камситиш ҳисобидан бўлмаслиги лозим

«Ishonch» газетасининг шу йил 14 мартдаги сонида Ўрол Содиқнинг «Халқ таълими вазирига очиқ хат»ини так­рор ва такрор ўқидим. Бу борада ўзимнинг ҳам кўпдан буён йиғилиб қолган фикрларим бор эди.

Ўтган аср саксонинчи йилларида собиқ Совет иттифоқи ҳудудида руслаштириш сиёсати авжига чиққан эди. Барча расмий ҳужжатлар рус тилида юритиларди. Ҳатто мажлисларни ҳам рус тилида ўтказиш одатга айлана бошлади. Бу бир қатор кичик миллатларга фожиа келтирди. Табиийки, бизнинг она тилимиз ҳам, тарихимиз ҳам бу сиёсатдан жиддий зиён кўрди.
Хайриятки, мустақилликка эришдик. Ўзбек тилининг давлат тили мақомига эга бўлиши Бош қомусимизнинг 4-моддасига муҳрлаб ­қўйилди.
Аммо ўзимизни англаш жараёни чўзилиб кетганиданми, она тилимизга ҳурмат ва эътиборимиз сус­тлигиданми, тилимизга ёт сўзлар тобора кўпроқ кириб бормоқда.
Бу қандай гапки, мамлакатимиздаги энг нуфузли таълим масканида дарслар она тилимизда ўқитилмаса… Бу, биринчидан, «Давлат тили ҳақида»ги қонунга хилоф эмасми?
Иккинчидан, иқтидори ва истеъдоди кучли ёшларни тарбия­лашдан мақсад уларнинг Ватан тараққиётига хизматини кучайтириш эмасми? Ахир, ўз она тили, ўз халқининг тарихини чуқур билмайдиган, унга нисбатан ҳурмат ва эътиборли бўлмаган одамнинг қалбида ватанпарварлик туйғуси нечоғлидир? Ҳар ҳолда, бошқа тилларни ўрганиш она тилимизга зиён етказиш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Ҳа, бугун инглиз тилининг жаҳонда мавқеи баланд, эртага унинг ўрнини хитой ёки бош­­қа тил эгаллаши мумкин. Демак, кейин хитой тилини ўрганишга зўр берамизми? Нега биз ўз она тилимиз обрў-эътиборини ошириш ўрнига уни камситишимиз керак?!

Раҳим МАҚСУДОВ,
журналист
Қизилтепа тумани

Бошқа хабарлар