САЙИЛДАН САРХУШ ЎЛКАМ…

65

…Бахши термасини айтаверди, атрофида одам
кўпайиб кетаверди.Оқ соқолли боболар, оқ рўймолли момолар. Қалпоқ кийган
эркаклар, дўппили келинчаклар, фариштамисол момолар, ойбалдоғи олтинлар,
белбовли бўз болалар, Барчиндек қиз болалар, хорижлик меҳмонлар, юзлари иссиқ
мезбонлар. Барчаси Сурхонга мафтун бўлиб, термадан мамнун бўлиб тинглайди
достон.

            Алпомишга ҳавас қип, Унингдек мард бўлай деб. Ният қилган
кўп бунда, ким камзул, кимдир тўнда. Дўмбирадан куч олиб, ҳар кимдир бунда ғолиб.
Корейс опа Ингёнг О, туркманлик Кервен оғо. Яна турк Заки Эрдал, Авжидадир
фестиваль… Таърифлашга сўздир кам, сайилдан сархуш ўлкам.

            Термизга одамлар оқиб келаверди, бахшилар илҳом олаверди.
Қозоқ жиров Талгатбой, сўзга чечан Санъатбой. Барига таҳсин дедим, сўзим
мухтасар қилдим…

Халқаро фестивални
дунёнинг кўпгина давлатларидан келган оммавий ахборот воситалари вакиллари,
таниқли блогерлар ўз матбуотида кенг ёритиб боришмоқда. Биз германиялик блогер
Биркл Герхард Гунтер билан қисқача суҳбатлашдик.

— 2011 йилда юртингизга сайёҳ сифатида келиб,
Ўзбекистонга мафтун бўлиб қолдим, — деди у. — Шундан сўнг германияликларга ҳам
жаннатмонанд Ўзбекистон ҳақида кенгроқ, батафсилроқ маълумот бериш,
юртдошларимни бу сеҳрли диёр билан яқиндан таништириш истаги туғилди. Тезда
ишга киришдим. Маълумот ва ахборот йиғиш учун йилда уч-тўрт бор Ватанингизга
келиб кетдим. Охир-оқибат, uzbekistan-online.de порталига асос солдим. Бундан
ташқари, flickv.com/ uzbekistan-news/sets каналини ишга туширдим.

            Ўзбекистонда шундай муҳит борки, бу ерга бир марта келган
кишини оҳанрабодек ўзига тортаверади. Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига бир
неча бор борганман. Термиздаги биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали чоғида
Ўзбекистонни ўзим учун яна бир бор кашф қилдим. Ҳар бир вилоят санъаткорлари ва
ҳунармандлари ташкил этган павильонлар ўзига хос ва такрорланмас. Қолаверса,
Археологик музейга, турли ёдгорлик мажмуаларига бориб, энг қадимий
экспонатларни кўрдик. Тарихи уч минг йиллик Сурхон замини ҳақида жуда
ахборотлар йиғдим.

            — Жиззахдаги “Ойпари” фольклор-этнографик халқ ансамбли
аъзосиман,—деди фестиваль иштирокчиси Ҳасан Мўминов.—Санъат байрамига “Ойпари”,
“Чов-чов”, “Ҳовли тўйи”, “Қулоқ чўзма” ва бошқа дилбар лапар ҳамда термалар
тайёрлаб келганмиз.

— Асли касбим авточилангар, — деди Тошкент шаҳридан
келган уста Андрей Чянов. — Фанер тахталаридан қўғирчоқлар учун турли
бешикчалар, кроватчалари, ҳар хил сувенирлар ясайман. Устачилик менга “хобби”.
Уч йилдан буён шу йўналишда ўрганиб, ижод қилиб келяпман. Ясаган нарсаларим
фестиваль меҳмонларида қизиқиш уйғотганидан хурсандман. Шунинг учун бу
анжуманни инсонларни ижодга ундовчи гўзал ва кутилган тадбир, деб таърифлаган
бўлардим.

— Ўзим ЮНЕСКОнинг номоддий меросини ўрганувчи
ICHCAP ташкилоти профессориман, — деди кореялик Ингёнг О хоним. — Халқаро
фестиваль ва илмий-амалий конференция чоғида ўзимнинг режаларим ҳақида маъруза қилдим.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан ўзаро ҳамкорлик
ҳақида келишиб олдик. Ўзбек ва корейс ҳалқларининг афсонавий қаҳрамонлари  Алпомиш ва Жу Монгнинг баҳодирлиги, мардлиги,
ватанпарварлик сифатларини муқояса қилиб, илмий иш олиб бормоқдаман…

Акмал АБДИЕВ

Ishonch.uz

Бошқа хабарлар