Қай тилда фикрласангиз, шу миллатга мойилсиз

154

ёхуд она тилининг инсон маънавияти ва миллат маданиятига таъсири хусусида

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Фейсбук»даги саҳифасида Президент мактабларига қабул жараёни, бунда инглиз тилининг аҳамияти ҳақида фикр билдирганига бир ойдан ошди. Аммо кўтарилган мавзу долзарб, вазирнинг ёндашуви эса бироз мунозарали бўлгани учун ҳамон муҳокама-ю баҳслар давом этмоқда…
Ана шундай муносабатларнинг бири сифатида 2019 йил 14 мартда «Ishonch» газетасида (34-сон) чоп этилган Ўрол Содиқнинг «Халқ таълими вазирига очиқ хат»и ва унга Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматининг жавоби менда ҳам айрим мулоҳазаларни уйғотди.

Халқ таълими вазири тўғри таъкидлаганидек, ҳозир жамиятда хорижий тилларни, ахборот технологияларини билган кадрларга талаб ва эҳтиёж катта. Бу ўз-ўзидан «карьера қиламан, яхши маошли ишда ишлайман» деган ҳар қандай одамни тил ўрганишга, замонавий технологияларни пухта эгаллаш чораларини кўришга мажбур қилади. Буни ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам англаб етди. Аммо шу жараёнда, каминада бироз андиша уйғотган бир масала ўртага чиқади: биз хорижий тилларга, айниқса, инглиз тилига ҳаддан зиёд ружу қўймаяпмизми?
Мен ҳам она сифатида фарзандларимнинг бир неча тилни билиши тарафдориман ва бунга зарур шароит яратиб беришга ҳаракат қиламан. Лекин фарзандларимизга таълимнинг бошқа тилда ўргатилишига эътирозларим бор. Негаки…
Биринчидан, ўз ватанимизда нега ўзга тилда таълим беришимиз керак? Азбаройи инглиз тили дунёнинг катта қисмида яшовчи халқлар учун алоқа воситаси сифатида хизмат қилгани учунми?
Иккинчидан, таълимнинг бош­­қа тилларда берилиши, хоҳлаймизми-йўқми, ёшларда она тилимизга бўлган нотўғри муносабатни ­шакллантиради. Боиси, инсон қайси тилда таълим олса, шу тилда ­фикрлайди, ўша тилга мансуб бўлган миллат маънавиятидан озиқланади. Сабоқлар тўлиқлигича инг­лиз тилида ўтиладиган (боз устига, хорижлик устозлар қўл остида) мактаб­ларда халқимиз эртаклари, афсона-ю асотирларимиз, адабиётимиз ва кўҳна тарихимиз бор бўй-басти, оҳори билан ўргатилишини мен тасаввур қила олмайман.
Қолаверса, инглиз тили биринчи ўринга кўтарилган бу мактабларда она тилимиз иккинчи даражалилигича қолаверади. Бир неча тилда бир хил фикрлайдиган ва ёзадиган даражага эришиш эса ноёб ҳодиса.
Иш юзасидан кўп мутахассислар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Минг афсуски, уларнинг баъзилари турли илмий унвон ва даражаларга эга бўлса-да, ўз қарашларини рус тилида ёзиб келади ёки фикрини шу тилда баён этади. Сабабини изоҳлаш шарт бўлмаса керак.
Олдимизда шундай аянчли мисол турганда ҳам нега фарзандларимизга таълимни она тилида бериш, айни вақтда хорижий тилларни чуқур ўргатиш ҳақида қайғурмаймиз? Ўтмишдан сабоқ чиқармаймиз?
Ўзга тилда таълим олганларнинг аксариятига ўша тил тегишли бўлган миллатнинг менталитети, руҳи, маънавияти сингади. Ўша халққа, унинг қадриятларига хайрихоҳлик кайфияти пайдо бўлади. Аслида, бу ёмон эмас. Аммо бу ўз миллатимиз, маънавиятимиздан узилиб қолиш, йироқлашиш эвазига амалга оширилмаслиги керак-да!
Яқин ўтмишдаги руслаштириш сиёсати оқибатида она тилимизга эътибор сусайиб кетгани, ҳатто ўз тилимизда сўзлашишга ор қиладиган даражага тушиб қолганимиз наҳот унутилди?
Айни ҳолат инерцияси туфайли она тилимизнинг ­қадрини ва қаддини ҳамон етарли даражада тиклаб ололмаётирмиз. Гарчи «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганидан бери қарийб 30 йил ўтган бўлса-да!
«Инглизтилипарастлик» бундан баттар оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида қачон ўйлаб кўрамиз!?
Филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев «Ўзбек тили яшаб қоладими?» мақоласида «ўзбек тили ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 миллион нафардан ортиқ сўзлашувчиси борлиги»ни таъкидлаб, «унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани», натижада «эҳтиётталаб тиллар» қаторига тушиб қолганидан куйинади.
Тўғри-да, ўз юртимизда ўзга тилда таълим беришни афзал билсак, буни замон талаби, дея изоҳласак, соҳани яхши билган мутахассисдан кўра, чет тилни билган ходимни афзал кўрсак, расмий ҳужжатлар-у қонунлардан тортиб оддий хатни ҳам ўзга тилда ёзиб, сўнг она тилимизга таржима қилсак, ўзбек тили гуллаб-яшнайдими?! Аксинча, вазият шу тарзда давом этаверса, она тилимиз «хавфга чалинган» ёки худо кўрсатмасин, «ўлаётган тиллар» қаторига тушиб қолмайдими?! Бунинг учун кейин ким жавоб беради? Тил, маънавият сингари нозик масалаларда адашишга, ўтмишдаги хатоларни такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ!
Яқинда бир матбуот анжуманида вазир «инглиз тилисиз ­дунёга чиқиб бўлмас»лиги, «Инг­лиз тилини ўрганинг дегани — она тилини ўқиманг дегани эмас»лигини таъкидлади. Албатта, Беҳбудий айтганидек, бир тил билган — бир киши, икки тил билган — икки киши. Лекин хорижий тил, вазир қўшимча қилганидек, зинҳор «фарзандларимиз ўсиб-униши, бир четда қолиб кетмаслиги»нинг кафолати эмас! Таълимни ўзга тилда олиш ўз оиласини қўшнининг иродаси билан яхши кўришдай гап.
Биз шусиз ҳам миллий ғурур нуқтаи назаридан бир неча авлодни йўқотиб бўлдик. Қилган хатоларини «ўзбекчилик-да энди» деб миллий мансублигига тўнкайдиганлар кўпайиб кетди. Ўзбек тилини яхши билмайдиган, билмаслигидан уялмайдиган (!), оддий матндан тортиб исм-шарифигача хато ёзадиган ўқувчиларга, талабаларга, ­масъул ишларда ишлаётган кадрларга эга бўлдик. Мамлакат ҳаётига доир янгиликларни узатадиган оммабоп сайтлар имло хатоларга тўла материалларни чоп этмоқда. Буларнинг барчаси ўша хатоларимизнинг инъикоси эмасми?
Истаган вилоятнинг истаган тумани, энг чекка ҳудудига боринг, Сизни «Open» деб ёзилган дўконлар, «Чайхана продаётся» қабилидаги эълонлар кутиб олади. Сабабини сўрасангиз, йўлда ўтиб кетиши мумкин бўлган сайёҳ тушуниши учун ёки бошқа тил эгалари хафа бўлмаслиги учун дейди. Қизиқ, Англия ё АҚШда ўтиб бораётган ўзбек тушуниши учун «Очиқ» деб ёзилган дўконлар сони неч­та экан? Дунёнинг қай бурчида, бизни хафа бўлмасин деб, «Кафе сотилмоқда» шаклида эълон берилди? Ёки давлат хизматлари учун тўлдириладиган қоғозлар, гувоҳномалар, давлат хизматлари негадир тилида тақдим этилади. Нега?! Давлат тили ўзбек тили эмасми ёки? Бу муаммоларнинг илдизи фақат она тилимизнинг обрўси етарли даражада эмаслигидан-ку?!
Агар хорижий тилсиз фарзанд­ларимиз ўсиб-унмайди, бир четда қолиб кетади, деб ҳисобласак, аҳвол ҳозиргидан баттар бўлиши, ўз давлат тилида саводсиз миллат шаклланиши аниқ. Хорижий тилга давлат тилини маҳв этиш даражасида эътибор қаратилиши миллий ғурурни йўқотишга олиб келади.
Юртимизнинг турли ҳудудларида янги авлод кадрларини тайёрловчи Президент мактаблари ташкил этилаётгани қувонарли ҳол. Ўйлайманки, бундай мактаб битирувчилари мамлакатимиз ривожини таъминлашга ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини кўтаришга муносиб ҳисса қўшади. Давлатимиз раҳбарининг «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва ­қарашларни шакллантириш» бундай мактабларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бу вазифани тўлиқ амалга ошириш учун, бизнингча, ўқувчилар она тилида таълим олиши, бошқа хорижий тиллар эса чуқур ўргатилиши керак. Миллат боласига ватанпарварлик, миллий ғурур ўз она тили орқали сингдирилсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Чунки инсоннинг ўзи фикрлайдиган тилга нисбатан ҳурмати баланд, шу тилдаги қадриятларга мойиллиги юқори бўлади.
Яна бир гап. Ўрол Содиқнинг очиқ хатда билдирган эътирозларига Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати берган жавоблар ўз ночорлиги билан савол устига савол туғдиради. Жавобдаги

«олий мақсадларни кўзлаб, инг­лиз тилини ўрганишга чорлаш ўз она тилига беэътибор бўлиш ёки ватанпарварликка қарши бориш деб баҳоланиши нотўғри. Барчамизга маълумки, мамлакатимизда дунёга машҳур кўплаб алломалар яшаб ўтган. Президент мактаблари ҳам келгусида шундай алломаларни етиштириб чиқарадиган масканга айланиши кўзда тутилган».

Ушбу матндаги биринчи гап билан кейинги гаплар ўртасида қандай мантиқий боғлиқлик бор? Улар, аксинча, бир-бирига қарама-қарши маъно бермоқда.
Ёки «дунёда фан-технология соҳасидаги янгиликларнинг 90 фоиздан ортиғи инглиз тилида чоп этилиши» таълимни инглиз тилида ўргатиш ёки унга устуворлик беришни тақозо этмайди. Она тилида таълим олиб, уни мукаммал биладиган, инглиз ёки халқаро аҳамиятга эга бўлган бошқа тилларни ҳам пухта эгаллаган одам янгилик­лардан бебаҳра қолиб кетадими? Фан-техника асрида янгиликларнинг аввал рус тилига, кейин ўзбек тилига таржима қилинишини ким кутиб ўтиради?
Жавоб хатида яна шундай жумлалар келтирилган:

«Инглиз тили дунё бўйлаб кенг тарқалган ва тобора тарқалиб бораётган тил ҳисобланади. Жаҳондаги халқаро илмий анжуманлар ҳам инглиз тилида олиб борилади. Барча ривожланган давлатлар мактаби, лицейи, коллежи ҳамда олий таълим даргоҳида инглиз тили ўқитилади».

Жавоб шу инглиз тилининг «кенг тарқалгани» ва «тобора тарқалиб бораётгани» ҳам, анжуманларнинг шу тилда ўтказилиши ҳам миллий тилни писанд қилмасликка баҳонаи сабаб бўлолмайди.
Барча ривожланган мамлакатларда инглиз тили ўқитилиши табиий ҳол. Чунки ўша давлатларнинг кўпчилигида инглиз тили давлат тили. Қолганларида эса, матнда кўрсатилганидек, «инглиз тили ўқитилади», таълим инглиз тилида берилмайди!!! Ватанни ривож­лантириш, фарзандларимизни баркамол қилиб вояга етказиш асло хорижий тилга боғлиқ эмас. Жажжи шахматчи ака-ука Синдоровлар инглиз тилисиз ­дунёга танилди, ўзини эътироф эттирди. Муножот Йўлчиева жаҳон саҳналарида ўзбек тилида қўшиқ айтиб юракларни жунбушга келтирмоқда. олти асрдирки, Алишер Навоий дунёни ўзбек тилида мафтун қилмоқда. Ўзбек тилини махсус ўрганиб, Навоий асарларини тадқиқ этаётган тадқиқотчиларни айтмайсизми?! Ўзбек тилида ўрганиш шарт бўлган, тадқиқ қилишга арзийдиган юзлаб нусха нодир қўлёзмалар, бетакрор асарлар ­навбатини кутиб, токчаларда чанг босиб ётибди.
Шуларни ўрганиш ҳам Ватанни севиш, Ватанга хизмат қилиш, уни ривожлантириш йўлидаги асосий қадам, аслида. Хорижий тилдан хабардорлик, бу илм дегани эмас.
Таълим соҳасининг улуғ устози Абдулла Авлоний бир аср олдин «Ҳар бир миллатнинг миллат эканлигини кўрсатадурғон оинаи жаҳони унинг тили ва адабиётидир. Тилни йўқотмак, миллатни йўқотмак демакдир. Тил яшаса, миллат яшар» деган эди. Бугун ҳам, эртага ҳам, бу пурмаъно сўзлар ўз аҳамиятини йўқотмайди. Биз шуни англаб етсак бўлди…

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,

филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар